samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Бруцеллёз – ҳайвонлар касаллиги

Чоп этиш

аммо у одамларга ҳам юқиши мумкин

Халқ орасида қораоқсоқ касаллиги, деб аталадиган бруцеллёз уй ҳайвонлари орасида кенг тарқалган хасталиклардан бири ҳисобланади. Бу касалликка чалинган уй ҳайвонларида бўғозлик (ҳомиладорлик) даврида бола ташлаш, қисир қолиш, маҳсулдорликнинг камайиши, ёш молларнинг нобуд бўлиши каби асоратлар кўзга ташланади.

Фанда бу касалликни қўзғатувчи олти гуруҳдаги микроблар аниқланган бўлиб, улар қорамол, қўй-эчки, чўчқа, ит ҳамда кемирувчиларда кузатилади. Улар орасида энг хавфлиси қўй-эчки бруцелласидир. Бу касаллик охирги пайтларда океан ва денгизларда яшовчи кит, дельфин, тьюлен, моржларда ҳам аниқланди.

Касаллик микроблари ташқи муҳит шароитига анча чидамлидир. Микроблар музлатилган гўштда 1,5 йилгача яшаши аниқланган. Шунингдек, хом ва яхши пиширилмаган гўштда 30 кун, бринза ва пишлоқда 15–40 кун, сутда 3-4 кунгача ўзининг касаллик чиқариш қобилиятини сақлайди. Иссиқликка чидамсиз бўлиб, 70 даража ҳароратда ярим соат ичида зарарсизланса, қайнатилганда дарҳол нобуд бўлади.

Ҳайвонларга табиий шароитда касаллик зарарланган ем-хашак, сув, тери  жароҳатланиши, уруғлантириш жараёнида ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилинмаган ҳолатларда юқади. Ҳайвонларнинг кўз ва бурун бўшлиғи шиллиқ пардасининг зарарланиши ҳам касалликнинг юқишига сабаб бўлади. Касаллик микробларининг энг хавфли ўчоғи молларнинг бола ташлаш вақтида ўзидан кўп миқдорда микробларни ташқи муҳитга ажратиши ва бунинг оқибатида ем-хашак, сув, чорвачилик асбоб-ускуналарининг зарарланишидир.

Касалликнинг белгилари дастлаб сезилмайди. Сигир ва ғунажинлар бўғозлик даврининг 5-7 ойида бола ташласа, буқа, қўй ва эчкиларда алоҳида белгилар кузатилади.

Касалликнинг ижтимоий хавфли томони шундаки, хас­таликка чалинган чорва молларининг сути, гўшти ва улардан тайёрланган маҳсулотларни истеъмол қилиш орқали касаллик бевосита инсонларга юқади. Бугунги кунда гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган талаб ошиб бораётган экан, ўз саломатлигимизни асраш учун, аввало, қарамоғимиздаги уй ҳайвонларини мунтазам равишда ветеринария кўригидан ўтказиб туришимиз талаб этилади.

Бу борадаги эътиборсизлик, бепарволик жиддий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Кўнгилсизликларнинг олдини олиш учун қарамоғимиздаги барча уй ҳайвонлари устидан қатъий назорат ўрнатишимиз, бозор, кўча-кўйдан гўшт, сут маҳсулотларини сотиб олишда уларнинг тегишли тартибда ветеринария-санитария кўригидан ўтказилганлиги ҳақидаги ҳужжатлар бор-йўқлигига эътибор қаратишимиз лозим.

Муаллиф: А. УЛУҒМУРОДОВ, Ўзбекистон ветеринария илмий-тадқиқот институти кичик илмий ходими

22.09.2018 126 73 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства