samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Бойқаро кимлигини биламизми?

Чоп этиш

У биз ўйлаган шахс эмас экан

Бойқаро ким, деган саволга кўпчилик:  "Шу ҳам савол бўлди-ю, темурий шаҳзодалардан  бўлган, Алишер Навоийнинг дўсти, Хуросон ҳукмдори Ҳусайн Бойқарони билмайдиганлар ҳам бор эканми?" дея саволга савол билан ажабсиниб жавоб қайтариши турган гап.

Агар "Бобурнома"ни эътибор билан қайта ўқиб чиқмаганимда мен ҳам шундай ўйлаган бўлардим. Бироқ ҳақиқат кутилгандан бошқача бўлиб чиқди: Бойқаро билан Ҳусайн бошқа-бош­қа, алоҳида шахслар экан! Энг қизиғи, улар ака-ука бўлишган. Бобур бу ҳақда шундай ёзади: "Валодати ва насаби: валодати саккиз юз қирқ иккида Ҳирийда Шоҳрух мирзо замонида эди (яъни милодий 1438 йил). Султон Ҳусайн мирзо бинни Мансур бинни Бойқаро бинни Умаршайх бинни Амир Темур".  Бу ўринда "бинни" сўзи арабча бўлиб ўғли деган маънони беради. Шундан маълум бўладики, Ҳусайннинг отаси Мансур, Мансурнинг отаси эса Бойқаро, Бойқаро Умаршайхнинг ўғли бўлган, Умаршайх эса Амир Темурнинг. Демак, Ҳусайннинг бобоси Бойқаро мирзо бўлган экан. Бобур давом этиб ёзади: "Мансур мирзо била Бойқаро мирзо подшоҳлиқ қилғон эмас. Онаси (яъни Ҳусайннинг онаси) Фирузабегим Темурбекнинг набираси. Султон Ҳусайн мирзо Мироншоҳ мирзонинг ҳам набираси бўлур эрди. Султон Ҳусайн мирзо каримут — тарафайн (икки тарафлама) эди, асил подшоҳ эди. Бир туқ­ғон икки ўғул, икки қиз эдилар (яъни икки ўғил ва икки қиз бир онадан туғилган эди). Бойқаро мирзо, Султон Ҳусайн мирзо (булар ўғиллар), Оқобегим ва яна Аҳмадхон олғон қиз Бадакабегим. Бойқаро мирзо Султон Ҳусайн мирзодин улуғ (катта) эди ва нав­кари эди, вале девон бошида ҳозир бўлмас (бош девонда иштирок этмас) эди, ғайри девонда (девондан бошқа жойда) бир тўшакда ўлтурурлар эрди". Бундан маълум бўладики, Бойқаро Ҳусайннинг акаси бўлган. Ҳусайн эса Султон Ҳусайн бўлиб, биз уни ҳозир Ҳусайн Бойқаро, деб атаймиз. Шунинг учун ҳам Бобур барча ўринларда Ҳусайн Бойқаро, деб эмас, Султон Ҳусайн, деб келтиради. Юқоридагилардан маълум бўладики, Султон Ҳусайн, бобосининг ҳам, акасининг ҳам исми Бойқаро бўлган экан, Алишер Навоий "Мажолис ун-нафоис"нинг саккизинчи мажлисини тўлиқ Султон Ҳусайнга бағишлайди ва унда Абулғози Султон Ҳусайн Баҳодирхон, дея таърифлайди. Хондамир ҳам "Макорим ул-ахлоқ"да Бобур ва Навоий йўлидан бориб Султон Ҳусайн, деб кўрсатади. Бошқа тарихий манбаларда ҳам айнан шундай такрорланади.

Хўш, унда қачондан бошлаб ва нега Султон Ҳусайнни Бойқаро, деб атайдиган бўлдик? "Бобурнома"да Султон Ҳусайннинг ўн тўрт ўғил, ўн бир қизи бўлганлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам мавжуд бўлиб, ўғилларидан тўрттасининг исми унинг номи билан ҳосил қилинган:  Муҳаммад Ҳусайн, Фаридун Ҳусайн, Иброҳим Ҳусайн, Ибни Ҳусайн. Ўша давр тарихида бошқа Ҳусайнлар ҳам кўп бўлган. Шунинг учун улардан фарқлаш мақсадида ғарб шарқшунослари унинг фамилияси сифатида Ҳусайн Бойқаро деб атаган бўлса керак, деган тахминда академик Бартольднинг "Мир Али-Шир и политическая жизнь" асарига мурожаат қилдик ва кутилмаган манзарага дуч келдик. Мазкур асарнинг ҳар бир ўрнида Султан Хусейн, деб берилган. Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, совет шарқшунослигида ўтган асрнинг ўрталарига келиб Султон Ҳусайн ўрнига Ҳусайн Бойқаро, деб юритиш одат бўлган кўринади. Негаки, султон — шоҳ, подшоҳ, ҳукмдор деган маъноларни ҳам англатадики, бу эса собиқ советлар тузумига, унинг мафкурасига мос келмас эди. Уларнинг наздида Темурдек шоҳ сулоласидан бўлган ҳукмдор ижобий бўлмаслиги лозим эди ва уни ҳар қанча яхши фазилатлари бўлмасин ибрат, намуна қилиб кўрсатмаслик шарт бўлган. Шунинг учун "Султон"дан кўра оддийроқ "Бойқаро" афзал эди-да.

Муаллиф: Шамсиддин ҒАФФОРОВ

11.07.2018 41 54 Адабиёт
окна фотограф html php памятники знакомства