samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

"Президент Арчаси" — қувонч, шодлик байрами

Чоп этиш

Янги йил байрамини болажонлар интиқлик билан кутишади.

Қорбобо ва Қорқиз, турли эртак қаҳрамонлари иштирокидаги байрам томошалари болаларга олам-олам қувонч улашиш билан бирга улар қалбига юксак орзулар, эзгу мақсадларни жо айлайди.

Шаҳримизда бўлиб ўтган "Президент Арчаси" байрам тадбирлари ҳам ана шундай кўтаринки кайфиятда, саргузаштларга бой тарзда нишонланди.

Меҳрибонлик уйлари, "SOS — болалар маҳалласи" тарбияланувчилари ҳамда она Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш йўлида жон фидо қилган ҳарбийлар, хизмат вазифасини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фарзандлари, кам таъминланган оилалар фарзандларидан иборат 477 нафар болажонлар "Президент Арчаси" байрам тадбирларини вилоят мусиқали драма театридан бошлашди. Улар учун театр жамоаси томонидан "Бременлик созандалар" номли спектакль намойиш этилди. Театр олдидаги марказий байрам арчаси атрофида ташкил этилган томошалардан завқ олган болажонлар "Диёра" базмгоҳида ташкил этилган асосий тадбирга йўл олишди.

Тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Э. Турдимов болажонларни Янги йил билан табриклаб, уларга ўқиш ва ишларида юксак зафарлар тилади. Болажонлар доимо давлатимиз эътиборида эканликларини таъкидлаб, Президентимиз томонидан улар учун жўнатилган байрам совғаларини вилоятимиз давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари билан биргаликда тантанали равишда топширди.

— Бу йил ўн биринчи марта "Президент совғаси"ни қабул қилиб олдим, — дейди 10-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Ҳуснигул Шаропова. — Айни пайтда 24-умумтаълим мактабининг 10-синфида таълим оляпман. Ҳадемай мактабни битираман. Давлатимиз томонидан берилаётган эътибор ҳар доим яхши ўқишга, кўрсатилган ғамхўрликларга муносиб жавоб беришга ундайди. Шу кунларда мен ўз олдимга келгуси мақсадларимни аниқ белгилаб олдим. Давлатимиз раҳбари тиббиёт тизимини ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратиб, халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида жуда кўп тўхталаяпти. Шуни инобатга олган ҳолда келажакда Президентимиз таъкидлаганидек фидойи шифокор бўламан.

"Диёра" базмгоҳида байрам дастурхони ташкил қилиниб, Янги йил байрам томошалари уюштирилди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йил вилоятимизнинг 1024 нафар болажонларига "Президент совғаси" жўнатилди. Жойларда совғалар тантанали равишда топширилди. Шунингдек, 2950 нафар кам таъминланган оила фарзандларига ҳомийлар томонидан Янги йил совғалари улашилди.

 

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ  

30.12.2018 170 104 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства