samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Аҳоли саломатлиги назоратда

Чоп этиш

"Шаҳриобод" маҳалла фуқаролар йиғинида аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, саломатлигини муҳофаза қилишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда сўзга чиққан шаҳар ҳокими ўринбосари Т. Набиев, 6-оилавий поликлиника бош шифокори вазифасини бажарувчи Ж. Халилов ва бош­қалар оилаларда соғ­лом турмуш тарзини қарор топтириш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш жамият тараққиётининг муҳим омилларидан бири эканлигини эътироф этишди.

Шундан сўнг 6-оилавий поликлиника шифокорлари томонидан "Шаҳриобод" маҳалла марказида аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари бошланди.

— Оилавий поликлиникамиз ҳудуддаги 16 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг 47299 нафар аҳолисига тиббий хизмат кўрсатади, — дейди Ж. Халилов. — Эътиборлиси, аҳоли ўртасида турли хасталикларнинг олдини олиш ва даволаш мақсадида кенг кўламли чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказяпмиз. Айни пайтда "Шаҳриобод" маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган 4623 нафар аҳоли малакали шифокорлар назоратидан ўтмоқда. Жорий йилнинг 13-14 сентябрь кунлари 180 нафар аҳоли хирург, терапевт, кардиолог, педиатр, нев­ропатолог, уролог, окулист, акушер-гинеколог, эндокринолог ва лор шифокорларимизнинг назоратидан, УТТ, ЭКГ, лаборатория текширувларидан ўтишди. Хасталик аниқланган 3 нафар бемор стационар, 15 нафари эса амбулатор шароитда даволаниши учун тавсиялар берилди. Тиббий кўрикка 15 нафар малакали шифокор ҳамда 25 нафар ҳамшира жалб этилган.

Тиббий кўрик давомида аҳолига соғ­лом турмуш тарзига риоя қилиш — спорт билан шуғулланиш, соғлом ов­қатланиш, гигиена қоидаларига амал қилиш, доимо шифокор назоратида бўлиб, касалликларнинг ўз вақтида олдини олиш бўйича тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Шифокор ва ҳамширалар ногиронлиги бўлган фуқароларнинг хонадонларида бўлиб, уларнинг саломатлигини назорат қилишмоқда.

Шунингдек, 3-туғуруқ мажмуаси шифокорлари томонидан "Шаҳриобод", "Сарбадорлар" ва "Шарқ тонги" маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган 4754 нафар аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди ва улар учун зарур тавсиялар берилди.

— Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган "Соғлом аёл ойлиги" чора-тадбирлар режасига мувофиқ маҳаллаларда истиқомат қилаётган хотин-қизлар саломатлиги ҳам алоҳида муҳофазага олинган, — дейди 3-туғуруқ мажмуаси бош шифокори Лола Ҳамроева. — Ойлик доирасида 1019 нафар фертиль ёшдаги, жумладан, 143 нафар ҳомиладор аёл тиббий кўрикдан ўтказилди. Шу билан бирга, ҳомиладорлик даврида амал қилиниши лозим бўлган вазифалар, туғуруқлар орасидаги масофани сақлаш ҳамда соғлом фарзандни дунёга келтириш бўйича тавсиялар берилди.

Муаллиф: Абдуҳошим ЗИЁДОВ, "Samarqand" мухбири

22.09.2018 58 73 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства