samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

"Самарқанд шеър оқшомлари"

Чоп этиш

тадбири 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган туркий тилли ижодкорларни мушоирага чорлади

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ёш ижодкорлар кенгаши, Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида жорий йилнинг 14 — 16 ноябрь кунлари шаҳримизда "Самарқанд шеър оқшомлари" туркий тилли ёшлар анжумани ўтказилди.

Унда Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Турк­манис­тон давлатлари ҳамда мамлакатимиздан 100 нафарга яқин ёш шоирлар иштирок этишди.

Эрта тонгдан Тошкентдан "Афросиёб" тезюрар поездида етиб келган меҳмонлар Самарқанд темирйўл вокзалида карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди. Шундан сўнг Регистон майдонидаги Мирзо Улуғбек мадрасасида анжуманнинг очилиш маросими бўлди.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Рустам Қобилов, Ўзбекистон Халқ шоирлари — Хуршид Даврон, Усмон Азим, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Нодир Жонузоқ ва бошқалар дунё тараққиётида муҳим ўрин тутган маскан — Самар­қандда ўтказилаётган туркий тилли ёшлар анжумани иштирокчиларини самимий табриклаб, келгусида мазкур анжуман бардавом бўлишига тилак билдиришди.

— Мана шу мадрасада буюк мутафаккирлар — Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий таҳсил олишган. Жалолиддин Румий Балхда туғилган бўлса-да, болалиги Самар­қандда ўтган, — деди Хуршид Даврон. — Шунинг учун бу заминнинг ҳар қарич ери, ҳар бир сиқим тупроғи муқаддасдир. Мен қачон Самар­қандга келсам, бу табаррук заминдан руҳий қувват оламан, ил­ҳомим жўшади. Франциялик сиёсатчилардан бири айтганидек, Амир Темур Самарқандни дунё сиёсати марказига айлантирган бўлса, Мирзо Улуғбек уни дунё маданияти марказига айлантирди. Сиз ҳам мана шундай азиз ва муқаддас тупроқда бир-бирларингиз билан танишиб, ижодингизни бойитиб, тилимиз жилоларини дунёга кенгроқ ёясиз, деган умиддаман.

— Анжуман ташкилотчиларига катта раҳмат, — деди Ўзбекистон Халқ шоири Усмон Азим. — Бизнинг маърифатпарвар боболаримиз бир пайтлар ҳамма туркий тилли халқлар бирдай тушунадиган ўрта турк тилини яратишга ҳаракат қилишган. Ана шу орзу амалга ошганда эди, ҳозир ҳаммамиз бир-биримизни таржимонсиз тушунган бўлар эдик. Эзгу мақсад йўлида қўйилган бу қадам буюк мақсадларга хизмат қилади. Биз бир-биримизнинг тилимизни яхшироқ тушунишимиз учун мана шундай мулоқотлар, тадбирлар, анжуманларни янада кўпайтиришимиз, адабий алоқаларни кучайтиришмиз керак. Озарбайжонча, қирғизча, ўзбекча, туркманча луғатлар тузишимиз керак. Энг муҳими, илдизимиз ягона эканлигини ҳис қилишимиз учун тилларимизни янада бойитишимиз лозим.

Анжуманнинг иккинчи куни ёш ижодкорлар Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари билан танишишди ҳамда Ўзбекистон Халқ шоирлари — Хуршид Даврон, Усмон Азим, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Нодир Жонузоқ томонидан ўтилган маҳорат дарсларида қатнашиб, сабоқ олишди.

 

Сўз — анжуман иштирокчиларига!

Муҳайё РАЖАБОВА (Туркманистон):

— Мен Урганчдаги академик лицейда ўқийман. Журналистика соҳасига жуда қизиқаман. Шеърларим газета ва журналларда чоп этилган. Ҳозир ўзбек-туркман дўстлиги бўйича бир қанча мақолаларни тўплаб, китоб ҳолига келтираяпман.

Азиз БИЙМИРЗА ўғли (Қирғизистон):

— Бишкекда Жусуп Боласоғун номидаги қирғиз миллий университетида ўқийман. Шеър машқ қиламан. Ҳозир мен куйлаган "Манас" эпоси Москвадаги Максим Горький номидаги олий адабиёт институти томонидан китоб ва диск шаклида чиқарилаяпти.

Ботирхон УССЕРОВ (Қозоғистон):

— Туркистоннинг Чимкент шаҳридан келдим. Самарқанд худди эртаклардагидек таассурот қолдирди. Маҳобатли обидалар бугунги шаҳарсозлик маданияти билан уйғунлашиб кетгани шаҳарга ўзгача чирой бағишламоқда. Анжуман баҳона кўп ёш ижодкорлар билан танишдим, фикр алмашдим. Ўйлайманки, бу анжуман келгусидаги ижодимга ўз таъсирини кўрсатади.

Интиқом ЯШАР (Туркия):

— Менинг 3 та шеърий тўпламим чоп этилган. Ундан Ўзбекистон ҳақидаги шеър­ларим ҳам ўрин олган. Биз Ўзбекистонни ота юрт, деб биламиз. Шунинг учун бу юрт­га келганимдан жуда хурсандман. Самарқанд бизга янада беқиёс илҳом бағишлади. Мен келажакда Самарқанд ҳақида достон ёзишни ҳам ўз олдимга мақсад қилдим.

Али Ўктой ЎзбайроҚ (Туркия):

— Самарқанд жуда гўзал, мен тасаввур қилганимдан ҳам чиройли экан. Айниқса, одамлари жудаям меҳрибон ва самимий. Овқатлари, мевалари бири-биридан ширин, мазали, нони жуда ҳам хуштаъм экан. Бу ерда кўп дўстлар орттирдим. Масалан, Алишер Сабрий, Муҳайё Ражабова сингари истеъдодли ижодкорлар билан келгусида мустаҳкам, дўстона алоқалар ўрнатишга келишдик.

Турол ТУРОН (Озарбайжон):

— Анжуманга келишдан олдин Озарбайжон — Ўзбекистон ёшлари муносабатлари ҳақида 4-5 та мақоламни маҳаллий нашрларда чоп эттиргандим. Энди шу йўналишда китоб ёзишни дилга тугдим. Ўзбекистонга келишни орзу қилардим. Ниҳоят орзуим амалга ошди. Келажакда ўзбекистонлик ёш ижодкорлар билан ижодий муносабатларни янада мустаҳкамлаб, бадиий таржима билан шуғулланиш ниятидаман.

 

Муаллиф: Нуруллоҳ ДОСТОН

16.11.2018 153 91 Адабиёт
окна фотограф html php памятники знакомства