samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Ўзбек астрономия илми асосчиси

Чоп этиш

Биз IX-XV асрларда яшаб, ижод этган аждодларимизнинг тиббиёт, математика, геология, физика, астрономия ва тасаввуф илми, ислом маданиятининг ривожланиши йўлида буюк кашфиётларни амалга оширганликлари билан фахрланамиз.

Айни кунларда таваллудининг 624 йиллиги кенг нишонланаётган буюк бобокалонимиз Мирзо Улуғбекнинг бой меросини ўрганиб, унинг фаолиятини давом эттиришни зиммамиздаги улкан масъулият ва бурчимиз, деб биламиз.

Мирзо Улуғбек таваллуди муносабати билан барча таълим муассасаларида кенг қамровли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилаётганлигини таъкидлаш жоиз. Шаҳар ҳокимлиги, олий ўқув юртлари ва бир қатор жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда бу улуғ сиймога эҳтиром кўрсатилиб, ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди. Ҳаёти, авлодларга қолдирган моддий ва маънавий мероси ёд этилди.

Дарҳақиқат, Мирзо Улуғбек илмий ва маданий меросининг турли жабҳаларини        В. Бартольд, Қори Ниёзий, Ботурхон Валихўжаев, Ашраф Аҳмедов каби олимлар чуқур ўрганишган. Ҳозирги даврга келиб, Ўзбекистон Фанлар академиясининг тарих, шарқшунослик, астрономия илмий-тадқиқот институтлари, Ўзбекистон Миллий университети, Самарқанд, Бухоро, Андижон давлат университетларининг олимлари, бир қатор халқаро фондлар томонидан фаол ўрганилаётир. Биргина астрономия фани ривожланишида, янги-янги илмий ҳодиса ва объектларнинг очилишида Ўзбекистон Фанлар академияси астрономия институти ҳамда унинг таркибига кирувчи Майданак обсерваторияси, Китоб кенглик станцияси академик Ш. Эгамбердиев раҳбарлигидаги кўп сонли олим-мутахассисларнинг кашфиётларини эътироф этиш лозим.

Мамлакатимизда астрономия фанини янада тараққий эттириш, Мирзо Улуғбекнинг муносиб ворисларини тайёрлашга ҳукуматимиз томонидан юксак эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим. 2017 йилнинг 14 сентябрида Ўзбекистон Республикаси      Президентининг "Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатини ва "Астрономия ва аэронавтика" боғини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорининг қабул қилингани фикримизнинг тасдиғидир. Унда астрономия фанини ривожлантириш учун иқтидорли ёшлар орасидан ушбу соҳанинг малакали кадрларини тайёрлаш, ўсиб келаётган ёш авлодни астрономияни ўрганиш бўйича халқимизнинг тарихий анъаналарига садоқат руҳида тарбиялаш, иқтидорли ёшларнинг астрономия ва аэронавтика фаолияти соҳасидаги миллий ва умумжаҳон илм-фанининг янги ютуқларини ўрганиш ва ўзлаштиришга бўлган интилишини ривожлантириш, ёшларнинг аэронавтика фани ва техника асосларини эгаллаши учун шароит яратиш алоҳида мақсад қилингани эътиборга молик.

Ушбу мактаб-интернатнинг қурилиш-таъмирлаш ишлари жорий йилнинг августига қадар тугалланиб, келгуси ўқув йилигача зарур мебель, ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси, дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминланиши кўзда тутилган.

Мирзо Улуғбек — ўзбек астрономия илми асосчиси. Нафақат жаҳон аҳли, ҳатто халқимиз ҳам Мирзо Улуғбек бобомизни астроном олим ва давлат арбоби сифатидагина билишади, холос. Ваҳоланки, у математика, география, тарих, адабиёт ва санъат, социология ҳамда ижтимоий соҳаларда ҳам салмоқли асарлар яратганлиги тарихдан маълум. Масалан, унинг "Тўрт улус тарихи" китоби инсоннинг пайдо бўлишидан то Амир Темур давригача, шу жумладан, Чингизхон даври ва унинг авлодлари тарихини ўз ичига олган мукаммал асар ҳисобланади. Унинг ўз замонасининг йирик олий таълим муассасаси — университети бўлган улкан мадрасага асос солганлиги манбалардан маълум. Улуғбек мадрасасида диний билимлар билан бирга, математика, геометрия, астрономия, медицина, тарих, география, поэтика, этика каби фанлар ўқитилганлиги эътирофга лойиқ.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Мирзо Улуғбек ҳаёти, кенг қамровли илмий фаолиятини чуқур ўрганиш, ўрганилганларни ҳаётга татбиқ этиш, олий таълим муассасаларида юксак салоҳиятли кадрлар тайёрлашни жадал ривожлантириш мақсадга мувофиқ бўлади.

Муаллиф: Мўмин ҚОДИРОВ, СамДУ профессори

24.03.2018 122 22 Маданият
окна фотограф html php памятники знакомства