samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ЎҚИТУВЧИЛАР ИШГА САРАЛАБ ОЛИНАДИ

Чоп этиш

37-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ўтказилган матбуот анжуманида вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Рустам Йўлдошев бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтди.

— Бугунги кунгача олий таълим муассасасини амал-тақал қилиб битирган талабанинг онгида "ҳеч бўлмаса мактабдан иш топилади", деган қараш сингиб кетганлиги ҳеч кимга сир эмас. Ваҳоланки, мактаб таълими мамлакатимиз ва халқимизнинг эртанги тақдирини белгилаб берадиган, фарзандларимизнинг илк саводини чиқарадиган, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказадиган маскан, — деди Р. Йўлдошев. — Энди бундай муносабат тамоман ўзгаради. Ҳар бир мактабга ишга қабул қилинаётган ўқитувчи туман ва шаҳар халқ таълими бўлими томонидан тузилган комиссия орқали қабул қилинади. Комиссия таркибига халқ таълими бўлими мудири, беш нафар фан йўналиши бўйича олий тоифали ўқитувчи, ўқитувчи ишга қабул қилиниши кутилаётган мактаб директори қамраб олинади. Комиссия, биринчи навбатда, ўқитувчининг ўз соҳасига оид билимини баҳолайди. Билимли ва педагогик лаёқатга эга бўлган кадргина ишга қабул қилинади. Талабларга жавоб бера олмаганига эса ўз устида ишлаши учун имконият берилади. Илк бор жорий этилаётган айни амалиёт мактабларимизда саводсиз ўқитувчиларнинг фаолият олиб боришини, билимсиз ўқувчилар сафи кенгайишининг олдини олади.

Анжуманда ўқитувчиларнинг педагогик салоҳияти, билими, ўқувчиларнинг умумтаълим мактабларига қамраб олиниши, инновацион таълим технологияларини соҳага татбиқ этиш, мактаб биноларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш билан боғлиқ масалалар тилга олинди.

Таъкидланганидек, вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 1209 та умумтаълим мактабида 611399 нафар  ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. 2018/2019 ўқув йилида вилоят бўйича умумтаълим мактабларига жами 79719 нафар ўқувчи  биринчи синфга қабул қилиниши кутилмоқда. Ўқувчиларнинг ўзи яшаётган ҳудуддаги мактабга эмас, таълим-тарбия сифат ва самарадорлиги юқори бўлган умумтаълим мактабларига интилаётгани синфларда белгиланган тартибдаги 35 нафар ўқувчи эмас, 40-45 нафаргача ўқувчи таълим олишига сабаб бўлмоқда. Ана шундан келиб чиққан ҳолда, бу йил ҳар бир мактабда таълим сифатининг ортишига эътибор қаратилиб, айни масалага жиддий ёндашилади. Биргина шаҳримиздаги мавжуд 75 та умумтаълим мактабининг қуввати 55 минг нафар ўқувчига мўлжалланган бўлиб, 80 минг нафарга яқин ўқувчи таълим олмоқда. Бу эса ўқувчиларнинг пухта билим олиб, сифатли ўзлаштиришига, ўқитувчининг тўлақонли фаолият олиб боришига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди.

Умумтаълим мактабларининг ўқувчиларни қамраб олиш тизимини тартибга солиш, таълим-тарбия сифат ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида илм масканларида бир қатор таъмирлаш ва реконструкция ишларини олиб бориш, қўшимча ўқув биноларини қуриш режалаштирилган. Жумладан, жорий йилда инвестиция дастури асосида 1 та янги мактаб қурилади, 27 тасида реконструкция ва 13 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилади ва бунга бюджетдан жами 78,171 миллиард сўм маблағ ажратилган. Шунингдек, 32 та мактабда спорт зали қурилиши белгиланган бўлиб, бунга 31.070 миллиард сўм маблағ йўналтирилмоқда.

Жорий ёз мавсумида 21130 нафар бола 23 та доимий ва 55 та кундузги соғломлаштириш оромгоҳларига қамраб олинади. Оромгоҳларга қамраб олинмаган ўқувчи ёшлар эътибордан четда қолмаслиги учун "Ёз концепцияси" лойиҳаси амалга оширилади. Концепция доирасида ҳар бир мактаб қошида соғломлаштириш майдончалари, "Баркамол авлод" болалар марказларида тўгарак маш­ғулотлари ва туман (шаҳар) ахборот-ресурс марказларида китобхонлик тадбирлари ташкил этилади. Таълим муассасаларида жорий йилнинг 15 июнидан  15 августигача ҳафтанинг душанба — жума кунлари ўқувчилар учун маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари, кўнгилочар машғулотлар ўтказилади.

Анжуманда 10-11 синфлар учун ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари ўқув йили давомида қониқарсиз фаолият олиб боргани, бундай ҳолат таълим муассасаларидаги тўгараклар фаолиятида ҳам кузатилгани танқидий таҳлил этилди.

Журналистлар ўқитувчилар доимий юритиши шарт бўлган ортиқча ҳужжатларни қисқартириш, 1-синфга ўқувчиларни қабул қилишдаги муаммоларни бартараф этиш, ота-оналардан ноқонуний пул йиғишларга батамом чек қўйиш каби таклифлар билан мутахассисларга мурожаат қилишди ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Муаллиф: А. ЗИЁДОВ

9.06.2018 215 44 Таълим
окна фотограф html php памятники знакомства