samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

АКВАПАРК ИШГА ТУШДИ

Чоп этиш

Собиқ Сўғдиёна истироҳат боғининг бир қисмида "Добусия Самарқанд акваленд" масъулияти чекланган жамияти томонидан аквапарк ташкил этилди.

Умумий майдони 3,5 гектарни ташкил этган аквапаркда катталар учун 2 та, болалар учун 1 та чўмилиш ҳавзаси ва 3 та жакузи, 1 та умумий тўлқинли сув ҳавзаси ташкил этилган. Ҳар бир ҳавза ёшга мос тарзда аттракционлар билан жиҳозланган. Мазкур аквапарк бир вақтнинг ўзида 1000 кишини қа­бул қилиш қувватига эга.

— Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 8 миллион АҚШ долларини ташкил этади, — дейди "Добусия Самарқанд акваленд" масъулияти чекланган жамияти директори Баҳриддин Ибрагимов. — Айни пайтда лойиҳанинг бир қисми ишга туширилди. Умумий ҳисобда 3 миллион АҚШ доллари қийматидаги ишлар бажарилди. Бугунги кунда лойиҳадаги 2000 кишига мўлжалланган меҳмонхона, қишки бассейн, спорт-соғ­ломлаштириш маркази қурилиши давом этмоқда. Мазкур лойиҳани хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда амалга ошираяпмиз. Уларнинг лойиҳадаги улуши умумий қийматнинг 40 фоизини ташкил этади.

Бир кунда 3-4 минг кишига хизмат кўрсатиш имконига эга аквапаркда бир нечта кафе-бар, шунингдек, чўмилиш анжомлари ва кийимлари савдоси йўлга қўйилган.

Энг муҳими, мутасаддилар бу ерда санитария-гигиена талабларига алоҳида эътибор қаратишган.

— Умумий чўмилиш ҳавзаларидаги энг муҳим масала бу тозалик, — дейди Б. Ибрагимов. — Чунки, турли тери-таносил ва бошқа юқумли касалликларнинг юқиш хавфи бундай жойларда жуда юқори бўлади. Шу боис, ҳар бир ҳавзада сувнинг тозалигини таъминлаш бирламчи вазифа сифатида белгиланган. Сувга доимий равишда белгиланган махсус кимёвий воситалар орқали ишлов бериб борилади. Бу бирор юқумли хасталиги бор шахс сувга тушган тақдирда ҳам сув зарарсизлантирилади. Ҳудуддаги мавжуд вазиятнинг тиббий назоратини ташкил этиш ва зарур ҳолларда биринчи ёрдам кўрсатиш мақсадида тиббий ходим бириктирилган.

Мазкур чўмилиш ҳавзасининг эътиборли томони шундаки, ҳар бир бассейндаги сув ёш тоифасига кўра маълум ҳароратда ушлаб турилади. Болалар учун белгиланган жакузилардаги сув нисбатан илиқроқ ҳароратда сақланади.

— Дадам бассейнга чўмилишга олиб бораман, деганида жуда хурсанд бўлдим, — дейди 42-умумтаълим мактабининг ўқувчиси Данил Татаренко. — Сув анча илиқ экан. Маза қилиб чўмилдим. Айниқса, аттракционлар менга жуда ёқди. Ўқув йили бошлангунга қадар бу ерга яна бир-икки келиб мириқиб дам оламан.

Таъкидлаш жоизки, "Добусия Самарқанд акваленд" масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган лойиҳа тўлиқ якунига етгач, бу ерда бир вақтнинг ўзида 2 минг кишига хизмат кўрсатиш имкони яратилади. Айни пайтда аквапаркда 30 киши ишли бўлди. Якунда яна бир неча ўнлаб ёшлар учун янги иш ўринлари ташкил этилади.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ, "Samarqand" мухбири

11.08.2018 375 63 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства