samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

«ХХ АСР FАРБ МОДЕРН ДРАМАСИ»

Чоп этиш

Филология фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Холбеков Уйғониш даври ва янги давр Fарб халқлари адабиётини чуқур тадқиқ этган истеъдодли олимлардан.

У ўзининг «Марло ва Шекспир», «ХХ аср модерн адабиёти манзаралари», «Структурал адабиётшунослик» асарларида Fарбдаги адабий жараёнларни, Данте, К. Марло, В. Шекс­пир, Г. Э. Лессинг, Вольтер, Ш. Монтескье, Байрон, Эдгар По, Оскар Уайльдлар ижодини кенг ва чуқур тадқиқ этади.

Олим «ХХ аср модерн адабиёти манзаралари» китобида жаҳон адабиётида модерн ва модернизм (XIX аср охири XX асрда АҚШ ва Европада реализмга қарши бўлган, анъанавий шакллар ва эстетикани инкор қилувчи оқимларнинг умумий номи) тушунчаси, Fарб насрида модернизм йўналишида Марсель Пруст, Жеймс Жойс, Уильям Фольк­нер, Франц Кафка, Габриэль Гарсиа Маркес, Луис Борхес ва бошқаларнинг ижодига хос муҳим хусусиятларни ёритади.

Европада фашизмга қаршилик кўрсатиш ҳаракати тарафдорлари бўлган Гарсиа Лорка, Бертольд Брехт, Луижи Пиранделло, Сэмюэл Беккет, Ж.Кокто, А. Камю, Ж. Сартр, Ж. Ануй, Жан Жироду, М. Метерлинк, Г. Аполлинер, Б. Штраус, Петер Вайс, Георг Кайзер, Южин О`Нил, Торнтон Уайлдер ижодида драматургияни, театр санъатини янгилаш, антик драмага хос мифологик мавзуларни замонага мослаштириб, қайта талқин этиш кучли экани М. Холбековнинг мазкур асарида кенг ёритилган.

— ХХ аср театри моҳиятига кўра режиссёрлик театридир, — дея таърифлайди М. Холбеков. — Муаллиф (ёки актёр) амри ўрнига (Арасту фикрича, қаҳрамон характерига тақлид ўрнига) театрда пьеса ва томошабин ўртасида бош воситачи сифатида режиссёрнинг амри мустаҳкам ўрин эгаллади. Вақт ўтиши билан матн (пьеса, драма матни) ва унинг саҳнадаги тажассуми орасидаги масофа (фарқ) катталашиб бораверади. Бертольд Брехт (Германия), Луижи Пиранделло (Италия), Ф. Гарсиа Лорка (Испания) каби адиб, драматурглар режиссёр сифатида ҳам ўз театрини пайдо қилдилар.

Истеъдодли Fарб адиблари ва драматург­лари классик театр анъаналарини эскирди, деб ҳисоблаб, ўз театрларини янгиликлар билан бойита бошладилар. Аслида мумтоз адабиёт, санъат анъаналари, қонуниятлари ҳеч қачон эскирмайди. Шунга қарамай, модернчи адиблар Х. Ибсин, Б. Шоу, М. Метерлинк, Жан Жиробу, А. Камю, Жан-Поль Сартр, Сэмюэл Беккет томошабинларни ҳайрон қолдириш, баҳс-мунозарага чорлаш, воқеани диалог, гап-сўз билан эмас, сукут билан ифодалаш каби драматик диалогнинг янги имкониятларини кашф этишди.

«Fарб модерн драматургиясида, — деб ёзади М. Холбеков, — мифологик сюжетларга қизиқиш бутун ХХ аср давомида сўнмади. Бу ўринда Южин О`Нилнинг «Мотам — Электранинг қисмати», Т. Уильямснинг «Орфей жаҳаннамга тушмоқда», Ж. Ануйнинг «Антигона», «Эвридака» каби асарларида, шунингдек, тарихий шахс ҳаётидан олинган драмалар (П.Клодель «Христофор Колумбнинг китоби», Б. Брехтнинг «Галилей ҳаёти», Ж. Осборннинг «Лютер», П. Вайснинг «Маратнинг ўлдирилиши»)да тарихий воқеа-ҳодисалар янгича талқин этилди».

М. Холбеков бу асарида Fарб театри санъатшунослари изидан бориб, модерн драма-муаллифларининг асарларини, асосан, янгиликлар, фалсафийликнинг кучайиши, деб талқин қилади. Модернчи драматурглар кўп ҳолларда XIX асрнинг буюк кашфиёти бўлган, узоқ ўтмишда ҳам илдизлари бўлган воқеликни, ҳаётни ҳаққоний, реалистик тасвирлашдан чекиниб, субъективлик, абсурд, парокандалик, маъносизликни ижодий усулга айлантиришни ёқлайдилар. Модернчи драматурглар Эсхил, Софокл, Эврипид, Шекспир, Лопе де Вега, Кальдерон, Мольер, Расин, Пьер Корнель, Байрон ва Шиллер драмалари даражасида ёзишга кучи етмагани сабабли, улар ўзларини классик драма бадиийлиги қонунларини бузиб, мантиқсизликни, фашизм етакчиларига ҳам маъқул келувчи тошбағирликни, сўз ўйинларини, найрангбозликни янги кашфиёт, деб тақдим қиладилар.

М. Холбеков ХХ аср Fарб модерн драмасининг назарий асосларини, турли йўналишларини чуқур тадқиқ этади, модерн драмаси фазилатларини ҳам, нуқсонларини ҳам ёритишга интилади.

Олимнинг бу салмоқли тадқиқоти фақат модерн драмаси билан чекланмай, умуман, ХХ аср Fарб драматургияси ҳақида қимматли кузатишлари билан ўзбек адабиётшунослигини бойитади.

Муаллиф: Маҳкам МАҲМУДОВ, филология фанлари номзоди, «Турон» фанлар академияси аъзоси

3.03.2018 147 17 Адабиёт
окна фотограф html php памятники знакомства