samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Алимент муаммоси

Чоп этиш

Халқимизда икки ёшнинг боши қовуштирилиб, оила деб аталмиш муқаддас қўрғон барпо этилганда оила ва турмушнинг бор масъулияти уларга тушунтирилади.

Афсуски, бугунги глобаллашув жараёнидаги турли ахборот хуружлари туфайлими, ёшларнинг масъулиятсизлиги сабабми, бу муқаддас маскан бузилаётган ҳолатлар кўпаяётганлигига гувоҳ бўляпмиз. Ана шундай мураккаб жараён алимент муаммоси туфайли янада чигаллашмоқда.

Аслида алимент фарзанд тарбияси ва келажагини таъминлаш учун тайинланади. Бироқ кейинги вақтларда мазкур масалада ўзгача ёндашувларнинг авж олиши бу борадаги қонунчиликни қайта кўриб чиқиш лозимлигини кўрсатди. Шу асосда Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 9 январдаги "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонунига биноан алимент ундирувига оид қонунчиликка бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддаси 4 ва 5-бандлар билан тўлдирилиб, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни, шунингдек, вояга етган шахсларнинг меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онани ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс­ларни моддий таъминлашдан бўйин товлаши, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Киритилган ўзгартишларда нафақат ундирувчи, балки қарздор тараф манфаати ҳам инобатга олинганлиги билан аҳамиятли. Яъни, агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарзларни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги қонунларига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар бола вояга етгунига қадар бўлган давр учун, шу жумладан, кўчмас ёки кўчар мулк ёхуд бошқа қимматли ашёни бериш йўли билан олдиндан тўланиши мумкинлиги, вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, шахс алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиш мажбуриятидан озод этилиши белгиланди.

Алимент ундируви бўйича қарздорларнинг республика ҳудудидан четга чиқиш ҳуқуқларига чеклов қўйилиши айрим қарздорларнинг имкониятини чеклаши, баъзи ҳолатларда ундирувчилар томонидан қасддан қарздорнинг аҳволини оғирлаштиришга қаратилган ҳаракатлар содир этилиши билан нохолис вазиятларни юзага келтирарди. Қонунчиликдаги янги ўзгартишлар шу каби ноқонуний ҳолатларга барҳам бериши билан эътиборга молик. Энди алимент таъминоти қонунда белгиланган тартибда таъминланган ҳолатда қарздорга ҳеч қандай чекловлар, қўшимча мажбуриятлар юкланмайди.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Оила, деб аталмиш муқаддас даргоҳга қадам қўйган ёш келин-куёв зиммасидаги масъулият ҳиссини англаб етиши лозим. Арзимас баҳоналар билан мурғак қалбларни ўкситган ҳолда тирик етимга айлантириб, алимент ундириш ёки уни тўлаш каби муаммолар билан ўралашиб юришдан кўра, фарзандларни оқ ювиб, оқ тараб, ўқиш ва ишдаги муваффақиятларидан завқ олиб яшаш ҳаётнинг мазмун-моҳияти эмасми?!

Муаллиф: И. МУИНОВА, шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси

16.05.2018 284 36 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства