samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

"ПОБЕДА" АВТОКАРВОНИ ИШТИРОКЧИЛАРИ САМАРҚАНДДА

Чоп этиш

"Ғалаба — барча учун битта!" шиори остида Нижневартовск — Самарқанд йўналишида йўлга чиққан "Победа" автомобиллари техник сабабларга кўра шаҳримизга етиб келолмади.

Россиянинг Ханти-Мансийск автоном округи Думаси қошидаги Ёшлар парламенти томонидан ташкил қилинган медиа-экспедиция режасига кўра, жорий йилнинг 1 май куни шаҳримизга ташриф буюриши лозим бўлган ретро автомобиллар карвони иссиқ об-ҳаво туфайли Тошкентда тўхташга мажбур бўлган. Самар­қандга ташриф буюришни мақсад қилган россияликлар машинасиз бўлса-да, шаҳримизда меҳмон бўлишди. Улар дастлаб, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишди. Шундан сўнг меҳмонлар Хотира майдонида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Евгений Солдатов ва Михаил Колмогоров ҳамда шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, ёшлар билан учрашишди. Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишиб, тинчлик, осойишталик йўлида жон фидо қилганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар. Меҳмонлар майдондаги "Хотира китоблари" билан танишиб, фахрийлар билан уруш йиллари хотиралари ҳақида суҳбат қуришди.

— Бу каби медиа-экспедициялар ҳар йили турлича ташкил этилади, — дейди гуруҳнинг техник раҳбари Игорь Илик. — "Ғалаба — барча учун битта!" шиори остида ташкил этилган бу галги лойиҳамизда Россиядан бошлаб Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон Республикаларида бўлиб, Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабага ўз ҳиссасини қўшган инсонлар билан кўришиш, хотираларини ёзиб олиш ва уларга кўтаринки кайфият улашишни мақсад қилганмиз. Самарқанддаги тадбиримиз биз кутганимиздан кўра мазмунли бўлди. Айниқса, уруш фахрийларининг мазмунли суҳбати, хотираларидан жуда қаттиқ таъсирландик. Фахрийлар уруш азоб-уқубатлари ҳақида сўзларкан, кўз ёшларини тия олишмади. Бу кўз ёшлари ўша даврнинг нечоғлик оғир ва машаққатли кечганидан далолатдир. Ўзбекистоннинг бугунги кўрку таровати, фаровонлиги киши кўзини қувнатади. Бу фахрийларнинг юз-кўзидаги мамнунликда ҳам ўз аксини топган.

Россиялик меҳмонлар Амир Темур мақбараси, Регистон майдони ва бошқа қатор диққатга сазовор жойларда бўлиб, юртимизнинг бой маданий мероси билан танишишди.

Медиа-экспедиция режасига мувофиқ, медиа-экспедиция аъзолари 9 май куни белгиланган йўналиш бўйича Нижневартовскка етиб боради.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

2.05.2018 162 33 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства