samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

«Бизнинг уйимиз — Ўзбекистон!»

Чоп этиш

Санъат коллежи концерт залида «Бизнинг уйимиз — Ўзбекистон!» деб номланган маданий тадбир бўлиб ўтди.

Ўз­бекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллиги ҳамда корейс миллатига мансуб юрт­дошларимизни мамлакатимизда яшаётганлигининг 80 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда вилоятимизда ҳамда Бухоро, Навоий вилоятларида истиқомат қилаётган корейслар ва бошқа миллатлар вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққан Республика корейс миллий маданий маркази раҳбари ўринбосари Клавдия Ким, вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Марҳабо Ғафурова ва бошқалар ўзбек-корейс халқлари ўртасидаги дўстлик ришталари тобора мустаҳкамланиб, ҳамкорлик алоқалари юксалаётганлигини таъкидлашди. Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда диний бағрикенглик тамо­йилига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги натижасида ҳар бир миллат ва элат вакиллари учун ўз урф-одатлари, маданияти, қадриятларини давом эттиришлари учун етарли шароитлар яратилганлиги эътироф этилди. Тадбир аввалида намойиш этилган «Корейслар диаспораси: Ўзбекистон заминида 80 йил» номли ҳужжатли фильм ҳам икки халқ ўртасидаги ҳар томонлама ривожланаётган дўстлик ва ҳамкорлик истиқболларига бағишланди.

— Ушбу фильмда намойиш этилган лавҳаларда корейс халқининг Ўзбекистонга келиши, маҳаллий халқ­нинг уларга кўрсатган меҳр-оқибати, бугунги фаровон турмуши ва албатта, Ўзбекистон-Корея ҳамкорлигининг натижалари акс эттирилган, — дейди вилоят корейс миллий маданий маркази раҳбари Николай Ким. — Мана 80 йилдирки, Ўзбекистонда истиқомат қилаётган корейслар ўзларини ҳеч қачон бегоналигини ҳис этмаган. Шу боис, бугун халқимиз бу муқаддас юртни ўз она Ватани, деб билади.

Тадбир доирасида ўтказилган турли спорт мусобақалари, танловларда ғолибликни қўлга киритган иштирокчиларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, миллий маданий марказлар фаолиятини самарали ташкил этганлиги учун Самарқанд ва Бухоро корейс миллий маданий марказлари раҳбарлари Республика корейс миллий маданий марказининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

«Бизнинг уйимиз — Ўзбекистон!» маданий тадбири ўзбек, корейс ва бошқа халқлар куй-қўшиқларидан тузилган концерт дастури билан якунланди.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

14.10.2017 446 84 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства