samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Ўзбекча исмлар урфдан қолдими?

Чоп этиш

Яқинда бир газетада машҳур қўшиқчиларнинг фарзандларига қўйган исмларига оид берилган мақолани ўқиб қолдим.

Албатта, бу бир-биридан гўзал исм­ларни ҳурматли санъаткорлар яхши ниятлар билан, билишимча, бамаслаҳат қўйишган. Исмларни ўқиб, ҳофизларимизнинг топқирлигига, рости, қойил қолдим. Бироқ, мени ўйлантириб қўйгани исмларнинг орасида биронта соф ўзбекча исм йўқ эди!

Бир арабистонлик меҳмон билан суҳбатда бўлганимда унинг кузатиши менинг эътиборимни тортди. У: "Нега ўзбеклар орасида бунча арабча исмлар кўп", деб сўраб қолди. Мен унга динимиз ва одатларимиз нуқтаи назаридан шундайлигини тушунтирган бўлдим (кошки, шуни унинг ўзи тушунмаса). Шундан ке­йин менга қайсидир ёш тоифадаги ўзбек футболчиларининг исми шарифларини ўқиб берди ва шуларнинг орасидан соф ўзбекча исм топиб беришимни сўради. Гапнинг рости, мен қийинчилик билан икки-учтасини аниқладим, холос. Шунда у бизнинг исмларни уларники билан адаштириб юбормайдиган бир фарқни айтди. Бу фарқ исми шарифдаги "-вич" ва "-ов(а)" қўшимчалари экан. Қизиқ, шу қўшимчалар звазига бизнинг ўзбеклигимизни ажратиб олишса-я!

Бизнинг исмлар ўзбекча сўзлар каби рус ва бошқа халқларга ўтиб кетди, биз эса уларнинг ўрнига арабча ҳамда форсча исм ва сўзларни қабул қилганмиз. Жумладан, ўзбекча "товар", "утюг (ўтлуғ)", "карандаш (қора тош)", "битик" каби сўзларни русларга бериб, ўрнига арабча "маҳсулот", дазмол", "қалам", "китоб" каби сўзларни ўзлаштириб олганмиз. "Битик" инглизларга "book" кўринишида ўтган. Агар ҳозир оддий одамга "кирпич", "карандаш", "киоск" (кўшк) сўзлари ўзбекча сўзлар десам, мени саводсизга чиқариши аниқ. Шундай ҳолат исмларимиз билан ҳам содир бўлган.

Дин ҳукмронлик қилган ўтмишда арабча сўзларни ишлатиш, исмларни қўйиш одатий ҳол бўлган. Шўролар даврида исмларда миллий руҳ акс этмаслиги маъқул топилган. Лекин ҳозир бутун дунёга ўзлигимизни танитаётган бир даврда асл ўзбек исмларини четга суриб қўйиб, ёппасига бошқа халқларнинг исмларини қўйишга берилиб кетиш тўғримикан?

Ҳа, айтгандай, шу араб меҳмон менга араб исмлари орасидан биронта ўзбекча исм топиб беришимни сўради. Нима учундир биронта ҳам араблашган ўзбекча исм ёдимга келмади. Ўзбекларда мавжуд исм­ларнинг балки ҳар ўнтадан биттаси асл ўзбекчадир, қолган исмларнинг кўпчилиги арабча. Арабларда ўзбекча исмлар учрамайди, улар бунга зарурат сезмайди.

Халқимиз орасида форсийча исм­лар ҳам жуда кўп, "Дил" ва "Гул" билан боғлиқ исмларнинг адоғи йўқ, бироқ форсларда биронта ўзбекча исмни топиш мушкул. Бу маданиятимизнинг юқорилигими, ёки бизнинг асл илдизларимиздан узоқлашиб кетганлигимиздан даракми?

Араб меҳмоннинг айтишича, араблар ҳозирда фарзандларига қўймайдиган арабча исмларни-да, биз болаларимизга қўяётган эканмиз. Уларга Хўжа, Мадина, Толиб, Фирдавс каби исмлар мансуб экан.

Дунёда ўзбеклардан бўлак араб бўлмаган мусулмон халқлар ҳам кўп. Бу халқлар вакиллари исмларига эътибор берсак, улар асосан, ўзларининг миллий номларини сақлаб қолган. Бу исмлар орасида арабча бўлмаган, бироқ эгаси мусулмон бўлган Радж, Серикбой, Армстронг, Ўзил, Алсу, Анқабой, Тотлисас, Айсулув, Анди, Хуршедзода, Вурғун каби қайси халқнинг вакили эканлигини билдириб турадиган исмларни кўплаб топишимиз мумкин. Араб, турк, қозоқ, эрон эстрадаси вакиллари орасида ўз миллатига хос исм билан аталмаган ҳофизни топиш мушкул, эринмасангиз бир санаб кўринг.

Яхшиямки, соф ўзбекча исмлар асосан, чекка вилоят ва қишлоқларда ҳали ҳам сақланиб қолган. Майли, бу исмларнинг орасида Болта, Пўлат, Қоржов, Жовли, Қўчқор, Қўзи, Бўрибой, Қилич, Ўроқ каби айримлар учун "маданиятсиз" исмлар бўлиб туюлиши мумкин бўлган номлар бордир. Бироқ, уларни яроқсизга чиқаришдан олдин бобо ва момоларимиз нима учун шундай исм­ларни танлаганлигининг сабабларини ҳеч ўйладикми? Балки, улар даражасида фикр қилишга ҳали ожиздирмиз. Бу исмларнинг тагида ҳам инсонни турли балою қазодан асровчи тушунчалар борлигини балки тушунмаймиз. Маълумки, халқимиз азалдан тиш билан туғилган чақалоққа Бўривой, Бўригул, чақалоқлар нобуд бўлаверса Турсунбой, Тўхтасин, Ўлмас, кўп йил кутилган болага Берди, Тилов, Тўлаган, агар оилада ўғил бўлмаса Улбуви, Улбўсин, Ўғилой, йўлда туғилган болага Йўлчи, Жўллибой каби исмларни қўйишган. Гоҳида ўзбекча исмларни атайин араблаштиришга ўриниш ҳоллари учраган. Бундай ҳолатни ўтмишда Темур исмини арабчалаштириб, Таймурга айлантиришга бўлган уринишларда кўришимиз мумкин. Хуррам исмининг форсча Ҳуррам сўзига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Қишлоқларда чақалоқнинг хуррак отиб ухлагани учун шундай исм қўйилган. Эмин исми ҳам арабча Аминнинг ўзгарган шакли эмас, бунда эмин-эркин сифатининг биринчи сўзига ишора қилинмоқда.

Санъаткорларимиз орасида Ботир, Юлдуз, Кумуш, Отабек, Эркин, Севара, Йўлдош, Теша, Тўлқин, Охун, Улуғбек, Ойбек, Руслан (Арслон), Жасур, Ўктам каби исмлилар борлиги хурсанд қилади. Араб меҳмон бу исмларнинг эгаларини ўзбек халқи вакиллари эканлигини ҳеч қандай "ич" ва "ов" қўшимчаларсиз ҳам билиб олаверади.

Илёс Маллаев, Абрам Толмасов каби таниқли санъаткорлар фамилиялари аждодлари ўзбек ва уларнинг исмларига катта ҳурмат билан қараганлигини англатиб турибди.

Бир рус шарқшуноси Денис, Алберт, Артур исмлари ҳам асли қадимги ўзбекча исмларнинг ўзгарган шакли деганда дастлаб ишонмагандим. Кейин у менга Денис асли ўзбекча Денгиз исмидан келиб чиққан бўлиб, у Кавказда Тенгиз, туркларда Дениз шаклини олганлигини, Алберт эса қадимги Самарқанднинг афсонавий ҳоқони Фирдавсийнинг "Шоҳнома"сида Афросиёб номи билан келтирилган Алп эр Тўнға исмининг ўзгарган шакли эканлигини эринмай тушунтириб берганди. Европага ўзлашган бу каби қадимги ўзбекча исмлар анчагина экан. Ҳозирга келиб биз Денгиз, Хонтемир каби исмларни бегона деб, Иноятуллоҳ, Муҳибиллоҳ каби исмларни ҳеч иккиланмай ўзбекча деймиз. Ўзбекча бўлмаган, бироқ асосан ўзбеклар орасида қўлланиладиган форсча-арабча Рустам, Алишер, Шерали, Баҳор, Дилором, Гулсара, Шуҳрат, Азим каби исмларнинг қўлланилиши эса исмларимиз орасида ранг-барангликни таъминлаб туради.

Ўзбек исм­лари орасида бир-биридан чиройли, гўзал исмлар жуда кўп. Уларга Юлдуз, Барчиной, Чўлпон, Қундуз, Олтин, Кумуш, Текина, Туркон, Севинч, Чечак, Қувонч, Аскар, Арслон, Пўлат, Ўткир, Ўктам, Эмина, Эркин, Бектош, Бўритош, Бобур, Ботир, Боғир, Баҳодир, Санжар, Лочин, Шун­қор, Баён, Баёт, Жасур каби кўплаб исмлар мансубдир. Соф ўзбекча исмлар деярли тўлиқ ҳолда "Алпомиш" достонида учрайди. Алпомиш, Қалдирғоч, Барчин, Бойбўри, Бойсари Қоражон, Сарибой, Кунтуғмиш, шунингдек, барча қалмоқ алплар исмлари бунга мисол бўлади.

Муаллиф: Эркин МУСУРМОНОВ, адабиётшунос

8.08.2018 347 62 Адабиёт
окна фотограф html php памятники знакомства