samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Ўз вақтида тўланган солиқ

Чоп этиш

фаровонлик ва тараққиётга хизмат қилади

Мамлакатимиз иқтисодий тараққиёти, юртдошларимизнинг фаровон турмушини таъминлаш кўп жиҳатдан солиқларнинг ўз вақтида тўланиши, тўлов интизомига қатъий риоя этилиши билан чамбарчас боғлиқ. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ўз вақтида ва белгиланган муддатлардан кечиктирмасдан тўланган солиқ республикамиз бюджетига қўшилаётган салмоқли ҳиссадир.

Ўз навбатида, солиқ ставкаларида ҳам ўзгаришлар рўй берганини қайд этиш жоиз. Жисмоний шахслар томонидан тўланадиган мол-мулк ва ер солиқларининг 2018 йилги ставкаларида ҳам ўзгаришлар кузатилди. Чунончи, 2017 йилда солиқ ставкаси мулкнинг инвентаризация қийматига нисбатан белгиланган. 2018 йилда эса кадастр қийматига нисбатан белгиланди. Шу ўринда бир жиҳатга эътибор қаратиш зарур: жисмоний шахс­ларнинг мол-мулк солиғи кадастр ҳужжатлари бўйича 42 миллион сўмдан кам бўлмаган кадастр қийматига нисбатан ҳисобланади. Турар жойлар, квартиралар, дала ҳовли қурилмалари (умумий майдони 200 квадрат метрдан ортиқ бўлгани бундан мустасно), бошқа иморатлар, хоналар ва иншоотлар  учун кадастр қийматига нисбатан солиқ ставкаси 0,2 фоизни ташкил этмоқда. Ўтган йили бу ставка 1,7 фоиз эди. Ўртадаги тафовутга тўхталсак, солиқ ставкаси 8,5 бараварга камайди. Шаҳарларда жойлашган турар жой ва квартиралар учун тўланадиган солиқлар ставкалари ўзгарди. Жумладан, 200 квадрат метр­дан 500 квадрат метргача бўлган турар жой ва квартиралар учун солиқ ставкаси 0,25 фоиз этиб белгиланган. Ваҳоланки, бир йил муқаддам бу 2,1 фоиз эди. Умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган турар жой ва квартиралар учун тўланадиган мол-мулк солиғи ставкаси 0,35 фоизни ташкил қилмоқда. 2017 йилда ушбу солиқ ставкаси 2,9 фоиз бўлган.

Бошқа аҳоли пунктларидаги умумий майдони 200 квадрат метрдан ортиқ бўлган турар жой, квартира ва дала ҳовли қурилмалари эгалари жорий йилда 0,25 фоиз миқдорида солиқ тўлайди. Ўтган йили эса ушбу солиқ 2,1 фоиз миқдорида тўланган. Кадастр қиймати бўлмаган молк-мулк­ларнинг шартли қиймати эса жорий йилда ошганини айтиш мумкин. Жумладан, Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида шартли қиймат 210 000 000 сўм этиб белгиланди. Ўтган йили бу 20 миллион 328 минг сўмни ташкил этган. Бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойлардаги мазкур тоифага мансуб мол-мулкнинг шартли қиймати 90 000 000 сўм этиб белгиланди. Бир йил муқаддам бу 8 миллион 833 минг сўмни ташкил қилганди.

Ер солиғи ставкаларида 2018 йилда қандай ўзгаришлар рўй берди, деган савол туғилади.  Жисмоний шахсларнинг ер солиғи ставкаси жорий йилда 1,15 бараварга ошганини қайд этиш керак.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 275-моддасида мол-мулк, 290-моддасида ер солиғи бўйича имтиёзлар кўзда тутилган бўлиб, ушбу солиқ турларидан озод этилганлар рўйхати белгиланган. Бундан ташқари, имтиёзлар қўлланилиши шартлари, тартиб-қоидалари ҳам назарда тутилган.

Жисмоний шахслар мол-мулк ва ер солиқларини ҳисобот йилининг 15 октябрига қадар амалга оширишлари керак. Ушбу солиқлар бевосита маҳаллий бюджетга тушишини ҳар бир юртдошимиз ёдда тутиши лозим. Демак, солиқларни ўз вақтида тўлаш орқали ўзимиз яшаётган ҳудуднинг ҳар томонлама равнақ топишига, турмуш даражамизни сифат нуқтаи назаридан юксалтиришга, ободлик ва фаровонликни таъминлашга, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштиришга, миллий иқтисодиётимизнинг барқарор суръатларда ривожланишига ҳисса қўшган бўламиз. Шундай экан, масъулият ва дахл­дорлик ҳисси ҳар бир солиқ тўловчининг асосий мезонига айланиши шарт.

Муаллиф: Умид АЛИМОВ, вилоят давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси давлат солиқ инспектори

15.09.2018 68 72 Иқтисодиёт
окна фотограф html php памятники знакомства