samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Аввал мурожаат, сўнгра ечим

Чоп этиш

"Лоҳутий" маҳалласида 1-сектор раҳбари, шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов томонидан сайёр қабул ўтказилди.

Унда мутасадди корхона ва ташкилотлар, идора ва муассасалар раҳбарлари, ҳудуд аҳолиси иштирок этди.

Сайёр қабулда Ф. Раҳимов мамлакатимизда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар, юртдошларимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, комплекс ислоҳотларни амалга оширишда ҳамюрт­ларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган давлат ва ҳудудий дастурлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар хусусида атрофлича сўз юритди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Ш. Узоқов ва Самарқанд шаҳридаги Халқ қабулхонаси мудири Ж. Умаров бугунги кунда фуқаролардан келиб тушаётган савол ҳамда мурожаатлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Сайёр қабулда "Гулбаҳор", "Лоҳутий", "Боғичинор" ва "Фаровонлик" маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи фуқароларнинг мурожаатлари тингланди.

Жумладан, Навоий шоҳкўчаси, 21-уй, 29-хонадонда яшовчи Хайрулло Атамуродов маиший чиқиндилар тўпланадиган замонавий чиқиндихона, Гагарин кўчаси, 67-уй, 34-хонадонда истиқомат қилувчи Наргиза Атоева маҳалла марказида маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари учун бино, Помир кўчаси, 93-уй, 17-хонадондан Қобил Жамилов болалар майдончаси қурилишида амалий ёрдам берилишини сўради.

Гагарин кўчаси, 77-уй, 5-хонадонда яшовчи Ирина Антонова хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси фаолиятидан норози эканлигини айтиб, шикоят қилди. Гагарин кўчаси, 77-уй, 10-хонадонда истиқомат қилувчи Д. Тошбоева коммунал соҳадаги муаммолар юзасидан мурожаат этди. Помир кўчаси, 5-уй, 20-хонадонда яшовчи Оксана Буриева ички кўчаларни таъмирлашда, Озод Шарқ кўчаси, 10-уйда истиқомат қилувчи Алишер Ҳасанов онаси, I гуруҳ ногирони Норгул Ҳасановага ногиронлик аравачаси ажратилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Шунингдек, сайёр қабулда иштирок этган фуқаролардан уй-жойларни таъмирлаш, коммунал хизматлар, қурилиш ва бошқа бир қатор соҳалар бўйича мурожаат, шикоят ва таклифлар қабул қилинди.  

Тадбирда фуқаролардан тушган мурожаатларни қаноатлантиришга қаратилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, муаммоларни ҳал этишга масъуллар белгиланди.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, кеча Норгул Ҳасановага шаҳар ҳокимлиги томонидан ногиронлик аравачаси топширилди. Бу ҳам мурожаатларнинг ўз вақтида қаноатлантирилаётганидан далолатдир.

Муаллиф: Умид АЛИМОВ, "Samarqand" мухбири

23.05.2018 162 39 Сиёсат
окна фотограф html php памятники знакомства