samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Ўзбек бахшичилик санъати

Чоп этиш

У минг йиллар олдин ривожланган, камолга етган

Ўзбек халқ достонларини бахшилар фаолиятидан ажратиб ўрганмоқ масалага бир ёқлама ёндашиш бўларди. Чунки, халқ достонлари ўқиб мутолаа қилиш учун эмас, балки куй жўрлигида ижро этишга мўл­жалланган. Бундай ижрони эса бахшилар амалга оширади. Бахшиларнинг ижро санъати, ундаги архаиклик, соддалик ва оддийлик бундай фаолиятнинг илдизи ниҳоятда қадимий эканлигини билдиради.

«Бахши» мўғулча сўз бўлиб, устод, маърифатчи деган маънони анг­латиши ҳақида Ҳ. Зарифов ёзган эди. Бироқ Алишер Навоийнинг «Муншаот» асарида «Бир сабоҳдин туш вақтиғача ва пешиндин оқшомғача анча иш қилурларким, неча девон, неча нависанда бахши ва неча парвоначи қила олмағайлар», деб ёзиб қолдирилганки, бу ерда бахши котиб, мирзо маъноларида ҳам қўлланган. Ўзбеклар орасида бахши яна бир қанча номлар билан аталади. Ўрта Осиёнинг жанубий ҳудудларида юзбоши, созанда, Тожикистоннинг ўзбек-лақайлари орасида соқи, Фар­ғона водийсида сановчи, шунингдек, жиров, жирчи, оқин каби номлар билан юритилади. Бундай халқ ижодкорлари бошқа туркий халқлар орасида ҳам мавжуд бўлиб, қозоқларда оқин ва жиров, қирғизларда манасчи, мўғулларда тўлчи, ўғузларда узан, дейилади. Тожик фольклоршунослигида халқ эпоси ижрочилари гўянда, ҳофиз ва шоир дейилади. Бироқ «Гўрўғли» туркумидаги дос­тонлар ижрочисини достонга қиёсан гўрўғлисаро, деб ҳам аташади. Йирик ўзбек бахшиларининг номига «шоир» сўзини қўшиб ишлатиш ҳоллари мавжуд. «Шоир» арабча сўз бўлиб, асосан поэтик асарлар ижодкорлари, лирик асарлар муаллифларига нисбатан қўлланади. Бахшиларнинг бундай аталиши нисбатан ке­йинги даврлар маҳсули бўлиб, ёзма адабиётнинг халқ оғзаки ижодига кўрсатган таъсири натижаси ҳисобланади.

Бахши халқ достонларини юқори, профессионал даражада, асосан, дўмбира, шунингдек, қўбиз жўрлигида ижро этувчи, уларни аждоддан-авлодга ўтказувчи халқ санъаткоридир. Бироқ эл орасида бахши, деганда гоҳида келажакни кўрувчи фолбин, дуохон, кинначилар ҳам тушунилади. Кинначи-бахшилар сеҳрли, деб билинган сўзлари ва ғайритабиий туюладиган ҳаракатлари билан касал кишини дарддан халос қилишга ёки келажакдан дарак беришга интилишади. Бундай фаолият усули шомонлик ҳам дейилади. Шомонийлик қадимги туркийларнинг диний эътиқод шаклларидан ҳисобланган. Унинг асосида ёвуз ва эзгу руҳларнинг инсон ҳаётига таъсир этишига ишонч ётади. «Қўрқут ота китоби»даги Қўрқут ота ҳам уруғнинг улуғ оқсоқоли бўлиш билан бирга, қўшиқчи ва айни вақтда элининг келажагидан хабар берадиган шомон сифатида намоён бўлади. Бу нарса ўтмишда бахшилар халқ достонларини куйлаш билан бирга, руҳий таъсир кўрсатувчи ва касални тузатувчи вазифаларни ҳам бажарган, деган тушунчани ҳосил қилади. Дарҳақиқат, қирғиз манасчиларининг оғир беморларга, тўлғоқ тутган хотинларга дардини енгиллаштириш учун ҳам достон куйлаганлиги маълум. Шунингдек, туркманлар «бахши» деганда халқ ҳофизини тушунсалар, қозоқлар кинначи-шомонни «бақсу», деб аташган.

Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё бахшиларининг кўпчилиги дос­тон куйлаётганда одатдаги овозини мусиқа асбоби навосига мослаб ўзгартиришади. Овозни созга жўрлаш бахшилар орасида «Тилло тарози», деб аталади.

Бахшилар орасида яна бир қанча туркум ижодкорлар бор. Уларнинг айримлари достонларни дўмбира чертиб, бироқ товушини ўзгартирмасдан, одатий бир тарзда айтсалар, бошқа бир ижрочилар достонларни ҳеч бир созсиз, фақат оғзаки айтишган. Шундай ижрочилардан бири атоқли шоир-қиссахон Раҳматулла Юсуф ўғлидир.

У бахшичилик санъатини Эргаш Жуманбулбул ва Пўлкан бахшидан ўрганди. Бахшидан «Тоҳир ва Зуҳра», «Вомиқ ва Узро», «Варқа билан Гулшоҳ», «Зевархон», «Суманбар» каби достонлар ёзиб олинган. Шунингдек, у «Гўрўғли» туркумидаги достонларни куйлаган.

Бахшилар тингловчилар талабларидан келиб чиқиб куйлаётган достонининг матнини ўзгартириб туришган. Унга насрий баённи чўзиши ёки аксинча қисқартириши, айрим эпизодларни ривожлантириши мумкин бўлган. Бироқ бу каби ўзгаришлар қатъий шаклланган анъана қолипларидан четга чиқишни ман қилган. Шуни ҳам алоҳида қайд қилиб ўтиш керакки, эпик асар услубининг талқини фақат асл тарихий ижро матни асосида амалга ошиши лозим бўлган. Чунки, асар матнига аралашиш, ўзгартириш киритишга уриниш эпик асарнинг бадиийлик даражасига ва тарихийлик қимматига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Бир асарни даврга ва даврага мос тарзда ўзгартириб айтиш учун бахши ўзига маъқул вариантни ёдда сақлаган. Бахшиларнинг бундай фаолияти улардан фавқулодда кучли хотира эгаси ва бадиҳагўй бўлишни талаб қилган. Жумладан, Пўлкан шоир (1874-1941) умрининг охирларида 70 дан ортиқ достонни ёд билган. Уларнинг ҳар бири икки-уч минг мисрадан то ўн-ўн беш минг мисрагача шеърдан ва деярли шунча насрий қисмдан ташкил топган. Улардан энг йириги «Қиронхон»да йигирма минг­га яқин мисра мавжуд бўлган. Бундай ҳайратомуз қобилият ва иқтидор бахшиларнинг нақадар катта салоҳият эгаси бўлганлигидан дарак беради. Бунинг тасдиғи сифатида Ҳоди Зарифов бир мисолни келтиради: атоқли бахши шоир Эргаш Жуманбулбул ўғли 1922 йилда Тошкентда босилиб чиққан қозоқча «Қиз Жибек» достонини икки марта ўқиб чиққач, бир ойдан кейин унга ижодий ёндашган ҳолда ўзбек тилида деярли айнан айтиб ва ёзиб беради. Бахшиларнинг эсда сақлаши учун бир асарни бир-икки ўқиб беришнинг ўзи кифоя эди.

Фавқулодда хотира эгаси ва бадиҳагўй бўлмоқ учун бахшилар шогирдларини ёшлигиданоқ қатъий тартиб ва қоидалар бўйича тарбиялашган. Кўплаб таниқли ўзбек бахшилари нафақат ижодкор бўлишган, балки бир вақтнинг ўзида бир қанча бахшиларга устозлик ҳам қилишган. Бундай бахшилар шо­гирд­ларини икки-уч йил, айрим жойларда беш-олти йил бепул ўқитишган, ёш ижодкорлар эса устозга уй-рўзғор ишларида қарашиб туришган.

Бўлажак бахшилар устозга ҳамроҳ бўлиб, қишлоқма-қишлоқ дос­тонларни тинглаб, камолга етишган. Устоз кузатуви остида шогирдлар аввало достонларнинг анъанавий жойларини ёд олишган, сўнг бос­қичма-босқич достоннинг барча матнини хотирасига жо қилишган. Қачонки, шогирд устоз репертуаридаги асарлардан кўпчилигини ёддан ижро эта олса, устоз шогирд учун махсус синов уюштирган: шогирд сараланган аудитория олдида бутун бир достонни маромига етказиб куйлаб бериши лозим бўлган. Агар у устоз талабларига мос ижро этилса, шундан сўнггина тарбияланувчи бахши номини олган ва мустақил фаолият олиб бориши мумкин бўлган.

Фольклоршуносликда Булунғур, Қўрғон, Шаҳрисабз, Хоразм достончилик мактаблари ҳақида маълумотлар бор эди, холос. Тўра Мирзаев яна бир қанча достончилик мактабларини кашф этди: Нурота, Шеробод, Қамай, Пискент, Жанубий Тожи­кис­тон. Биз уларнинг айримлари ҳақида тўхталиб ўтамиз.

XIX аср охири XX аср бошларида Самарқандда иккита — Булунғур ва Қўрғон бахшичилик мактаблари мавжуд эди. Бу мактабларда, асосан, эпик санъат ривожланган бўлиб, улардан даврининг буюк ижодкорлари — Фозил Йўлдош ва Эргаш Жуманбулбул ўғли етишиб чиққан.

Булунғур мактаби вакиллари асосан «Алпомиш» каби қаҳрамонлик   эпосларини   куйлашган   бўлса,   Қўр­ғон   мактабида асосий эътибор романтик достонларга қаратилган. Табиийки, достонларнинг мазмун-моҳияти таъсирида уни куйлаш усуллари ҳам турлича бўлган. Жумладан, булунғурлик бахшилар асарни ўта анъанавий ва архаик бир тарзда куйлашган бўлса, қўрғонлик ижодкорлар куйлаш усулида бадиий ранг-баранглик ва поэтик жимжимадорлик етакчи ўрин тутган. Кейинги мактаб вакиллари ижро этган достонларда араб ва форс-тожик адабиётларидаги образлар, ўзбек адабиётидаги сюжетлар ҳам учрайдики, бу нарса авваламбор, Қўрғон бахшиларининг мактаб ёки мадраса таълимидан яхшигина хабардор бўлганлигидан, ижролари ёзма адабиёт таъсирига учраганлигидан далолат беради.

Бахшичиликнинг яна бир мактаби XIX асрда Шаҳрисабзда мавжуд бўлган. Унинг ёрқин вакили Абдулла Нурали ўғли (1874-1957) бўлиб, у йирик достончи-шоир Ражаб бахшининг шогирдидир. Бу мактабнинг ўзига хос томони шундаки, бу ердаги бахшилар достонларни шўх, қувноқ, кўтаринки руҳда айтишган, куйларни юқори профессионал даражада ижро этишган.

Ўзбекистон ва Тожикистон жанубидаги бахшиларни бирлаштирган Шеробод достончилик мактаби вакиллари ижро этган «Олтин қовоқ», «Малла савдогар», «Оллоназар Олчинбек» каби достонлар юқорида келтирилган достончилик мактаблари вакиллари томонидан ижро этилган. Кўплаб шогирдлар етиштирган бахши Шерназар Бекназар ўғли бу мактабнинг машҳур вакили ҳисобланади.

Жанубий Тожикистонда яшовчи ўзбек-лақайлари орасида ҳам ўзига хос бахшичилик мактаби мавжуд. Фольклоршунос олима М. Миркамолова 1961-1966 йилларда Жанубий Тожикистонда ўтказган фольклор экспедицияси даврида ўзбек-лақайлари орасида яшаб ижод қилган 114 нафар соқи (бахши) ҳақида маълумот бериб ўтганки, бу ҳолат маҳаллий ўзбеклар орасида достончилик анъанаси нақадар кенг тарқалганлигидан дарак беради.

Муаллиф: Эркин МУСУРМОНОВ, адабиётшунос

28.02.2018 205 16 Адабиёт
окна фотограф html php памятники знакомства