samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Адиб хотираси мужассам макон

Чоп этиш

Ўзбек ва тожик халқининг суюкли фарзанди, зуллисонайн ёзувчи Садриддин Айний уй-музейи Регистон майдонининг рўпарасида, катта кўчанинг бўйида жойлашган.

Унга келиб-кетувчиларнинг сони кўплигидан адибнинг ўқувчилари, мухлислари бугунги кунда ҳам ошиб бораётганини билиш мумкин. Айни кунларда олим, мударрис, шоир ва ёзувчи, жамоат арбоби Садриддин Айнийнинг 140 йиллиги жамоатчилик томонидан кенг нишонланмоқда.

Уй-музейга ташриф буюрганимизда Айний туғилиб-ўсган Бухоро, шунингдек, Тожикистондан сайёҳ-меҳмонлар ташриф буюрган экан. Бинонинг бир тарафида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Садриддин Айний Бухорода туғилган бўлса-да, у кишининг ҳаёти кўпроқ Самарқанд билан боғлиқ. Шунинг учун музейдаги ҳар бир экспонат Садриддин Айний, унинг ҳаёти ва ижодига бевосита алоқадор, ҳар биридан адибнинг нафаси уфуриб тургандек. Мана, у киши яшаган уй. Домла ҳозиргина ташқарига чиқиб кетган-у, яна қайтиб келадигандек, гўё. Иккинчи бир хонадан Айнийнинг асарлари, маш­ҳур кишиларнинг Садриддин Айний ҳақидаги хотиралари ўрин олган. Учинчи хонада эса ижодкорга тегишли кийим-кечаклару уй жиҳозлари. Уй-музей 1967 йилда республикамизнинг ўша пайт­даги раҳбари Шароф Рашидовнинг кўрсатмаси ва ташаббуси билан ташкил этилган. Уй-музейнинг очилиш маросимида унинг ўзи иштирок этган. Бу ҳам музей фотоархиви ҳамда ҳужжатларида ўз аксини топган.

— Уй-музейни реставрация қилиш учун бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан уч юз миллион сўм миқдорида маблағ ажратилган, —дейди музей директори Собир Келдиёров.  — Бироқ кўриб турганингиздек, иш ҳали якунига  етгани йўқ, аммо тез орада тугалланади. Илгари уй-музейнинг ташқарисида, яъни кўча тарафда бўлган адибнинг бюсти ҳам таъмирланмоқда, тез кунларда у ҳам ўзининг аввалги жойига ўрнатилади. Бугунги кунда музейимизга келиб-кетувчиларнинг сони тобора ортиб бормоқда. Кўргазмалардан адиб яратган асарлар кенг ўрин эгаллаган. Шунинг учун уларнинг электрон вариантларини яратиш ва сақлаш ишлари ҳам амалга оширилади. Биз, музей ходимлари бундан мамнунмиз ва албатта, ташриф буюрувчиларга намунали хизмат кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

Муаллиф: Ш. ҲАКИМОВ

14.04.2018 171 28 Маданият
окна фотограф html php памятники знакомства