samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Безгак ва унинг профилактикаси

Чоп этиш

Жаҳонда кенг тарқалган юқумли касалликлардан бири безгак ҳисобланади.

Бу касаллик нафақат инсон саломатлигига хавф солади, балки мамлакатлар иқтисодиётига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Бугунги кунда Африка, Лотин Америкаси, Осиёнинг айрим мамлакатларида иқтисодий қолоқлик, ижтимоий етишмовчилик оқибатида аҳоли ўртасида бу касаллик ҳамон учраб турибди.

Мамлакатимизда безгакка қарши кураш натижасида 1961 йилда ушбу касалликка чалинган охирги беморлар ҳам даволаниб, соғломлаштирилди. Шунга қарамасдан, ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида айрим қўшни мамлакатларда содир бўлган безгак эпидемияси оқибатида юртимизда ҳам ушбу юқумли касалликнинг тарқалиш хавфи пайдо бўлган эди. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда олиб борган тезкор чора-тадбирлари туфайли юртимизда безгак касаллиги хавфининг олди олинди. Бу касаллик тарқалиш эҳтимоли бўлган ҳудудларда аҳоли, жумладан, ёш болалар оммавий равишда эмланиб, кенг кўламли профилактик тадбирлар амалга оширилди. Бу сингари тадбирлар ўтган давр мобайнида босқичма-босқич, мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Натижада, бугунги кунда мамлакатимизда безгак касаллиги хавфини энг паст даражагача камайтиришга эришилди.

Айни пайтда ҳам вазирлик ҳамда унинг ўрта ва қуйи бўғинлари томонидан бундай тадбирлар изчил амалга оширилаяпти. Негаки, жаҳонда ҳали безгак касаллиги хавфини тўла бартараф этишга эришилмаган экан, амалий тадбирлар бир зум ҳам сусайтирилмайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан касалликнинг олдини олиш, профилактика ишларини кенгайтириш, беморларни эрта аниқлаш ва даволаш чоралари кенг миқёсда олиб бориляпти. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2007 йил 27 майда бўлиб ўтган 60-сессиясида 25 апрел — "Бутунжаҳон безгакка қарши кураш куни", деб эълон қилинди. Қарийб ўн йилдан ошдики, ушбу сана муносабати билан бутун дунёда охирги бир йил ичида амалга оширилган тадбирлар ва уларнинг натижалари сарҳисоб қилинади. Ушбу санани расмий равишда белгилашнинг ҳам ўзига хос ижтимоий аҳамияти бор. Шу боисдан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан дунё бўйлаб халқаро миқёсдаги тадбирлар кенг кўламда ўтказиб келинмоқда. Жумладан, 2005 йилда Тошкентда ташкилотнинг Европа ҳудудий бюроси ташаббуси билан маҳаллий безгакни йўқ қилишга қаратилган илк тадбир уюштирилди. Ушбу тадбирда "Безгакка қарши курашдан, безгакнинг элиминациясига қараб" номли Тошкент Декларацияси қабул қилинди. Ушбу халқаро ҳужжат асосида мамлакатимиз ва қўшни мамлакатларда безгакни бартараф этишга қаратилган Миллий стратегия яратилди. Ушбу стратегия амалиётга жадаллик билан татбиқ этилганлиги туфайли 2009 йилдан буён ҳозирга қадар вилоятимизда безгак касаллиги қайд этилмади.

Бу маълумот мутахассисларни ҳам, мутасаддиларни ҳам хотиржам бўлишига асос яратмайди. Негаки, безгак шундай касалликки, у кутилмаган пайтда, кутилмаган жойда пайдо бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларга дуч келмаслик учун жойларда аҳолининг турли қатламлари орасида олиб борилаётган тушунтириш, профилактика тадбирларини янада кучайтириш талаб этилади.

Муаллиф: Умарқул МУРОДОВ, вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази паразитология бўлими мудири

25.04.2018 204 31 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства