samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Бевосита мулоқот — муаммолар кўзгуси

Чоп этиш

"Эски Қаландархона" маҳалла фуқаролар йиғинида 2-сектор раҳбари, шаҳар прокурори Бобурмирзо Облоқулов томонидан ҳудуд аҳолиси учун сайёр қабул ташкил этилди.

Унда мутасадди корхона ва ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирок этишди.

Унда сектор раҳбари Б. Облоқулов Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги "Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифалар ва давлатимиз раҳбарининг топшириқлари хусусида атрофлича тўхталиб, ушбу йўналишдаги чора-тадбирлардан кўзланган асосий мақсад жойлардаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш, юртдошларимизнинг оғирини енгил қилиш, аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилашдан иборат эканини алоҳида таъкидлади.

Шаҳар ИИБ 7-ички ишлар бўлинмаси профилактика инспектори Ф. Аминжоновнинг маҳаллада жамоатчилик томонидан амалга оширилаётган ишлар, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасидаги фаолияти, юзага келаётган муаммолар ва уларни бартараф этишда вужудга келаётган тўсиқлар тўғрисидаги ҳисоботи тинг­ланди.

Шаҳар ҳокимининг ўринбосари Т. Эсиргапов халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратилиши, ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик назоратини кучайтириш, жамоатчилик назорати масканлари фаолиятини жонлантиришда фуқароларнинг фаоллиги борасида сўз юритди. Шунингдек, ушбу ҳудуддаги аҳолига тиббий хизмат кўрсатувчи оилавий поликлиника  врач ва ҳамширалари иши талабга жавоб бермаслигини таъкидлади.

Сайёр қабулда маҳалла яраштирув комиссияси аъзоси Амриддин Салоҳов сўзга чиқиб, маҳалла аҳлини қийнаб келаётган бешта муаммога амалий ечим топишда кўмак сўраб мурожаат этди. Жумладан, маҳалла аҳли Али Қушчи кўчасидаги симёғочларни бетон устунларга алмаштириш борасида икки йил муқаддам шаҳар ҳокимлигига мурожаат этган. Ушбу мурожаат асосида бетон устунлар ўрнатилган. Бироқ иш охиригача етказилмаган. Яъни электр симлари янги устунларга ўтказилмаган, эски симёғочлар олиб ташланмаган.

Айни пайтда маҳалладаги ичимлик суви қувурлари 68 йил олдин ўтказилган бўлиб, ушбу эскирган қувурларни алмаштириш зарурати туғилган. Бу борада маҳалла аҳли ўз ҳисобидан кўмак беришга ҳам тайёрлигини билдирди.

Маҳалла ҳудудидаги Сўзангарон ва Али Қушчи кўчаларини таъмирлаш зарурати туғилганлиги таъкидланди.

Мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи II гуруҳ ногиронлари — Умар Наж­миддинов, Мусаввар Баракаева, Шаҳрия Алимардоноваларга ногиронлар аравачалари, Меҳри Юсуповага эшитиш мосламаси олиб беришда амалий ёрдам кўрсатиш кераклиги қайд этилди.

Баҳор ва ёз фаслида табиий газ меъёрий ҳолатда бўлиши, куз-қиш мавсумида эса босим жуда пасайиб кетишидан маҳалла аҳолиси қийналаётганини, ушбу масалани ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатилишини сўрашди.

Шунингдек, Башорат Фахриддинова маҳалладаги Сўзангарон кўчасида ноқонуний ташкил этилган автомашиналарнинг вақтинча тўхташ жойи фаолиятига чек қўйиш, маҳалла ҳудудига айрим фуқаролар томонидан чиқинди ташланаётгани, ободонлаштириш бошқармаси томонидан маиший чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетиш чорасини кўриш зарурлиги юзасидан шикоят қилди.

Бундан ташқари, Равшан Қобиловнинг хонадонига табиий газ қувури зарар етказаётгани, Дилором Абдураҳмонованинг истиқомат қилаётган уйини расмийлаштиришда юзага келаётган муаммолар хусусидаги мурожаатлари тингланди.

Тадбирда баён этилган ҳар бир мурожаат юзасидан тегишли корхона ва ташкилот, идора ва муассасалар масъулларига муаммони ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди.

Муаллиф: Умид АЛИМОВ, "Samarqand" мухбири

23.05.2018 180 39 Сиёсат
окна фотограф html php памятники знакомства