samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

"ҲАЛОЛ" ТУРИЗМ МУАММОЛАРИ

Чоп этиш

Уларни ҳал этиш вақти келди

Самарқанд замини ўзининг муқаддас зиёратгоҳлари билан ҳам Ислом оламида алоҳида мавқега эга. Бугунги кунда Имом Бухорий халқаро маркази, Шоҳи Зинда, Хўжа Дониёр сингари кўплаб азиз авлиёлар мангу қўним топган зиёратгоҳлар мусулмон мамлакатлари фуқаролари орасида катта қизиқиш уйғотмоқда. Табиийки, ҳар қандай қизиқиш унинг соҳибини бевосита зиёратгоҳлар ва улар билан боғлиқ масканларга чорлайди.

Самарқандда зиёратчиларни қабул қилиш, хизмат кўрсатиш ва кузатиб қўйишнинг замонавий талабларига бир қадар амал қилиниб, яратилаётган шароитлар йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. Аммо сайёҳлар фақатгина тарихий обидалар билан эмас, балки маҳаллий аҳоли яшаш тарзи, удумлари, анъаналари билан ҳам танишиш истагида бўлади. Қолаверса, мусулмон мамлакатларидан ташриф буюрадиган сайёҳлар учун алоҳида шароит яратиш талаб этилишини унутмаслик лозим. Бунда халқаро ISO 22000 стандартига асосан "Ҳалол" маҳсулотлар ва хизмат кўрсатиш асосий мезон ҳисобланади. Мезонга мувофиқ, ислом дини талабларига жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва сотиш асосий эътиборда бўлади.

Мамлакатимиз аҳолисининг 93 фоизи ислом динига эътиқод қилади. Индонезия, Туркия, Малайзия, Эрон, Араб мамлакатлари, Покистон сингари кўпгина давлатларда яшовчи мусулмонлар диний эътиқоди бўйича Самар­қандга зиёратга келишади. Ўтган йили хориждан ташриф буюрган 180 мингдан зиёд сайёҳларнинг асосий қисмини мусулмон мамлакатлари фуқаролари ташкил этган. Уларни, энг аввало, иккинчи ҳаж деб аталмиш Имом Бухорий мажмуаси зиёрати қизиқтиради. Тан олиш керак, оддий хал­қимиз у ёқда турсин, сайёҳларга хизмат кўрсатувчи соҳа ходимлари ҳам таниқли диний уламолар, дин тарихи, унинг халқлар ўртасида тутган ўрни, бу борада "Ҳалол" туризм моҳияти ҳақида етарли даражада билим ва тушунчага эга эмас. Мусулмон мамлакатлари сайёҳларини Самарқанд зиёратгоҳларига чорлаш учун, аввало, зиёратгоҳларимизнинг ислом оламида тутган ўзига хос ўрни, тарихи, аҳамиятини кенг тарғиб ва ташвиқ этиш талаб этилади. Бунинг учун "Ҳалол" туризмни бир кунлик эмас, ўртача ёки кўп қатори ташкил этмасдан ўзига хос бренд яратиш лозим. Шундагина мунтазам ривожланиб борувчи, сердаромад туризм соҳасини барпо этиш мумкин. Бунда қуйидаги тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқдир.

Ислом динига эътиқод қилувчи сайёҳларнинг келишидан бошлаб шаҳримизда қолиши, уч маҳал ов­қатланиши, намоз ўқиши, дам олиши, зиёрат қилиши учун зарур бўлган "Ҳалол" инфраструктурани ташкил этиш лозим. Бунда яшаш, зиёратни амалга ошириш, овқатланиш каби жараёнларда исломий удум ва одатларга риоя этиш учун шароит яратиш кўзда тутилади.

Тарихий обидаларни давлат рўйхатидан ўтказиб, ягона паспортини ишлаб чиқиш, сайёҳларни жалб қилиш мақсадида ҳар хил "Ҳалол" тадбирлар уюштириш талаб этилади. Қуръонхонлик мусобақаси, жаҳолатга қарши маърифат анжумани, тарихий обидалар тарихи бўйича билимдонлик танлови, диний-илмий анжуманлар, диний байрамларда оммавий намозхонлик, сайр, хайрия тадбирлари "Ҳалол" туризм талабларига мувофиқ ташкил этилса, мусулмон мамлакатлари сайёҳлари оқими янада ортади. "Ҳалол" туризм инфратузилмаларида банд бўлган ишчи-хизматчиларни ислом динига эътиқод қилувчилардан танлаб олиш, уларнинг диний билимини ошириш зарур. "Ҳалол" туризмни сайёҳлик соҳасининг асосий йўналиши сифатида унга ҳаддан ортиқ эътибор қаратиш зарур эмас, деган фикрлар пайдо бўлиши мумкин. Негаки, бу ҳол бошқа динларга эътиқод қилувчи сайёҳларнинг ҳуқуқларини бир қадар чеклаб қўйиши мумкин. Шунинг учун бошқа динга эътиқод қилувчи сайёҳлар учун "Кошер", "Вегетарианлар" каби талабларга мос хизматни йўлга қўйиш зарур. Табиийки, бунда ҳам "Ҳалол" туризм талаблари асосида фаолият юритмоқ лозим.

Бир сўз билан айтганда, "Ҳалол" туризм дунёда соҳанинг янги йўналиши бўлиб, у сайёҳлар орасида катта қизиқишга сабаб бўлмоқда. Бу қизиқиш, албатта, сайёҳлик ривожи учун хизмат қилишини унутмаган ҳолда, соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга жиддий киришмоғимиз лозим.

Муаллиф: Ахтам НИЗОМОВ, СамДУ иқтисодий назария кафедраси доценти. Миркомил СУЛТОНОВ, Дилдора НУРМОНОВА, талабалар

10.09.2018 124 70 Иқтисодиёт
окна фотограф html php памятники знакомства