samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Болалар музейи

Чоп этиш

уларнинг дунёқарашини кенгайтиради

Бола шуурига у кўрган, эшитган, кузатган нарсалар жуда яхши таъсир қилади. Унинг олам ҳақидаги тасаввурларини бойитиш, дунёқарашини кенгайтириш, билимларини мустаҳкамлашда болалар музейининг ўрни ва аҳамияти катта.

Ҳозирги кунда дунёда 400 дан ортиқ болалар музейи мавжуд. Уларнинг аксарияти Америка Қўшма Штатларида жойлашган. АҚШдаги Стронг-ўйинлар музейи Америка тарихидаги миллий ўйин ва ўйинчоқлар тарихини тадқиқ этишга бағишланган музей ҳисобланади. Музейнинг 500 мингдан ортиқ экспонантлари қаторида дунёдаги энг улкан қўғирчоқлар ва ўйинчоқлар коллекцияси жамланган. Бундан ташқари, музейда 100 мингга яқин ўйин бўлиб, болалар уларни қандай ўйнаш ҳақида шу ернинг ўзида билиб олишлари мумкин. Пекин болалар музейи эса 8 ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган. У ерга киришда болалар "Сеҳрли ловия уйчаси" макетига дуч келишади. Бу уйча уларни сирли қаср томон етаклайди. Қасрнинг ичида қандай машғулот ёки ўйин билан банд бўлишни ҳар ким ўзи ҳал қилади. Эътиборлиси, ҳафтанинг ҳар сешанба куни қаср­да қўғирчоқ театрлари спектакллари саҳналаштирилади.

2011 йилда юртимизда илк бор Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбекистон тарихи давлат музейи қошида "Мўъжизалар оламида" болалар музейи ташкил этилди. Ушбу музей 4 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган. Музейда "Ёш археологлар", "Ёш кулол", "Ўзбекистон неъматлари" ва "Ёзувлар тарихи" каби қизиқарли бўлимлар фаолияти йўлга қўйилган.

Вилоят ўлкашунослик музейига мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ҳамда мактаб ўқувчилари ташриф буюриб, ўлкамиз, ўсимлик ва ҳайвонот олами ҳақида кенг таассуротга эга бўлишади. Табиат ҳақидаги билимлари мустаҳкамланади. Келгусида музей илмий ходимлари ўзаро ҳамкорликда музей негизида болалар музейини ташкил қилиш лойиҳаси устида ишлашмоқда. Вилоятимизда шундай музейнинг фаолият юритиши, унинг ҳукуматимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши фарзандларимиз учун ҳақиқий совға бўлади, десак муболаға бўлмайди.

Муаллиф: Мўътабар ЎРИНБОЕВА, вилоят ўлкашунослик музейи бўлим мудири

21.05.2018 205 38 Маданият
окна фотограф html php памятники знакомства