samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

"Рангларда нур ва жозиба"

Чоп этиш

Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи кўргазмалар залида Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, таниқли рассом Аслиддин Исаевнинг шу номли кўргазмаси ташкил этилди.

Кўргазманинг очилиш маросимида республика ва вилоятимизнинг таниқли ижодкорлари, ҳунарманд-рассомлари иштирок этишди.

Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, "Дўстлик" ордени соҳиби, ўнга яқин халқаро кўргазмалар иштирокчиси Аслиддин Исаевнинг шахсий кўргазмасида 100 га яқин бетакрор асарлари намойиш этилмоқда.

— Аслиддин Исаев юртимизнинг энг маҳоратли уста рассомларидан бири, — дейди Ўзбекис­тон Бадиий академияси Ижодий фаолиятни мувофиқлаштириш ва кўргазмалар ташкил этиш бош­қармаси бошлиғи Иброҳим Валихўжаев. — Унинг асарларида кишини чуқур фикрлашга, мушоҳада юритишга чорловчи фалсафий қарашлар мужассам. Кўргазмага қўйилган асарлар ҳам буни исботлайди. Бетакрорлик, йил сайин ўсиб бориш, янгиликка интилиш Аслиддин Исаевнинг ўзига хос йўли, услубини англатиб туради.

Таниқли рассом Аслиддин Исаевнинг санъат асарлари бугун нафақат вилоятимиз ва республика музейларида, балки АҚШ, Италия, Франция, Корея Республикаси, Германия, Туркия, Миср, Ҳиндистон, Россия каби давлатлардаги музейлар фондида сақланмоқда. Ўзбекистон маданияти тарихи музейида ташкил қилинган кўргазма икки ой давомида намойиш этилади.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

18.07.2018 217 56 Маданият
окна фотограф html php памятники знакомства