samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Ёш авлоддан инновацион ғоялар

Чоп этиш

Вилоят "Баркамол авлод" болалар марказида "Менинг инновацион ғоям" Республика кўрик-танлови бўлиб ўтди.

"Баркамол авлод" болалар марказлари тўгарак аъзолари ўртасида ўтказилган кўрик-танлов Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда "Баркамол авлод" республика болалар техник ижодиёти маркази ҳамкорлигида ташкил этилди. Кўрик-танловнинг республика бос­қичида ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган 42 нафар иштирокчи қатнашди.

— Мазкур кўрик-танлов ўқувчи ёшларнинг техник ижодкорлик қобилиятларини ривожлантириш, уларнинг иқтидорини аниқлаш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ўтказилмоқда, — дейди "Баркамол авлод" республика болалар техник ижодиёти маркази директори Ҳадича Зокирова. — Иштирокчилар томонидан тақдим этилган ғоя ва таклифлар ёшларнинг нечоғлик юксак салоҳиятга эга эканлигини намоён этмоқда. Албатта, уларни тўғри йўналтириш, иқтидорини ривожлантириш учун етарли шароит яратиб бериш техника ва технология соҳасида етук кадрлар етишиб чиқишига хизмат қилади. Шу боис ҳам ушбу танлов алоҳида аҳамиятга эга.

Танлов иштирокчилари техник ижодкорлик, яъни авиаракетамодел, автомодел, робототехника ва электрон ўйинчоқлар йўналишлари бўйича ўзлари яратган ҳаракатланувчи ихтироларини намойиш этишди.

— Бугунги кунда экологик хавфсиз транспорт воситаларига талаб ортмоқда, — дейди Наманган шаҳар "Баркамол авлод" болалар марказининг автомодел тўгараги аъзоси Абдулла Абдуллаев. — Шуни инобатга олиб, электр қуввати билан ишловчи "Саёҳатчи" деб номланган автомоделни яратдим. Бу сайёҳларга мўлжалланган махсус автоуй ҳисобланади. Унда ошхона, ювиниш хонаси ва ётоқхоналар мавжуд. Саёҳатга чиққан турист меҳмонхона, ошхона излаб сарсон бўлмайди. Энг муҳими, ушбу автомодел қуёш батареялари орқали қувватланади. Қувват захираси бир суткага етади.

Танлов давомида тақдим этилган чиқиндиларни қайта ишлаш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, экологик зарарсиз қишлоқ хўжалиги техникалари, йўл қоидаларини ўргатувчи ўйин қурилма лойи­ҳалари мутахассислар эътиборини тортди.

Ҳакамлар ҳайъатининг якуний хулосаларига кўра, авиаракетамодел йўналишида биринчи ўринни Наманган вилояти вакили Малик Маматов қўлга киритди. Автомодел йўналишида жиззахлик Азиз Ўрунбоев, робототехника ва электрон ўйинчоқлар йўналишида эса вилоятимиз вакили Абдусалим Рустамов биринчи ўринга лойиқ, деб топилди. Ҳар бир йўналиш бўйича 2 нафардан иккинчи ўрин, 3 нафардан учинчи ўрин соҳиблари аниқланди. Шунингдек, бир қатор рағбатлантирувчи номинациялар бўйича ғолиблар сараланди. Барча ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Муаллиф: А. ДОЛИЕВ

22.08.2018 213 64 Таълим
окна фотограф html php памятники знакомства