samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Билим ва салоҳиятга эга етук мутахассислар

Чоп этиш

Самарқандда йўловчи ва юк ташиш автомобиллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган «СамАвто» масъулияти чекланган жамияти ва «JV MAN Auto-Uzbekistan» қўшма корхоналари фаолият юритмоқда. Истиқболли тармоқни малакали ёш кадрлар билан таъминлаш мақсадида 2008 йилда Самарқанд автомобилсозлик касб-ҳунар коллежига асос солинган эди.

Айни пайтда ушбу таълим муассасасида 5 та йўналиш бўйича мутахассислар тайёрланаётир. Ўқувчилар умумтаълим фанларини ўзлаштириш билан бир қаторда автомобилларни йиғиш ва синаш, кузов ишлари, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, транспортда ташиш ва бошқаришни ташкил этиш, автоматлаштирилган тизимларга техник хизмат кўрсатиш ва созлаш бўйича билим ҳамда амалий кўникмаларга эга бўлишмоқда.

— Ёш мутахассисларни тайёрлаш жараёнида автобуслар, юк автомобиллари ва махсус техникаларни ишлаб чиқарувчи «Сам­Авто» масъулияти чекланган жамияти ва «JV MAN Auto-Uzbe­kistan» қўшма корхонаси билан ҳамкорлик қилаяпмиз, — дейди коллеж директори Сирож Ҳамраев. — Бундан ташқари, йирик хизмат кўрсатиш маркази бўлган «Самарқанд Автотеххизмат» акциядорлик жамияти, шунингдек, транспорт воситаларидан фойдаланишга ихтисослаштирилган корхоналар билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Ўқувчиларимиз ушбу корхоналарда ишлаб чиқариш амалиётларини ўташади.

Дастлабки босқичда ўқувчиларнинг таянч билим ва кўникмалари таълим муассасасидаги зарур ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган устахоналар, синф хоналари ва лабораторияларда шакллантирилади. Энг муҳими, бу ерда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган автомобилларни йиғишда фойдаланиладиган кенг турдаги замонавий дастгоҳлар, двигателлар макетлари, агрегат ва асосий механизмлар мавжуд. Булар ўқувчиларга бир қатор транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш, уларни таъмирлаш ва фойдаланиш бўйича амалиётга эга бўлиш имконини бераётир.

Коллеж битирувчилари асосий мутахассислик билан бир қаторда «В» ва «ВС» тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига ҳам эга бўлади. Улар турли автомобилларни бошқариш сир-асрорларини махсус тренажёрларда ўзлаштиради. Бундан ташқари, коллеж ихтиёридаги енгил ва юк автомашиналарида ҳам амалий маш­ғулотлар ўтказилади.

Бўлғуси ёш мутахассисларнинг вақтини мазмунли ва фойдали ўтказишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаяпти. Чунончи, ўқувчилар бўш вақтининг асосий қисмини замонавий ўқув ва методик қўлланмалар, ўқитишнинг мультимедиа ва интерактив воситаларига эга ахборот-ресурс марказида ўтказишаётгани ҳам фикримизнинг ёрқин тасдиғидир.

Коллеж маъмурияти битирувчиларни иш билан таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратмоқда. Жумладан, 2015/2016 ўқув йилида 294 нафар битирувчи томонидан 224 та корхона ва ташкилот билан ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ҳамда мутахассислиги бўйича ишга жойлашиш тўғрисида тўрт томонлама шартномалар имзоланган. Шундан 275 нафар ёш мутахассис иш билан таъминланганини қайд этиш жоиз. Битирувчилар орасида «Сам­Авто» масъулияти чекланган жамияти, «JV MAN Auto-Uzbekistan» қўшма корхонаси, «Самарқанд Автотеххизмат» акциядорлик жамияти ва «Uz­Auto Trailer» корхонасида фаолият юритаётганлар ҳам борлиги эътиборга молик.

Дарҳақиқат, соҳа ривожига хизмат қилувчи мутахассислар тайёрлаш тизимининг такомиллаштирилаётгани миллий автомобилсозлигимизда янги уфқларни очади. Бу эса пировардида жаҳон автомобиль саноатида мамлакатимиз тутган мав­қени янада мус­таҳкамлашга хизмат қилади.

Муаллиф: Ринат АБДУЛЬМАНОВ, Умид АЛИМОВ, «Samarqand» мухбирлари

18.02.2017 575 8 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства