samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Бойчечак

Чоп этиш

8 март куни ишхонамизда ҳашар эълон қилинди.

Эркаклик ғуруримиз қўзғалиб хотин-қизларни аядик, "Сизлар дам олинглар, ўзимиз бир амаллаб эплаймиз", дедик. Эркаклар ишга келадиган бўлдик... Эрталаб йўлга отландим.

Дам олиш куни бўлгани учунми, автобусда одам кам эди. Одатда ҳар куни бу вақтда автобус тирбанд бўларди: кимдир ишга, кимдир ўқишга шошилган... Шаҳарнинг эски шаҳар қисмидаги бекатдан бир тўда ёш болалар автобусга чиқишди. Уларнинг энг каттаси нари борса 12-13 яшар эди. Барчаси одми кийинган. Энг қизиғи, уларнинг ҳар бирининг қўлида бойчечак бор эди. Шунда болаларнинг жўрабошиси баланд овозда куйлай бошлади:

Бойчечагим бойланди

Қозон тўла айронди...

Йўловчиларнинг диққати болаларга қаратилди. Болалар "Бо-ой чечак, бо-ой чечак..." дея ҳар бир нақоратда айтувчига жўр бўлишди. Жўрабоши қўшиғини тугатгач, охирида кекса нуронийларни эслатувчи эзгу тилаклар айтиб, дуога қўл очди, биргалашиб ҳаммалари қўлларини юзларига суришди. Бу эса йўловчиларга таъсир қилди, ҳамма ўз ҳолича уларга пул узатди, мен ҳам. Шунда болалардаги мамнунлик, ички бир хурсандлик ҳолати катталарга кўчди. Навбатдаги бекатда болалар тушиб қолишди. Туша солиб йўл четидаги йўлакка югуришди. Ҳатто, орқароқда қолган энг кичиги баралла овозда "Раҳмат", деди. Буни у ҳайдовчига айтдими ёки пул берганларга, бунинг аҳамияти йўқ эди: чин юракдан айтди, ҳамма хурсанд бўлди. Орқада ўтирган кимдир: "Лўлиларнинг болалари... тиниб-тинчимайди...", деди. Бу кимсага ҳеч ким ҳеч нарса демади-ю, бироқ унинг гаплари қолганларга ҳаммомнинг иссиқхонасидан чиққан одамнинг устига совуқ сув сепгандек таъсир қилди: йўловчилар норози оҳангда унга қараб қўйишди. Ушбу воқеа таъсирида эса миямда бир фикр чарх ура бошлади: "Халқ яшаса — удумлар яшар!" Болалигим, бойчечак айтганларимиз ёдимга тушди... Бош­қаларнинг кўз ўнгидаям хотиралар уйғонди шекилли, барча жим, автобус эса бир маромда кетиб борарди...

Ишхонага келдим. Хаёлимда яна ўша воқеа... Қўл телефонимда суратга олмабманда, интернетга жойлардим, дедим. Кўпчиллик кўрарди, ҳатто хорижликлар ҳам...  Бу кимгадир ёқар, кимгадир ёқмас, аммо глобаллашув гупуриб турган замонда халқ билан бирга унинг оғзаки ижоди, урф-одат ва анъаналари ёнма-ён яшаётганлиги кўнгилга таскин ва сурур бахш этади. Борди-ю, шу болаларга миллий либос кийдирилиб, маданият ташкилотларининг ҳомийлиги ва бошчилигида расман "Бойчечак тадбири" ташкил этилса-чи, уни шаҳримизга ташриф буюрган сайёҳлар ҳам кўришса яхши бўлармиди, деб ҳам ўйладим. Сиз нима дейсиз?!

Муаллиф: Шамсиддин ҒАФФОРОВ

15.03.2018 322 20 Маданият
окна фотограф html php памятники знакомства