samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

БЕШ ЙИЛЛИК АБИТУРИЕНТ ЭНДИ ТАЛАБА

Чоп этиш

Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовлари қизғин давом этмоқда.

 Жорий йил синов имтиҳонларини очиқ ва ошкоралик, адолат тамойиллари асосида ўтказиш учун кўрилган пухта тайёргарлик нафақат абитуриентларни, балки уларнинг ота-оналари ва яқинларини ҳам беҳад қувонтирмоқда.

Шу кунларда "Бу йил ниҳоят ҳақиқат бўлди", "Фалончини телефон билан ушлаб олиб, тест синовларидан чиқариб юборишибди", "Ўрнига кирмоқчи бўлган экан, ушлаб қолибди..." деган гаплар тез-тез қулоғимиз остида жаранглаб турибди. Қолаверса, оммавий ахборот воситалари орқали қинғир ишларни қўллаб, талаба бўлмоқчи бўлган юзлаб абитуриентларнинг мақсади пучга чиқаётгани ҳақида, йиллар давомида ўз устида ишлаб, билимини янада мустаҳкамлаб, ниҳоят талабалик бахтига муяссар бўлган йигит-қизлар ҳақида хабардор бўлиб турибмиз.

— Беш йилдан буён Самарқанд давлат чет тиллар институтининг талабаси бўлиш учун тинимсиз ўқиб-изланиб, айрим ноҳақликлар сабаб кириш имтиҳонларидан ўтолмаётгандим, — дейди Гулноза Амирова. — Жорий йил ҳам умид ва ишонч билан ушбу олий таълим муассасасининг мактабгача ва бошланғич таълимда инглиз тили факультетига ҳужжат топширдим. Олган билимларим, имтиҳон жараёнидаги холислик ва шаффофлик натижасида меҳнатларим ўз самарасини берди: тўлов-контракт асосида ўқишга кирдим. Тест синовлари ниҳоятда адолатли ўтди ва мен энди талабаман!

— Ўтган йили Самарқанд давлат тиббиёт институтининг даволаш факультетига 175,2 балл тўплаб ўқишга кира олмагандим, — дейди нарпайлик Адҳам Ўтаганов. — Жорий йил ҳам худди шу факультетга ҳужжат топшириб, 162,7 балл билан давлат гранти асосида талабаликка қабул қилиндим ва бундан жуда бахтиёрман. Нотўғри йўллардан имкон изламасдан, фақатгина ўқиб-изланган абитуриент, албатта, мақсадига етаркан!

Дарҳақиқат, белгиланган талаб ва қатъий назорат остида ўтаётган тест синовлари давом этмоқда. Абитуриентлар ўз билимларининг натижасини имтиҳоннинг эртасигаёқ билиб олишмоқда.

Муаллиф: Абдуҳошим ЗИЁДОВ, "Samarqand" мухбири

8.08.2018 126 62 Таълим
окна фотограф html php памятники знакомства