samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

«Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!»

Чоп этиш

Ватаннинг ҳар бир қарич ери саждагоҳ, бир сиқим тупроғини ҳам кўзга тўтиё этсак арзийди.

Яратганнинг назари тушган бу юрт, бу муқаддас замин ҳар биримиз учун онадек азизу мукаррамдир. Шу боис бир зум ўзимизни ундан айро ҳис этолмаймиз, она Ватанимизни севамиз.

2017 йил 27 июнь. Президентимиз «Ўзбекистон Республикаси давлат мус­тақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Қарорга мувофиқ, энг улуғ ва энг азиз байрамни ўтказиш бўйича «Фидойинг бўл­гаймиз сени, Ўзбекистон!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари ўтказилиши белгиланди. Дарҳақиқат, буюк ва бебаҳо неъмат — мустақилликнинг миллий тараққиётимиз, бугунги ва келгуси авлодлар тақдири, келажаги учун беқиёс аҳамияти йиллар ўтиши билан тобора ортиб бормоқда. Мустақиллик халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келмоқда.

Истиқлол туфайли ўзлигимизни англадик, кимлигимизни, кимларнинг авлоди эканлигимизни ҳис этдик. Қандай марраларни забт этмоққа қодир эканлигимиз тафаккур қилдик. Қисқа фурсатларда нақадар буюк халқ эканлигимизни, нималарга қодирлигимизни исботлаб, бу йўлда дадил қадамлар ташлай бошладик. Ўтган қисқа вақт мобайнида улкан ютуқларга эришилди. Амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар туфайли инсон ва унинг манфаатлари энг олий қадрият сифатида қарор топди. Айниқса, Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг амалиётга татбиқ этилаётгани халқимизнинг бахтли ҳаёт кечириши, эртанги кунга бўлган юксак ишончининг янада ортишига сабаб бўлди. «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», «Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади» деган олижаноб тамойиллар ҳаётимизнинг энг муҳим шиорига айланди.

Маълумки, инсоннинг бу ҳаётда бахтли яшашининг уч муҳим омили мавжуд. Бу мустақиллик, тинчлик ва адолатдан иборатдир. Бугун Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, қабул қилинаётган қарор ва фармонларнинг замирида ҳам мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, Ўзбекистонимизнинг тинч ва осойишталигини таъминлаш ҳамда жамиятда қонун устуворлигини қарор топтиришдек олий мақсадлар мужассамдир. Жойларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ташкил этилгани халқимизни қийнаб келаётган муаммоларнинг ечим топиши, ҳар қандай эзгу орзу-умидларнинг рўёбга чиқишида таянч бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу ўринда Президентимизнинг жорий йил 14-15 апрель кунлари вилоятимизга ташрифи давомида берган топшириқ ва вазифалари ижросини таъминлаш борасида шаҳримизда амалга оширилаётган кенг қамровли бунёдкорлик ишларини алоҳида эътироф этиш жоиз. Шаҳримизда аҳолининг яхши яшаши учун қулай шароитлар яратиш, тадбиркорликни ривожлантириб, иқтисодиётни юксалтириш, аҳолини иш билан таъминлаш ҳамда арзон уй-жойлар қурилишининг кўламини кенгайтириш бўйича амалий ишлар олиб борилаётгани, туризм соҳасини такомиллаштириш, йўлларни кенгайтириш ва кўприклар бунёд этиш каби лойиҳалар шулар жумласидандир. Эзгуликка йўғрилган бундай мақсадлардан юртдошларимизнинг қалбида шукроналик жўш урмоқда.

Биз шундай саодатли кунларга мустақиллик туфайли эришдик. Не бахтки, қалбимизда фахру ифтихор ва чексиз қувонч билан, бугун Ватанимиз тарихида мутлақо янги саҳифа очган Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма олти йиллигини муносиб кутиб олиш арафасида турибмиз. Бахтимизга кўз тегмасин! Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Муаллиф: Абдуҳошим ЗИЁДОВ, «Samarqand» мухбири

6.07.2017 707 55 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства