samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Ажойиб муҳит, ширин сўз ва муолажа

Чоп этиш

беморлар дардига малҳам бўлмоқда

Вилоят ногиронларни реабилитация қилиш марказига жорий йилнинг март ойида Хитойдан 1 миллион 238 минг АҚШ доллари қийматидаги 30 тадан ортиқ замонавий тиббий асбоб-ускуна олиб келинди. Ушбу жиҳозлар беморларнинг дардига аниқ ташхис қўйиш, сифатли муолажаларни амалга оширишда кенг имкон яратади.

Президентимиз раҳнамолигида тиббиёт соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кадрлар салоҳиятини ошириш, аҳоли учун сифатли тиббий хизмат кўрсатиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Вилоят ногиронларни реабилитация қилиш марказида ҳам ушбу ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этиб келинмоқда.

— Тиббиёт муассасамизда 23 нафар малакали шифокор ва 70 нафар ҳамшира фаолият кўрсатиб келмоқда, — дейди марказ директори Давронбек Жуманиёзов. — Уларнинг малакасини босқичма-босқич ошириб бориш, республикамизнинг нуфузли тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича аниқ вазифалар амалга оширилмоқда. Жумладан, янги олиб келинган замонавий тиббий асбоб-ускуналарни ишлатиш, ногиронлиги бўлган беморларни ноанъанавий усулларда даволаш бўйича марказимизнинг ўнлаб мутахассислари малака оширишди. Натижада геронтология, озонотерапия, огинатерапия, игнатерапия, гредотерапия бўлимларининг фаолияти самарали йўлга қўйилди. Республика ногиронларни протезлаш ва реабилитация қилиш маркази олий тоифали шифокорлари билан ҳамкорликда 150 нафарга яқин беморда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.

Айтиш жоизки, марказда ўтган йили 1851 нафар беморга тиббий хизмат кўрсатилиб, 46 миллион сўмлик дори-дармон тарқатилди. Тиббий хизмат сифатини ошириш мақсадида Япониянинг "Jaynd" агентлиги гранти асосида қиймати 109,5 минг АҚШ долларига тенг замонавий тиббий жиҳозлар олиб келинди. Бундан ташқари, марказ ҳовлиси, бинолари, ертўласи, ошхонасини таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига 31 миллион сўм маблағ сарфланди.

Шунингдек, юртимиздаги ҳар бир сана, байрам тантаналари шифохонада муносиб нишонланишини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бунда ҳомийлар беморларнинг кўнглини шод этишга ҳозиру нозир бўлишлари эътиборга молик. Жумладан, Наврўз айёми муносабати билан иштихонлик тадбиркор Мавлон Оқилов ана шундай хайрли ишга қўл уриб, муассасада даволанаётган беморлар учун байрам дастурхони ташкил қилди. Бу, ўз навбатида, уларга байрамона кайфият улашиб, бир зум бўлса-да ташвишдан холи бўлишларига сабаб бўлди.

Бугун тиббиёт муассасаси обод ва озода масканга айлантирилди. Энг муҳими, яратилган имконият ва барча қулайликлардан унумли фойдаланилаётганлиги боис беморларнинг кўнгли тўқ бўлиб, дардларига шифо топишмоқда.

Муаллиф: Абдурасул САТТОРОВ Бахтиёр МУСТАНОВ олган сурат.

4.04.2018 93 24 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства