samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

"СЎЗ ТУЗАЛДИ, ТИНГЛОВЧИ — СЕН ҲАМ ТУЗАЛ!"

Чоп этиш

Абай (Иброҳим) Қўнонбоев ҳозирги Еттисув вилоятидаги Чингизтоғ этакларида жойлашган Тўбиқли улусидан бўлиб, 1845 йилнинг 10 августида туғилган.

Абай бошланғич маълумотни ўз овулидаги муллалардан олган, кейин Еттисув шаҳридаги мадрасада уч йил ўқиган. Ўта зеҳнли, фаҳмли Абай, айниқса, халқ эртак, қисса, достонларини кўп тинглаган, ёзма адабиёт намуналарини жиддий ўқиган, араб ва форс тилларини яхши билган. Навоий, Саъдий, Хўжа Ҳофиз, Фузулий унинг севимли шоирлари бўлган.

Ўқиш даврининг охирги йилларида Абай Еттисув шаҳридаги "Приходская школа", деб аталувчи мактабга кириб, рус тилини ҳам ўрганади. Абай рус мактабида уч ойгина ўқиди. Албатта, бу билим истеъдодли шоир учун етарли эмас эди. Абай бу тилни 27-28 ёшларга кирганда пухта ўрганишга киришди. Рус тилини ўрганиб олгач, шу тилда ёзилган бадиий асарлар билан танишади. Еттисувда Абай Петербургдан сургун бўлиб келган Михаэлис таъсирида рус тилида чиққан бадиий ва илмий адабиётларни ўрганишга киришади. Шоир турли олимларнинг фалсафий, адабий-танқидий ва илмий  асарларини, айниқса, Спенсер, Спиноза, Локк, Дарвин битикларини қунт билан ўрганади. Кунчиқиш ва Кунботиш мутафаккирларининг турли йўналишдаги асарлари билан яхши танишган Абай тез орада ҳар томонлама билимдон, дунёқараши кенг, ҳаёт ҳодисаларига танқидий кўз билан қарайдиган комил шахс сифатида танилди.

Шоирнинг отаси Қўнонбой, бобоси Ўсканбой, катта бобоси Ирғизбойлар ўз даврининг таниқли мулкдорлари бўлишган. Айниқса, шоирнинг  отаси Қўнонбой ўз замонасининг йирик ва саховатли бойларидан бўлган.

Абай ўз атрофидаги кишилар, кўплаб катта мулкдорларнинг ҳам дунё тўғрисидаги тасаввурлари ўта тор, мақсадлари қорин ва нафс ташвишидан иборат эканидан қаттиқ куюнади. Уларнинг узоқни кўра олмасликлари, замондан орқада қолганликлари, бидъат ва хурофот ботқоғига ботганликларидан озорланади ва шу туйғуларини битикларида таъсирли йўсинда ифодалайди.

Абай меҳнаткашлик, ҳунар-билимга интилиш, одамгарчиликни тарғиб қилади, халқни маърифатли бўлишга чақиради. Шундагина одамга муносиб ҳаёт кечириш мумкин бўлишига умид қилади.

Ўзининг оригинал ва таъсирли битиклари билан Абай қозоқ адабий тили ва ёзма адабиётига асос солди ва ўз халқига ҳақли равишда: "Сўз тузалди, тингловчи — сен ҳам тузал!", дея хитоб қилди.

Абай гуманист шоир бўлиш билан бир қаторда, ажойиб бастакор ва ижрочи ҳам бўлган. У қозоқ халқ куйларини севар, уни усталик билан ижро эта биларди.

У бир умр олдинга интилиб, маърифатни соғиниб, туркий халқлар бирдамлигини орзу қилиб яшади.

Муаллиф: И. МИРЗАЕВ, филология фанлари доктори, профессор. Қ. ЙЎЛДОШЕВ, педагогика фанлари доктори, профессор

20.06.2018 113 47 Адабиёт
окна фотограф html php памятники знакомства