samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

«Дўстлик»нинг мусиқа асбоблари

Чоп этиш

тинчлик, ҳамжиҳатликни тараннум этади

Санъат, куй-қўшиқ миллат танламайди. У ҳар доим тинчлик, дўстлик, ҳамжиҳатлик белгиси сифатида эътироф этилади. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1997 йилдан буён ҳар икки йилда бир марта ўтказиб келинаётган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали ҳам ана шундай эзгуликка йўғрилганлиги боис тобора кенг ёйилмоқда. Мана, йигирма йилдирки, Регистон майдонидан таралган дунё халқлари куй-қўшиқлари бутун Ер юзи бўйлаб тинчлик ва осойишталикни, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

«Дўстлик» маҳалласида истиқомат қилувчи Анвар Жабборов мусиқанинг ана шундай илоҳий кучини ҳис этган ҳолда мусиқа асбоблари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Ёшлигидан мусиқага бўлган кучли қизиқиш туфайли ушбу соҳага қўл урган А. Жабборов тайёрлаган зарбли чол­ғу асбоблари юртимиз санъат усталари билан бирга Озарбайжон, Россия Федерацияси ва АҚШ каби давлатлар мусиқачилари қўлида меҳр-оқибат, дўстлик, тинчликни тараннум этиб келмоқда.

— Уч йилдан буён пластик материалдан тайёрланадиган зарбли чолғу асбоблари ясаш билан шуғулланаман, — дейди «Ҳунарманд» уюшмаси вилоят бошқармаси аъзоси Анвар Жабборов. — Турмуш ўртоғим уй юмушларидан бўш вақтида кўмаклашади. Ҳозирча буюртма асосида ишлаяпмиз. Маҳсулотимизнинг сифати созандаларга маъқул келаяпти. Йилдан-йилга буюртмалар кўпаймоқда. Талабга қараб маҳсулот турларини оширишни режалаштирмоқдамиз. Айни кунларда Африка халқларининг миллий чолғу асбоби — кахонни тайёрлаш билан бандман. Дастлабки маҳсулот деярли тайёр бўлди. Созандалар билан уни синаб кўриб, камчиликларини тўғриласак бўлди, янги маҳсулот ўзлаштирилади.

Бундан ташқари, миллий торли созларимизнинг тери қопланадиган қисмига пластик материал қоплашни амалга оширмоқчиман. Чунки, тери ҳаво ҳароратига қараб ўз ҳолатини ўзгартиради. Бунда сознинг овози ҳам ўзгаради. Табиийки бу куйга салбий таъсир кўрсатади. Пластик материал ҳар қандай об-ҳавода бир хил ҳолатда бўлади. Шу боис, маҳсулотларимиз созандаларга маъқул келмоқда.

Ҳунари орқали элда обрў топиб, оиласи фаровонлигини таъминлаётган уста Анвар Жабборов янги ускуналар харид қилиб, турк, афғон, ҳинд халқларининг зурна, таврак ва бошқа шу каби чолғу асбобларини тайёрлашни режалаштирмоқда.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ, «Samarqand» мухбири

22.07.2017 417 60 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства