samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ЁШ ТАДБИРКОРНИНГ МАҚСАДИ ЮКСАК

Чоп этиш

Ота-боболаридан мерос бўлиб келаётган асаларичиликни пухта ўрганган Абдулла Ҳабибуллаев 2017 йилда "Exclusive Golden Honey" масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаган эди.

Ёш тадбиркор 2016 йилда Сиёб тиббиёт коллежинининг фармацевтика йўналишини битиргач, асалнинг шифобахш хусусиятларини чуқур ўрганган ҳолда ушбу фаолият билан шуғулланишни мақсад қилди. Айни пайтда 120 уя асаларини парваришлаб келаётган Абдулла жорий йилнинг шу давригача 1 тоннага яқин асал йиғди. Маҳсулотни белгиланган меъёрий талаблар асосида қадоқлаб, шаҳримиздаги йирик савдо марказларига етказмоқда. Энг муҳими, жорий йил Уммон давлатига 1 тонна асал экспортини амалга ошириш бўйича шартнома тузишга муваффақ бўлди.

— Ўтган йили Туркияда ўтказилган 45-халқаро Апимондия конгресси ва "APIEXPO — 2017" кўргазмасида иштирок этдим, — дейди А. Ҳабибуллаев. — Кўргазмада маҳсулотларим мутахасислар томонидан юқори баҳоланди. Ўзим "Энг ёш асаларичи" номинацияси бўйича тақдирландим. Болгария асаларичилик инс­титутида бир ой ўқиб, профессионал тоифа олдим ва инс­титутнинг фахрий ёрлиғи билан тақдирландим.

Ёш тадбиркор ҳозирда 5 хил асал, прополис экс­тракти ва асалари сути тайёрламоқда. Мамлакатимизда тадбиркорлик учун яратилаётган имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланаётган Абдулла жорий йил бошида Жомбой туманидан 4,5 гектар ер олиб, унинг 4 гектарида интенсив боғ ташкил қилди. Ҳозирда мазкур боғда Польшадан олиб келинган "Красный фуджи", "Голден полский стаканчик" навларидан иборат 12 минг туп олма кўчатини парваришламоқда.

— Олманинг мазкур турлари юртимизда ҳали оммалашмаган, — дейди ёш тадбиркор. — Бу навларнинг афзаллиги иккинчи йилдан 5-10 килограммгача ҳосил беради. Энг муҳими, 1 гектар майдондаги мазкур олма дарахтларининг гулидан 150 кг. асал олиш мумкин.  Мевасининг кўриниши ҳам бетакрорлиги боис харидоргир ҳисобланади. Хорижлик мутахассисларнинг тавсиясига кўра, жорий йил боғ орасида ловия етиштирдик. Чунки, ловия ер унумдорлигини оширади. Шунингдек, қўшимча даромад ҳам. Бугунги тадбиркор ернинг ҳар бир қаричидан унумли фойдалансагина фаолияти самарали бўлади. Шу боис, ернинг қолган 0,5 гектарида балиқчиликни йўлга қўйишни режалаштиряпман. Айни пайтда ҳовузларни қазиб, шароитларни яратдик. Сентябрь ойидан чавоқни ташлаймиз.

Фаолиятини кўп тармоқли ташкил этишни мақсад қилган Абдулла Ҳабибуллаев Жомбой туманидан яна 30 гектар ер олишни режалаштирмоқда. Унинг бу борадаги мурожаати туман ҳокимлиги томонидан ижобий ҳал этиляпти. Тадбиркор бу ерда қўшимча боғ, замонавий иссиқхона ҳамда чорвачилик бўйича лойиҳаларни амалга оширишни белгилаган.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

28.07.2018 210 59 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства