samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

«Аҳоли бандлигини таъминлашда тадбиркорнинг ўрни беқиёс»

Чоп этиш

Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослашган болалар-ўсмирлар спорт мактабида ўтказилган бўш иш ўринлари ярмаркаси шу шиор остида ташкил этилди.

Президентимизнинг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасидан келиб чиқиб ташкил этилган тадбирда вилоятдаги 564 та корхона ва ташкилот ўзларида мавжуд 2758 та бўш иш ўрни билан иштирок этди.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда вилоятда 4024 нафар ишсиз фуқаро жойлардаги бандликка кўмаклашиш марказларига иш сўраб мурожаат қилган ва уларнинг 1393 нафари ишга жойлаштирилган. 100 дан ортиқ ишсиз фуқаро жорий йил январь-февраль ойларида Каттақўрғон ва Жомбой туманларида ўтказилган меҳнат ярмаркаларида ишга жойлаштирилган, 2602 нафар фуқарога ишсизлик мақоми берилган. 

Вилоят бўйича муқаддам судланиб, судланганлик ҳолати тугалланмаган шахслар 2 минг 239 нафарни, чет элдан қайтиб келганлар 32 минг нафарни, кам таъминланган оилалар 15 минг 447 тани ташкил этмоқда. 2016/2017 ўқув йилида касб-ҳунар коллежларини битирган ва ҳозир иш билан банд бўлмаган 7 минг 604 нафар ёшлар мавжуд.

Мазкур меҳнат ярмаркаси ҳам иш топишда қийналаётган кам таъминланган оилалар вакиллари, муқаддам судланганлар, чет элдан қайтиб келганлар, олий ўқув юрти ва касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлар, иш билан банд бўлмаган хотин-қизлар, алимент  ололмаётган аёллар ҳамда ҳозирда ишсиз бўлган шахслар бандлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Тадбирда вилоят ҳо­кими Т. Жўраев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили Д. Қосимов, Хал­қаро пресс-клуб раҳбари Ш. Қудратхўжаев мазкур меҳнат ярмаркаси банд бўлмаган аҳолини доимий иш билан таъминлаш ҳамда фаровонлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

Ярмарка доирасида вилоятнинг турли ҳудудларида яшовчи эҳтиёжманд оилаларга вилоят ҳокимлиги, касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси вилоят кенгаши ва «Маҳалла» хайрия жамоат фонди томонидан газ плитаси ва бош­қа маиший техник воситалари совға қилинди.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, тадбиркорларга банклардан имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи 100 дан ортиқ сертификатлар топширилди.

Ўтказилган бўш иш ўринлари ярмаркасида иштирок этган 1911 нафар ишсиз фуқароларнинг 780 нафарига ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди. Йўлланма берилганларнинг 270 нафари кам таъминланган оилалардаги иш қидирувчилар, 241 нафари ёшлар ва 230 нафар хотин-қизлардан иборат.

Муаллиф: Ғ. МАТЛАБОВ

22.02.2018 213 14 Иқтисодиёт
окна фотограф html php памятники знакомства