samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ЎҚУВЧИ ЎЗ ОТАСИНИ ЎЛДИРДИ

Чоп этиш

Уни бунга нима мажбур қилди?

Тойлоқ туманидаги 30-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Б. А.нинг отаси уч йилдан буён Россияда, онаси эса беш йилдан буён Туркияда ишлаб, топганини ҳали вояга етмаган ўғли Б.га жўнатарди. Б. юборилаётган пулларни сақлаш ўрнига ўзига қимматбаҳо кийим-кечаклар, атирлар ва ҳоказоларни харид қилар, ўртоқлари билан турли ресторан ва тунги клубларда вақтини ўтказарди.

 2018 йилнинг 4 октябрида Б. нинг отаси Р. С. Россиядан қайтади. Табиийки, ўғлидан юборган пулларини талаб қилади. Афсуски, Б. отасига пулларини топиб бера олмайди. Р.С. жаҳл устида ўғлининг юзига бир-икки шапалоқ туширади. Қорни тўқ, усти бут, аммо ота-она меҳридан бенасиб ўсган, аллақачон енгил ҳаёт ва маишатбозликка берилиб, онгу шуури заҳарланиб улгурган Б. бу жанжалдан сўнг зарда билан уйдан чиқиб кетади. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас пайт пойлаб уйига келган Б. отаси Р. С.нинг ухлаётганидан фойдаланиб, уни болта билан чопиб ўлдиради...

Самарқанд давлат университети академик лицейида ўтказилган "Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши биргаликда курашамиз! Мен ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга масъулман!" деб номланган тадбирда вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош­қармасининг катта инспектори Фозил Сатторов шу ҳақда сўз юритиб, вояга етмаганларнинг назоратсиз қолдирилишининг оқибатларига тўхталиб ўтди. Уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, кимлар билан мулоқотда бўлаётгани, ижтимоий тармоқлардан бетартиб фойдаланишига ота-онанинг бепарволиги, уларга таълим муассасаси, маҳалла ҳамда профилактика инс­пекторларининг эътиборсизлиги аянчли оқибатларга олиб келаётганини қайд этди.

Тадбирда вилоят ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар органлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши билан ҳамкорликда тунги клубларда олиб борилган рейдлар акс этган видеолав­ҳа намойиш этилди.

— Ўтган 2018 йилда вилоят ички ишлар бошқармаси ва бош­қа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ўқувчиларнинг дарс машғулотлари ҳамда тунги вақтларда қаровсиз ва назоратсиз юришларининг олдини олиш мақсадида 562 маротаба "Ўқувчи" ва "Тун" профилактик рейдлари, давомат тадбирлари ўтказилди, — дейди Фозил Сатторов. — Давомат тадбирлари давомида 877 нафар (418 нафар мактаб, 459 нафар коллеж) ўқувчи дарсларга сабабсиз, шундан 662 нафари (172 нафар мактаб, 490 нафар коллеж) мунтазам равишда келмаётганлиги аниқланди. Ўқувчиларнинг 626 нафари ўқишга қайтарилди. Шунингдек, 120 нафарининг ота-онасига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-моддасига асосан маъмурий чора кўриш учун ҳудудий ҳокимликлар ҳузуридаги вояга етмаганлар комиссияларига тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб юборилди.

Ўтган йили ўтказилган рейдлар натижасида жами 130 нафар вояга етмаганлар аниқланиб, улар вояга етмаганларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига олиб келинди. Жумладан, 107 нафар вояга етмаган ўқувчилар дарс вақтларида бозорларда назоратсиз ва қаровсиз юрганлиги, 23 нафари эса тунги вақтларда ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс­лар кузатуви ва назоратисиз тунги клубларда юрганлиги аниқланди.

Тадбирда сўзга чиққан академик лицей директори Азамат Умаров, СамДУ катта юрист-консульти Илёс Бўриев, шаҳар ИИО ФМБ 8-ИИБ таянч пункти бошлиғи Ғайрат Халилов ва бош­қалар мамлакатимизда олиб борилаётган ёшларга оид давлат сиёсати ҳақида тўхталиб, яратилаётган шароитларга муносиб бўлиш, имкониятлардан унумли фойдаланиш лозимлигини таъкидлашди.

"Тунги клуб бизга нима учун керак? Улар маънавиятсизликнинг уяси экан, нега ёпилмайди?". Тадбирда мутахассисларга ўқувчи ёшлар томонидан ана шундай ўринли саволлар берилди ва уларга атрофлича жавоб қайтарилди.

 

Муаллиф: А. АБДУВАЛИЕВ.

8.02.2019 79 6 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства