samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

АЙЁМ МУНОСИБ НИШОНЛАНДИ

Чоп этиш

Ҳар бир қутлуғ санани, байрамларни кўтаринки кайфият, шоду хуррамлик билан нишонлаймиз.

Лекин улар орасида тинч­лик, осо­йишталикдек буюк неъмат қадр-қимматини англатувчи байрамни нишонлаш барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди, қалбларимизни энг эзгу орзу-умидларга ошно этади.

9 май — Хотира ва Қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 73 йиллиги муносабати билан "Инсон қадри улуғ, хотира муқаддас" шиори остида нишонланган байрамга шаҳар ҳокимлиги томонидан алоҳида тайёргарлик кўрилди.

Байрам тантаналари Хотира хиёбонидаги Мотамсаро она ҳайкали қаршисида уруш қурбонларини хотирлаш маросими билан бошланди. Вилоят ва шаҳар ҳокимликлари мутасаддилари, уруш ва меҳнат фахрийлари, нуронийлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бўлим ва бошқармалар, корхона-ташкилотларнинг раҳбарлари ва ходимлари, таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, талаба ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ҳамшаҳарларимиз ва шаҳримиз меҳмонлари хиёбонга жам бўлишди.

Йиғилганлар "Хотира китоблари"ни варақлаб, ўтганларни хотирлашди. Уларнинг жасорати ва матонати, фидойилигини ёд этишди. Шундан сўнг вилоят ҳокими                Т. Жўраев бошчилигида Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди. Маҳмуд Кошғарий кўчаси бўйлаб тинчлик ва осойишталигимиз поспонлари — ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари сафда юриб ўтишди. Ёшлар ва Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг суҳбатлари уюштирилди. Нуронийлар тинчликнинг бебаҳо қадр-қимматини, бугунги саодатли кунларни қадрлаш, ёшлар учун яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш лозимлиги хусусида гапиришди.

— Бундай бахтли дамларнинг ҳар онини байрам қилса арзийди, — дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Бектемир Қаршибоев. — Чунки, шундай дориламон кунларга, тинч-осуда ҳаётга минг қийинчиликлар, миллионлаб қурбонлар эвазига эришилган. Фарзандларимиз, набираларимиз бундай ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслиги ва она Ватанимиз — Ўзбекистонимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги учун доим ўзларининг ҳиссаларини қўшишлари лозим.

Тадбир муносабати билан Кўксарой майдонида Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан ҳарбий техникалар ва қурол-аслаҳаларнинг кўргазмаси ташкил этилди. Иштирокчилар ҳарбий техникалар билан яқиндан танишиб, миллий армиямиз куч-қудратли, Ватанимиз тинчлиги ишончли қўлларда эканлигига яна бир бор амин бўлишди. Бундан ташқари, майдонда ташкил этилган ҳарбий-дала ошхонаси ва ётоқхонаси (казарма), урушда жароҳатланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш тиббиёт пункти барчада ўзгача таассурот қолдирди.

Вилоят мусиқали драма театри олдида ҳарбий оркестр, самарқандлик хонандалар, болалар мусиқа ва санъат мактаблари тарбияланувчилари иштирокида уюштирилган концерт дас­тури барчага манзур бўлди. Бу ерда жам бўлган кексаю ёш, ҳарбийларнинг оила аъзолари, хориждан ташриф буюрган меҳмонлар, юртдошларимиз дастурни томоша қилиб, ўйнаб-кулишди.

Шунингдек, кекса-нуронийлар учун қўшимча имкониятлар яратиш, улар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлимига "Captiva", 16 та туман ва шаҳар бўлимларига эса "Damas" русумли автомобиллар топширилди.

— Кексалари улуғланган, оғири енгил қилинган юртда доим тинчлик бўлади, Ватан, албатта, равнақ топади, — дейди "Нуроний" жамғармаси шаҳар бўлими раиси Амриддин Муҳиддинов. — Чунки, сўзи ҳикмат, умри ибрат отахон ва онахонларимизнинг олтиндан қиммат дуосини, шодлигини ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Байрам муносабати билан бўлимимизга "Damas" автомобили берилгани биз, нуронийларни янада қувонтирди. Бундай имкониятларни юксак қадрлаб, шаҳримиз ва маҳаллаларимиздаги ижтимоий-маънавий муҳитнинг янада соғлом бўлишига, ёшларимизнинг тарбиясига, соҳалар ривожига ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшамиз.

Байрам муносабати билан Регистон кўчаси ҳамда Университет хиёбони бўйлаб шаҳримиздаги олий таълим муассасалари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицей ва умумтаълим мактаблари талаба ва ўқувчилари, ҳарбий хизматчилар, уюшмаган ёшлардан иборат 6 минг нафар спорт ихлосмандлари ўртасида югуриш марафони ва веломарафон ўтказилди. Марафонларда ёши улуғ отахонларнинг ҳам фаол иштирок этгани байрамга алоҳида шукуҳ бағишлади. Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

— Веломарафонда қатнашиб, "Энг иродали иштирокчи қиз" номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритдим, — дейди Самарқанд давлат университети талабаси Дилдора Худойназарова. — Бундан, албатта, хурсанд бўлдим, шу билан бирга, тинч-осудалигимиз, боболаримиз кўрсатган жасорат ва матонатига бағишланган байрам тантанасига ўз ҳиссамни қўшганимдан мамнунман.

— Соғлом бўлиш учун доим спорт билан шуғулланиб келаман, — дейди югуриш марафонида "Энг ёши улуғ марафончи" номинацияси бўйича ғолиб бўлган Қосим бобо Тельманов. — Қолаверса, бу саъй-ҳаракатимиз фарзанду набираларимизга ибрат ҳам. Бизнинг спортга ошнолигимиз уларнинг кучига куч қўшади, юксак марралар сари ундайди.

Хотира ва Қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 73 йиллиги муносабати билан уруш ва меҳнат фахрийларига "Боғишамол гарден" ресторанида байрам дастурхони ёзилди. Ёш хонандалар ва санъат усталари ижросидаги тароналар фахрийларимизда унутилмас таассурот қолдирди.

— Президентимизнинг иззат-икроми, йўллаган табриги, қимматбаҳо совғалари, вилоятимиз раҳбарларининг ғамхўрликларидан мамнун бўлиб, Яратганга шукроналар айтиб, барчаларини дуо қилдик, — дейди уруш фахрийси Рашид Раҳмонов. — Кўзларимизда севинч ёшлари қалқиди. Ватан, халқ олдидаги хизматимиз бу қадар юксак эътироф этилишини ҳатто тасаввур ҳам қилмагандик. Барчаси учун Юртбошимизга минг ташаккур. Ватанимиз тинч, осмонимиз мусаффо, фарзандларимиз бундан-да бахтли бўлсин! Байрамлар байрамларга улансин!

Муаллиф: Абдуҳошим ЗИЁДОВ, "Samarqand" мухбири

12.05.2018 16 36 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства