samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Бунёдкорлик ишлари бардавом

Чоп этиш

Кейинги йилларда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳаларда изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Истиқлолимизнинг Буюк Меъмори Ислом Каримов тамал тошини қўйган яратувчилик ишлари бугун самарали давом эттирилаётганини таъкидлаш жоиз.

Хусусан, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқини тинглаб, порлоқ келажак яратиш йўлидаги бунёдкорликка йўғрилган ишлар бардавом бўлиши, Ватанимиз тараққиёти йўлида барча зарур куч ва имкониятлар сафарбар этилиши, энг муҳими, ушбу жараёнда халқимизга юксак ишонч билдирилганидан барча юртдошларим қатори менинг ҳам кўнглим тоғдек кўтарилди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини таъминлашда, энг аввало, қонун устуворлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қонунларимиздаги демократик ва инсонпарварлик тамойиллари, биринчи галда, инсон ва унинг қонуний ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани билан эътиборга лойиқ.

Глобаллашув жараёни тобора шиддатли тусда авж олаётган бир пайтда дунёнинг айрим давлатларида рўй бераётган диний, миллий ва сиёсий тусдаги можаролар, қуролли тўқнашувлар, бошбошдоқликлар, қўпорувчилик ҳаракатлари ҳар биримизни бир зум бўлса-да, огоҳликни қўлдан бой бермасликка, бугунги тинч ва осо­йишта, фаровон ҳаётимизни асраб-авайлашга ундаши шубҳасиз. Шу ўринда Президентимиз Шавкат Мирзиёев «Бугун принципиал жиҳатдан ғоят муҳим бўлган бир фикрни яна таъкидлаб айтишни зарур деб биламан: Ўзбекистон ва унинг бағрикенг халқи тинчликсевар сиёсат юритиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан қараш тамойилларини амалга ошириш позициясида доимо мустаҳкам туриб келмоқда. Лекин, зарур бўлса, биз мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигига, халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётига таҳдид соладиган ҳар қандай уринишларга қарши кескин зарба беришга қодирмиз. Шунинг учун мен, халқимизга мурожаат қилиб, шуни айтмоқчиманки, бу масалада ҳеч кимда ҳеч қандай иккиланиш ва шубҳа бўлмаслиги лозим. Бунга бизнинг кучимиз ҳам, қудратимиз ҳам етарли», дея қайд этди.

Бугун умид билан экилган ниҳол эртага ўз мевасини беради. Шунинг учун ҳам навқирон авлод ниҳолга менгзалса ажабмас. Зеро, юрт келажагининг вориси бўлмиш ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳар томонлама соғлом бўлиб камолга етишини таъминлаш устувор вазифага айланган. Бугун мамлакатимиз аҳолисининг 32 фоизини ёки 10 миллионини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Уларнинг сифатли таълим олиши, малакали ва етук кадрлар этиб тарбиялаш, истеъдод ва иқтидорини намоён этиши учун зарур шароитлар яратилмоқда. Бунинг натижасида ёшларимиз спорт ва санъат, илм-фан ва бошқа соҳаларда дунёдаги тенгдошларидан асло қолишмаслиги, кези келганда, улардан устун эканини исботламоқда.

1996 йилдан бошлаб ҳар бир йилга ном бериш анъанага айланди. Яна бир муҳим жиҳат, ҳар бир йил бир-бирини мазмунан тўлдириб келиб, бир йил муқаддам бошланган эзгу ишлар кейинги йилда янада бойитилган ҳолда давом эттирилмоқда. Президентимиз томонидан кириб келган янги йилни «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили», деб эълон қилиниши ҳам бежиз эмас. Зеро, аҳоли билан мулоқот қилиш, инсонларнинг дарду ташвиши, орзу-умидларидан хабардор бўлиш, муаммоларга барҳам бериш мамлакат ва жамият ривожига хизмат қилади. «Ҳаммамизни тарбиялаган, вояга етказган — шу халқ. Барчамизга туз-насиба берган ҳам — шу халқ. Бизга ишонч билдирган, раҳбар қилиб сайлаган ҳам айнан шу халқ. Шундай экан, биз, биринчи навбатда ким билан мулоқот қилишимиз керак — одамларимиз билан. Ким билан бамаслаҳат иш тутишимиз керак — аввало, халқимиз билан. Шунда халқимиз биздан рози бўлади. Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади. Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади», деди Президентимиз.

Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимининг янада такомиллаштирилиши ушбу йўналишдаги ишларнинг самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади. Жумладан, 2017 йилдан барча даражадаги ҳокимликлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарлари фуқаролар олдида ҳисобот бериш тизими йўлга қуйилиши эътиборга лойиқдир. Бу эса, ўз навбатида, давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш, уларнинг фаолиятини баҳолаш, аҳолининг амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардорлик даражасини ошириш имконини беради.

Мухтасар айтганда, халққа юксак даражада ишонч билдирилиши юртдошларимиз зиммасига Ватан тараққиёти йўлида фидокорона меҳнат қилишдек улкан ва шарафли бурчни юклайди. Бинобарин, халқ билан мулоқот фаровонлик, ривожланиш ва янги-янги марраларни забт этишга замин яратади.

Муаллиф: Умид АЛИМОВ

16.02.2017 1917 5 Сиёсат
окна фотограф html php памятники знакомства