samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Аҳоли саломатлиги муҳофазасига янгича ёндашув

Чоп этиш

Шаҳар ҳокимлигида Ўзбекистон Валеология ассоциацияси билан ҳамкорликда "Ўзбекистонда касалликларнинг олдини олишга қаратилган инновацион ёндашувлар" мавзусида тадбир ўтказилди.

Унда сўзга чиққан шаҳар ҳокими ўринбосари Толиб Набиев, Ўзбекистон Валеология ассоциацияси раиси, тиббиёт фанлари доктори, профессор Шуҳрат Иргашев бугун мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ортиб бораётганини эътироф этишди. Бироқ ҳар қандай шароитда касални даволагандан кўра, унинг олдини олиш тамойилининг ҳаётга кенг татбиқ этилиши нафақат шифокорлар, балки жамиятда тутган ўрнидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг бурчи бўлиши лозимлигини таъкидлашди. Бунда инсон саломатлигини асраш, авайлаш ва бошқаришда муҳим вазифани бажарувчи валеологларнинг хизматига эҳтиёж сезилади.

— Бугун аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича кўплаб ишлар олиб борилмоқда, профилактик тадбирлар ўтказилмоқда, — дейди Ўзбекистон Валеология ассоциацияси раиси, тиббиёт фанлари доктори, профессор Шуҳрат Иргашев. — Бироқ бундай саъй-ҳаракатлар нечоғлик самара беряпти, ютуқ ва камчиликлар нималардан иборат бўлмоқда, деган саволлар ўртага ташланганда у жавобсиз қолмоқда. Негаки, саломатлик йўналишида мониторинг йўқ, таҳлил қилиш қониқарсиз даражада. Айни пайтда биз аҳоли ўртасида саломатликни тарғиб этиш эмас, балки, бевосита шакллантиришга алоҳида эътибор қаратишни лозим топдик. Бунда тиббиётдаги янги йўналиш бўлган, инсонларга фаол ва соғлом ҳаёт кечиришни ўргатувчи, илмий жиҳатдан исботланган ва ўта зарур бўлган фан — валеологияни кенг жорий этишимиз лозим. Уни амалга оширишда нафақат шифокорлар, балки одамлар саломатлигига, эл-юрт фаровонлигига дахл­дор бўлган барча кишилар жалб этилади, ҳамкорлик талаб қилинади.

Таъкидланганидек, бугун республикамизнинг 97 фоиз тиббиёт ходимлари даволаш иши билан машғул, атиги уларнинг бир неча фоизигина профилактика билан шуғулланмоқда, холос. Кузатишларга кўра, саломатлик даражаси бўйича инсонларнинг 15-20 фоизи соғлом тоифага, 15-20 фоизи бемор тоифасига ва 60-70 фоизи касалланиш олди тоифасига мансуб. Иккинчи тоифадагилар шифокорларнинг тўлиқ назоратига олинган. Айни жараёнда биринчи ва учинчи тоифа инсонларнинг саломатлигини ишонч­ли муҳофаза қилиш, бунинг учун аҳолининг тиббий маданиятини ошириш вазифаси устуворлик касб этади.

— Аҳоли ўртасида саломатликни муҳофаза қилишда етти гуруҳга бўлинган ҳолда иш олиб борилади, — дейди Ш. Иргашев. — Яъни, бола, ўсмир, ёш оила, ҳомиладор аёл, катта ва кекса ёшдагилар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, улар онгига маънавий, руҳий, жисмоний ва тиббий тамойилларни чуқур сингдиришга алоҳида эътибор қаратилади. Ҳар бир тиббиёт масканларида, маҳалла ва таълим муассасаларида ҳам валео кабинетлар фаолияти йўлга қўйилади. Уларда инсонларнинг соғлом ва бахтли яшаши учун муҳим бўлган, унга бевосита таъсир кўрсатадиган барча масалалар, масалан, оқилона овқатланиш, жисмоний ҳаракат, психоэмоционал саломатлик, репродуктив ва сексуал саломатлик тушунчалари малакали мутахассислар томонидан аҳолига тушунтирилади. Мутахассислар давлат идоралари ва тиббиёт ходимлари, психологлар, "Оила" илмий-амалий маркази, нуронийлар, хотин-қизлар, ёшлар, спорт-соғломлаштириш ҳамда кенг жамоатчилик вакилларидан иборат бўлади. Бу тажриба илк бор Самарқанд шаҳрида синовдан ўтказилади.

Дарҳақиқат, тадбирда келгусида бу борада турли соҳа вакилларидан иборат мутахассислар ўртасида бир қатор ўқув-семинарлар ўтказиш, 2-Оилавий поликлиникада махсус штаб ташкил этиш ҳамда тизимли ишлар олиб бориш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Муаллиф: Абдуҳошим ЗИЁДОВ, "Samarqand" мухбири

16.11.2018 117 91 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства