samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

«Бахтли ҳаёт»нинг бахтли оилалари

Чоп этиш

Шаҳримизда барпо этилган 9 та беш қаватли арзон уй-жой фойдаланишга топширилди.

Давлатимиз раҳбарининг сайловолди учрашувларида аҳолининг уй-жой муаммосини ижобий ҳал этиш борасидаги ташаббуслари Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясида алоҳида эътиборга олинган. Айнан Ҳаракатлар стратегиясининг ижросини таъминлаш мақсадида Давлат дастурига асосан 2017 йилда вилоятимизнинг барча туманларида 1935 та намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жой қурилиб, ўз эгаларига топширилди. Шаҳримизнинг ҳам уй-жой муаммоси мавжуд фуқароларига етарли яшаш шароитларини яратиш, турмуш даражаси ва сифатини ошириш мақсадида 9 та беш қаватли 405 хонадондан иборат арзон уй-жой имтиёзли ипотека кредитлари асосида ўз эгаларига топширилди.

Мазкур уй-жойларнинг қурилиши жараёнида 29 минг квадрат метр ҳудуд ободонлаштирилиб, 100 дан зиёд манзарали дарахт кўчатлари экилди. Шунингдек, 10 минг квадрат метр бетон қопламали йўлаклар, 18 та автоуловлар вақтинча тўхташ жойлари, 4 та болалар майдончаси, 3 та катталар учун спорт майдони, 2 та дам олиш айвони қурилди.

— Ўн бир йилдан буён ижарада яшардик, — дейди янги ташкил этилган «Бахтли ҳаёт» маҳалласининг 8-уй, 34-хонадони соҳибаси Феруза Раупова. — Турмуш ўртоғим ички ишлар тизимида ишлайди. Уч нафар фарзандимиз бор. Уйма-уй кўчиб юришимиз оилада турли муаммоларни келтириб чиқарарди. Бугун ҳамма қулайликларга эга ўз уйимизга эга бўлганимиздан хурсандмиз. Энди янги маҳалламизнинг номига мос бўлиб, тинч-тотув, бахтли оилалардан бири бўлиб, фарзандларимизни эл-юрт корига ярайдиган, Ватанга содиқ фарзанд­лар қилиб вояга етказамиз.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатлари олий қадрият сифатида белгиланган. Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш алоҳида эътиборга олинган. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят миқёсида 37 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлар учун имтиёзли кредит асосида уй-жойлар ажратилди. Йил якунига қадар яна 100 нафар ана шундай тоифадаги фуқаро ўз уй-жойига эга бўлади. Айни пайтда ижтимоий муҳофазага муҳтож бу фуқароларнинг бир қисми «Бахтли ҳаёт» маҳалласида барпо этилган уй-жойлардан харид қилиб, бахтли ҳаётларини бошлашди.

— Оиламиз билан доимо давлатимизнинг эътибор ва ғамхўрлигидан баҳраманд бўлиб келаяпмиз, — дейди 1-гуруҳ ногирони Фарҳод Халилов. — Турмуш ўртоғим ҳам мен каби ногирон. Икки нафар фарзандимиз бор. Шу пайтгача ижарада яшардик. Мана, имтиёзли кредит асосида икки хонали уйга эга бўлдик. Бундай юксак инсонпарварликни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Оиламиз билан юртимиз равнақи, тараққиётига ўз ҳиссамизни  қўшиб, кўрсатилган ғамхўрликларга муносиб жавоб берамиз.

Тадбир давомида имтиёзли кредитлар асосида молиялаштирилаётган арзон уй-жойлар қурилиши келгуси йилда ҳам кенг кўламда давом этиши таъкидланди. Маълумотларга кўра, 2018 йилда икки ва уч хонадан иборат 32 та 7 қаватли арзон уй-жой бунёд этилади.

«Бахтли ҳаёт» маҳалласидаги арзон уй-жойларни фойдаланишга топширишга бағишланган тантанали маросимда вилоят ҳокими Т. Жўраев иштирок этди.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

15.12.2017 313 100 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства