samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Бир йилда18 та НМТМ

Чоп этиш

Бир кунда шаҳримизда учта нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолият бошлади. Энг муҳими, яна 250 нафар боғча ёшидаги бола мактабгача таълим муассасасига қамраб олинди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 5 апрелдаги "Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган қатор имтиёзлар мазкур соҳада тадбиркорлик фаолиятини юритишни мақсад қилган ишбилармонлар сонининг ортишини таъминлади. Энг муҳими, улар ушбу соҳада фақатгина фойда олишни кўзлаб эмас, балки келажак авлодга етарли таълим-тарбия бериш учун замон талабларига мос шароитларни яратишга ҳаракат қилишмоқда. Натижада соҳада соғлом рақобат муҳити шаклланиб, нодавлат мактабгача таълим муассасаларида таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

"Саид" маҳалласида қад кўтарган "Тимур Файз" нодавлат таълим муассасасида 100 ўринли мактабгача таълим муассасаси, 300 ўринли умумий ўрта мактаб ташкил этилди.

— 2007 йилда нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил қилган эдик, — дейди "Тимур Файз" нодавлат таълим муассасаси раҳбари Дилфуза Равшанова. — Ўтган давр мобайнида таълим жараёнидаги хусусий сектор иштирокини пухта ўргандик. Натижалар биз кутганимиздан юқори бўлди. Шу боис, фаолиятимизни кенгайтиришни мақсад қилдик. "Orient Finans Bank" хусусий акциядорлик тижорат банкидан 3,5 миллиард сўм имтиёзли кредит олиб, бино қурдик, уни етарли даражада жиҳозлаб, замон талабларига мос мактабгача таълим муассасаси ва мактаб фаолиятини йўлга қўйдик. Айни пайтда мактабгача таълим муассасамизда 80 нафар 3 — 7 ёшли болалар тарбияланмоқда. Мактабимизга қабул жараёни давом этмоқда. Тез кунларда тўлиқ тартибда иш бошланади. Энг муҳими, муассасамизда эллик нафардан ортиқ ишчи-ходим доимий иш ўрнига эга бўлди.

"Найман" маҳалласида фаолият бошлаган "Sam Kinder City" нодавлат мактабгача таълим муассасаси 100 нафар болажонларни ўз бағрига сиғдира олади. Муассаса раҳбари Даврон Дўсанов замонавий мактабгача таълим муассасасини ташкил этишида "Orient Finans Bank"нинг 2 млрд. сўм кредит маблағи муҳим аҳамият касб этди. Таълим рус тилида олиб борилаётган мазкур муассасада инглиз тили, шахмат-шашка ва гимнастика тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган. Болаларнинг  жисмонан соғ­лом вояга етишлари учун муассасада замонавий қишки сув ҳавзаси ҳам барпо этилган. Бу муассасада 20 та янги иш ўрни яратилди.

"Мингтут" маҳалласида фаолият бошлаган "Gumush Gold" нодавлат мактабгача таълим муассасаси 50 ўринга мўлжалланган. Мазкур муассасада ҳозирда 20 нафар болажон тарбияланмоқда. Бу ерда хорижий тилларни ўргатишга алоҳида эътибор қаратилади. Бу каби мактабгача таълим муассасалари сони жорий йил якунига қадар яна иккитага ортиши кутилмоқда. Олинган маълумотларга кўра, айни пайт­да фаолият юритаётган давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасалари ҳисобига шаҳримиз миқёсида боғча ёшидаги болажонларнинг қамров кўрсаткичи 25,3 фоизга етган. 2019 йилда бу кўрсаткични 35 фоиздан ошириш кўзда тутилган.

Муассасаларнинг тантанали очилиш маросимларида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Э. Турдимов ва шаҳар ҳокими Ф. Раҳимов иштирок этди.

 

Муаллиф: А. ДОЛИЕВ

27.12.2018 37 103 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства