samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Буюк истеъдод соҳиби

Чоп этиш

Йиғлаб туриб кулдириш, кулиб туриб йиғлатиш санъаткор учун шундай бир синовки, уни эплаган киши ўзини ҳақиқий истеъдод соҳиблари қаторига қўшиши мумкин.

Кўз олдингизга дафъатан кино ёки театр актёри келган бўлса керак. Йўқ, биз санъатнинг бошқа турини назарда тутмоқдамиз: сўз санъаткори — ёзувчи, шоирларга ҳам шундай талабни қўя оламиз ва улар истеъдодини шу мезон асосида ўлчай оламиз. Сўз сеҳргари, нафақат ўзбек, балки бутун Марказий Осиё халқлари романчилик мактабининг асосчиси Абдулла Қодирий ана шундай буюк ва серқирра истеъдод соҳиби эди.

Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Одил Ёқубов "Ўткан кунлар" романининг илк мутолааси таассуротлари ҳақида шундай ёзган эди: "... китобни қўлтиғимга урдиму эшикка отилдим. Ўша кеча мижжа қоқмадим. Тонг пайти охирги саҳифани ўқиб бўлдим. Китобни ёпиб боққа чиқдим... Мен юзимни шабадага тутиб узоқ айланаман. Кўз ёшларимни артмай, ҳўнг-ҳўнг йиғлайман...

Ўша маҳалгача ҳеч бир китоб мени шу қадар ларзага солмаганди. Гўё, Отабек менинг ўз акам, Кумуш эса ўз келинойимдай  уларнинг тақдирига ич-ичимдан куюнаман, изтироб чекаман". Чунки Кумушнинг ўлимини тасвирлаш чоғида Абдулла Қодирийнинг ўзи ҳам йиғлаган экан. Шунинг учун бўлса керакки, романнинг айнан шу лавҳасини ҳар қандай "бағритош" китобхон ҳам бефарқ, эти жимирламасдан, кўзига ёш қалқимасдан ўқий олмайди... 

У адабиётнинг жиддий жанрлари бўлмиш роману қисса, ҳикояю очерк яратиш­да қанчалик маҳорат эгаси бўлган бўлса, сатира ва юмор, яъни ҳажв бобидаям шунчалик иқтидор соҳиби эканлигини намоён этган улкан адибдир. "Ўткан кунлар", "Меҳробдан чаён" каби ўта жиддий романлар муаллифининг республика сатира ва юмор журнали — "Муштум"га асос солиб, Думбул, Жулқунбой, Норин, Норин Шилпиқ, Калвак Маҳзум каби тахаллуслар билан ичакузди ҳажвиялар ёзганига ишонгинг келмайди. Жиддий йирик асарлар ортидан ҳажвий асарлар яратиш, кейинчалик ижодий анъанага айланиб, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Саид  Аҳмад, Ўткир Ҳошимов каби яна кўплаб наср усталари томонидан давом эттирилди.

Абдулла Қодирий шахси ва ижодининг яна бир ибратли томони шунда эдики, у замонасининг дунёвий билимлари билан бирга диний илмни ҳам чуқур ўрганган, рус-тузем мактабидан тортиб мадрасагача таҳсил кўрган, юксак маърифатли ёзувчи эди. "Ўткан кунлар"нинг бошланишида ёзувчи томонидан сўзбоши берилган ва ундаги бир жумлани кўпчилигимиз бот-бот такрорлаймиз, айниқса, ўтмиш ҳақида гап кетганда... "Мозийга қайтиб иш кўрмоқлик хайрлик, дейдилар..."  Аслида бу иборанинг мазмуни Қуръони каримда келтирилган. Муҳаммад алайҳиссалом исломнинг дастлабки даврларида устма-уст қи­йинчиликларга дуч кел­ганида тоқатсизлана бошлайди. Шунда у зотга Аллоҳ таолодан ваҳий келиб, ўзидан олдин ўтган пайғамбарлар тарихи — Нуҳ, Лут, Иброҳим, Юсуф, Юнус, Аюб, Мусо, Исо кабиларнинг қиссасини баён этадики, сендан олдингилар қийинчиликларга мана шундай сабр этган эдилар, сен ҳам сабр эт, деган мазмун мужассам эди бунда. Шунинг учун ҳам Қодирийнинг ўтмиш воқеа-ҳодисаларига мурожаат қилиб ундан хулоса чиқариш  ибратли ва хайрли ишдир, деган хулосага келиши бежиз эмас ва бу айни Қуръоннинг таъсирида эди. Шу боис, "Ўткан кунлар"нинг мавзусини "яқин ўтган кунлар" — Чор Россияси истибдодининг бошланиш давридан танлади ва севимли қаҳрамони Отабек каби Абдулла Қодирий ўз жонини эл-юрт озодлиги, ҳурлиги йўлида фидо қилди ҳамда шу йўлда қурбон бўлди.

Абдулла Қодирий "Меҳробдан чаён" романида ҳам мавзуни мозийдан танлайди. Романда Қўқоннинг охирги "хон замонлари" тасвирланади. Романнинг бош қаҳрамонлари Анвар ва Раъно бўлсалар-да, унинг марказида тарихий шахс — Худоёрхон образи туради. Шу туфайли асар "Меҳробдан чаён" деб номланади. Меҳроб — масжиддаги муқаддас жой, чаён эса зарарли, заҳарли жонзот. Хонлик саройи элга хизмат қилиш мумкин бўлган, эл назари қадалган муқаддас жой. Бироқ унда Худоёрхон каби шахсларнинг бўлиши мамлакатни заволга юз туттириб, мустамлакага айлантирди, деган мазмунда муқаддас жойдан чиққан чаёнга ўхшатади. Қодирийнинг Худоёрхон шахсига нисбатан салбий муносабати Анварнинг дор остидаги нутқида яққол намоён бўлади. Анварнинг Худоёрхон устидан қозонган маънавий ғалабаси ёзувчининг бош ғоясини ойдинлаштиришда муҳим аҳамиятга эга.

Абдулла Қодирий романда Худоёрхон бутун ҳаётини батафсил тасвирлаб ўтирмайди. Бироқ маърифатпарвар, тарихчи Исҳоқхон Ибрат ўзининг "Тарихи Фарғона" номли асарида хоннинг кейинги қисмати ҳақида шундай маълумот берадики, унда келтирилишича, хон Чор Россиясига таслим бўлгач бор-будидан — мол-мулкидан айрилади. Сарсон-саргардонликда ҳаж қилиш, Яратганнинг даргоҳида тазарру қилиш илинжида Каъба сари йўл олади. У Макка яқинидаги шаҳарлардан бирида хорлик ва зорликда, оғир дардга гирифтор бўлиб, кўп азоблар тортиб жон таслим қилади. Қодирийнинг буюклиги шундаки, адиб сиёсий арбоб — Худоёрхон фожиаси миллат тақдиридаги таназзул сабаби эканлигини биргина жумла: романнинг номидаёқ очиб бера олганлигидир.

Муаллиф: Шамсиддин ҒАФФОРОВ

14.04.2018 212 28 Адабиёт
окна фотограф html php памятники знакомства