samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Бўйдоқлар

Чоп этиш

Ўтган қизга гап отар,

Саволлар турна қатор,

Нигоҳи дилни тортар,

Зукко, қувноқ бўйдоқлар,

Ёрга муштоқ бўйдоқлар.

 

Орзулари ойдайин,

Ғайрат жўшқин сойдайин,

Шижоати тойдайин,

Қалби чироқ бўйдоқлар,

Чекар фироқ бўйдоқлар.

 

Маст булбулдай сайрайди,

Сўзга тилин қайрайди,

Қиз жилмайса яйрайди,

Қалби қайноқ бўйдоқлар,

Меҳри булоқ бўйдоқлар.

Кўз қарашни қўймайди,

Гўзалликка тўймайди,

Тунд қизларни суймайди,

Ундан йироқ бўйдоқлар,

Кўзи маёқ бўйдоқлар.

 

Хаёл суриб тонг отар,

Ишқ юракни уйғотар,

Қиз танлаб қуёш ботар,

Тили қармоқ бўйдоқлар,

Дили чироқ бўйдоқлар.

 

Ёр топилса муносиб,

Уйланиш бўлар насиб,

Елкага "хуржун" осиб,

Қўлда оёқ бўйдоқлар,

Юрмас саёқ бўйдоқлар.

Муаллиф: Жўшқин ДОВУР

7.04.2018 104 26 Адабиёт
окна фотограф html php памятники знакомства