samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Ёш тадбиркорларнинг истиқболли лойиҳалари

Чоп этиш

ўз вақтида рағбатлантирилмоқда

Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда вилоят аҳолисининг 62 фоизини  ёшлар ташкил этади. Сўнгги ўрганишлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, ёшлар ўртасидаги энг муаммоли вазият бу — ишсизлик билан боғлиқ. Шу мақсадда ишлаб чиқилган "Yoshlar — kelajagimiz" Давлат дастури асосида бугунги кунда туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хўш, олиб борилаётган бу ислоҳотлар ўз самарасини беряптими? Ушбу саволга жавоб топиш мақсадида Давлат дастури ижроси билан қизиқдик.

— Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида барча туман ва шаҳарларда жами 23 та "Ёшлар меҳнат гузар"ларини, шунингдек, ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш мақсадида 3 та "Ёш тадбиркорлар" коворкинг марказларини қуриш учун ташаббускор тадбиркорлар аниқланди, — дейди "Yoshlar — kelajagimiz" жам­ғармаси шаҳар филиали директори, вилоят координатори Салоҳиддин Фазлиев. — Уларга бино ва ер майдони ажратилиб, қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Жорий йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида яна 13 та меҳнат гузари қуриш учун инвесторларга ер ажратиш режалаштирилган. Ҳозирда шаҳримизда замонавий ёшлар коворкинг маркази қурилиши давом этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, "Yoshlar — kelajagimiz" Давлат дастури доирасида вилоят ёшларининг 88 млрд. 910 млн. сўмлик 946 та ло­йиҳаси шакллантирилиб, йил якунига қадар 6 439  та янги иш ўрни яратилиши белгиланган. Бугунги кунга қадар 284 нафар ёшларнинг 32 млрд. 212 млн. сўмлик лойиҳалари молиялаштирилиб, 2 182 та янги иш ўрни яратилди.

Ёш тадбиркор Қобил Марупов "Кабил савдо инвест" масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилиб, "Yoshlar — kelajagimiz" Давлат дастури асосида ташкил этилган "Yoshlar — kelajagimiz" жамғармасидан 180 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлади.

— Жамғарма томонидан тикувчилик йўналишидаги лойиҳам маъқулланиб, менга сентябрь ойи­да имтиёзли кредит ажратилди, — дейди ёш тадбиркор Қобил Марупов. — Ушбу маблағ ҳисобидан 9 та замонавий тикув машинаси ва бошқа зарур жиҳозларни харид қилдик. Лойиҳада белгиланган 10 та иш ўрни яратилди. Бугунги кунда корхонада махсус иш кийимлари тикиляпти. Юртимизда тадбиркорлар учун яратилаётган имкониятлар бизни янада руҳлантирмоқда. Фаолиятимни яқинда бошлаганимизга қарамай, уни кенгайтириш ниятидаман. Келгусида барча турдаги тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасини ташкил қилишни мақсад қилдим. "E-IJRO AUKSION" электрон савдо майдончаси орқали бўш турган биноларни ўрганмоқдамиз. Бугун берилган имкониятдан унумли фойдаланган тадбиркор, албатта, ўз мақсадига етади. Буни ўз фаолиятим мисолида англаб етдим.

"Yoshlar — kelajagimiz" жамғармаси шаҳар филиалидан берилган маълумотга кўра, 2018 йил учун шаҳримизга истиқболли лойиҳаларни кредитлаш мақсадида 12 млрд. 100 млн. сўм ресурс ажратилган бўлиб, шу кунга қадар унинг 5 млрд. 194 млн. сўми ўзлаштирилган. Жорий йил ҳисобидан амалга ошириладиган ло­йиҳалар натижасида 613 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Айни пайтгача ажратилган кредит маблағлари асосида 10 нафар тадбиркор ўз лойиҳаларини амалга оширган. Яна қирқдан ортиқ лойиҳалар маъқулланиб, амалиётга татбиқ этиш бўйича ишлар давом этмоқда.

 

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

3.11.2018 139 86 Иқтисодиёт
окна фотограф html php памятники знакомства