samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

"SMAYLIK"ДА БАХТИЁР БОЛАЛИК

Чоп этиш

"Давлатшоҳ Самарқандий" маҳалласида "SMAYLIK" нодавлат мактабгача таълим муассасаси иш бошлади.

Муассасанинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси    З. Раҳмонова, вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Н. Садинова ва бошқалар мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтишди. Айниқса, тизимда нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини йўлга қўйиш борасида яратилган енгилликлар соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этаётганлиги эътироф этилди. Соҳада соғ­лом рақобат муҳитининг яратилганлиги таълим-тарбия тизими ривожига хизмат қилаётганлиги таъкидланди.

Фуқаро Насиба Асланова ўз хонадонида ташкил қилган "SMAYLIK" болалар боғчаси жорий йил шаҳримизда фаолият бошлаган нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг олтинчиси бўлди. Шу кунгача "Эртаклар олами", "Умка Н", "Асалина Гўзалина", "Advantage Smart Kids" ҳамда "Қувноқ болалар" нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилган эди. Маълумотларга кўра, айни пайтда шаҳримизда 14 та нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолият юритмоқда.

Маҳалладошларим ҳудудимизда мактабгача таълим муассасаси йўқлигидан шикоят қилишарди, — дейди Насиба Асланова. — Ўзим ҳам невараларимни қўшни маҳалладаги МТМга олиб борардим. Масофанинг  узоқлиги кўпинча муаммо туғдирарди. Фарзандларим билан келишиб, уйимизда нодавлат мактабгача таълим муассасасини ташкил қилишни мақсад қилдик. Натижада "SMAYLIK" НМТМ ташкил топди. Болаларнинг қувончи, шодлиги ҳар бир хонадонга файз олиб киради. Маҳалламиз болаларига ана шундай бахтиёр онларни туҳфа этишни мақсад қилганмиз. Бор имкониятимиздан унумли фойдаланиб, шароит яратишга ҳаракат қилдик.

Эллик ўринга мўлжалланган муассасада мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талаблари асосида таълим-тарбия жараёнлари ташкил этилмоқда. Таълим рус тилида олиб бориладиган мазкур муассасада ҳозир 20 нафар бола тарбияланмоқда. Айни пайтда муассасада инглиз тили, рақс, гимнастика тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган. Энг муҳими, муассасада болажонлар учун икки юзга яқин болалар адабиётларидан иборат кутубхона ташкил қилинган.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ, "Samarqand" мухбири

2.08.2018 197 60 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства