samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

"Ширин" обод гўшага айланади

Чоп этиш

Мамлакатимизда амалга оширилаётган "Обод қишлоқ" дастурига шаҳримиздаги "Ширин" ва "Чўпонота" маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳам киритилган эди.

Мазкур маҳаллаларда шаҳар ҳокимлиги томонидан қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди.

Шаҳар марказидан Фарҳод қўрғонида жойлашган "Ширин" маҳалла фуқаролар йиғинигача бўлган масофа 15-20 километрни ташкил этса-да, ўтган давр мобайнида ушбу ҳудудда мутасадди идораларнинг эътиборсизлиги оқибатида аҳолининг турмуш шароити ачинарли ҳолатга келиб қолган эди. Биргина мисол, ҳудуддаги 1-"А", 2-"А" ва 3-"А" кўп қаватли уйларида 5 йилдан буён ичимлик сувининг йўқлиги вазиятнинг қай даражада эканлигидан далолатдир.

— Маҳалламизда икки мингга яқин аҳоли истиқомат қилади, — дейди маҳалла раиси Отабек Йўлдошев. — Уч юз саксон тўққизта хонадон бўлиб, уларда 536 та оила яшайди. Икки қаватли 1-"А" ва 3-"А" уйларда 24 тадан хонадон бор. 2-"А" уйимиз тўрт қаватли бўлиб, унда 48 та хонадон мавжуд. Ҳудудимиз саноат зонаси бўлганлиги учун аҳоли хонадонларининг атрофида ишлаб чиқариш корхоналари жойлашган. Мазкур кўп қаватли уйлар 1982-1983 йилларда қурилган бўлиб, ушбу уйларда фақатгина аҳоли томонидан жорий таъмирлаш ишлари олиб борилган, холос. Шу боис, айни пайтга келиб ҳудуддаги кўп қаватли уйларнинг аҳволи ачинарли ҳолатга келиб қолган.

— Ушбу ҳудуддан Фарҳод қўрғони марказигача бўлган масофа 5 километр­ни ташкил этади, — дейди шаҳар Кенгаши депутати Фармон Очилов. — Мактаб ва мактабгача таълим муассасалари қўрғон марказида жойлашган. Бу ҳам аҳолининг жиддий эътирозларига сабаб бўлаётган муаммолардан бири. Маҳалланинг "Обод қишлоқ" дастури асосида обод масканга айлантирилишини эшитган фуқаролар ҳам қурилиш, таъмирлаш, ободончилик ишларида фаол қатнашишмоқда.

Айни пайтда дастур асосида маҳалла ҳудудидаги кўп қаватли уйларнинг том қисми ва фасадини таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 2-"А" уйнинг таъмирлаш ишлари якунланмоқда. Мазкур уй атрофида ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, болалар майдончаси, мини футбол майдони ва мўъжаз боғ яратиш кўзда тутилган.

— Бу уй фойдаланишга топширилганидан буён шу ерда яшайман, — дейди Александр Хорин. — Ширкат фаолияти аҳолини қониқтирмаганидан ке­йин ўзаро келишиб, мавжуд муаммоларни ўзимиз ҳал этиб келаётгандик. Бу ерда яшовчиларнинг деярли барчаси ҳудуддаги корхона-ташкилотларнинг оддий ишчи-ходимларидир. Шунинг учун катта миқдордаги маблағ йиғиб, таъмирлаш ишларини амалга оширишнинг имкони йўқ эди. Шу туфайли уйнинг том қисми таъмирталаб бўлиб қолганди. "Обод қишлоқ" дастури бўйича таъмирланишини эшитиб, жуда хурсанд бўлдик, аммо, ишонмагандик. Таъмирлаш ишлари бошлангач, дастур бўйича қилинадиган ишлар шунчаки гап-сўзлар эмаслигига амин бўлдик. Аҳоли билан келишиб, қурувчи-усталарга кўмаклашаяпмиз, имконимиз етгунича ҳар куни уларга тушлик овқат ташкил қилиб бер­япмиз. Эътибордан барчамиз мамнунмиз. Ҳар бир фуқаро ҳукуматимизнинг эътиборига жавобан ҳудудимиз ободлигига ўз ҳиссасини қўшиш ҳаракатида.

Маҳалладаги ички йўлларнинг таъмирга муҳтожлиги, коммунал соҳадаги муаммолар, жамоат транспорти билан боғлиқ камчиликлар шу пайтгача аҳолининг жиддий эътирозларига сабаб бўлиб келган. Дастурда айни масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

— "Обод қишлоқ" дастурига киритилган "Ширин" ва "Чўпонота" маҳалла фуқаролар йиғинларида кенг миқёсда қурилиш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши белгиланган, — дейди шаҳар ҳокимининг ўринбосари Бобур Элмуродов. — Ҳар иккала маҳалла ҳудудидаги ички йўлларда таъмирлаш ишлари олиб борилади. Тадбиркорларнинг ҳудудларда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, ижтимоий соҳа, маданият ва спорт соҳалари бўйича ташаббусларини амалга оширишларига кенг йўл очилади. Шунингдек, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида коммунал соҳадаги муаммоларга барҳам берилади. Жумладан, "Ширин" маҳалласи аҳолисини беш йилдан буён қийнаб келаётган ичимлик суви билан боғлиқ муаммо ҳудудий дастур асосида йил якунигача ҳал этилади. Ўтган давр мобайнида турли сабабларга кўра, ичимлик суви тармоғи узилганди. Айни пайт­да 1400 метрдан ортиқ масофага қувур тортилса, муаммо барҳам топади. Бунинг учун 1,5 млрд. сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Ҳозирда барча лойиҳа-смета ишлари якунланиб, амалий ишлар бошланиш арафасида.

Берилган маълумотларга кўра, "Ширин" маҳалласидаги 1-"А" ва 3-"А" кўп қаватли уйлар ўртасидаги майдонда шу ҳудудда яшовчи аҳоли учун тўй ва бош­қа маросимларни ўтказиш мақсадида махсус жой, уйлар атрофида боғ ташкил қилиш, маҳалла маркази учун бино қурилиши режалаштирилган. Шунингдек, турар жойга бўлган эҳтиёж туфайли ҳудуддаги бўш турган майдонларга аҳоли томонидан қурилган уй-жойларни тартибга солиш ва қонуний асосда рўйхатга олиш ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ, "Samarqand" мухбири

18.04.2018 62 29 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства