samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Байрам қувонч бағишласин, болажон!

Чоп этиш

Янги йил байрами арафасида вилоят мусиқали драма театрида намойиш этилаётган янги спектакль унутилмас саргузаштларга бойлиги билан болажонларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Театр ижодкорлари томонидан намойиш этилаётган "Бремен созандалари" спектаклида  инсонпарварлик, тўғрисўзлик, меҳр-оқибатлилик каби эзгу фазилатлар турли қаҳрамонлар талқинида жуда чиройли тарзда очиб берилган. Қизиқарли воқеаларга бой саҳналар, куй-қўшиқлар, рақсларни ўзида жамлаган асарда болажонлар аҳиллик, ҳамжиҳатлик, меҳнатсеварлик, ҳалоллик сингари фазилатлар ҳар доим инсонни тўғри йўлга бошлашини тушуниб етишади.

Саҳна асари янада жонли ва таъсирли чиқиши учун махсус декорация ва либослар тайёрланиб, техник воситалардан унумли фойдаланилган. Бу эса эртак ғоясини, мақсадини юзага чиқаришга хизмат қилган. Шунингдек, эртак қаҳрамонларининг томоша залида ўтирган болажонлар билан ўзаро мулоқотга киришиши, уларнинг ҳаракатларига болаларнинг муносабат билдиришлари спек­такл­нинг таъсир кучини оширди.

Театр фойесида ташкил қилинган мусиқий шоу, Қорбобо ва Қорқиз билан мулоқот болажонларга кўтаринки кайфият улашди. Бундан таш­қари, театр биноси қаршисидаги очиқ саҳнада ҳам мазкур жамоанинг "Шаҳризода эртаклари" номли спектакли ва шоу дастурлари намойиш этилмоқда.   

— Кўнгилочар томошалар, арча атрофида Қорбобо ва Қорқиз сингари эртак қаҳрамонларининг саргузаштлари менга жуда ёқди, — дейди 11-умумтаълим мактаби ўқувчиси Дилнура Исматуллаева — Байрам томошаларига таътил кунлари ота-онам билан яна келаман.

 

Муаллиф: Мансур АҲМАД ўғли

27.12.2018 176 103 Маданият
окна фотограф html php памятники знакомства