samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

"ОИЛА" ўз биносига эга

Чоп этиш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси учун бунёд этилган бино тантанали равишда марказ жамоасига топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Э. Турдимов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази директори Д. Тошмуҳаммедова ва бошқалар сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила инс­титутини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони асосида ташкил қилинган янги тузилма зиммасига жуда катта масъулият юкланганлигини қайд этишди. Жумладан, бугунги кунда мамлакат миқёсида энг долзарб муаммолардан бирига айланаётган оилавий ажримларни камайтириш, оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш борасидаги ишлар марказ фаолиятининг асосий йўналишларидан бири эканлиги алоҳида таъкидланди. Шу боис, мамлакат миқёсида марказнинг қуйи бўғинлари фаолиятини самарали ташкил этиш, етарли шароитлар яратиш ишларига алоҳида ёндашув асосида эътибор қаратилаётганлиги эътироф этилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси учун бун­ёд этилган икки қаватли бинода барча шароитлар яратилган. Бу ерда хизмат хоналари ҳамда махсус ўқув курслари, семинар-тренинг­лар учун алоҳида хоналар ташкил қилинган. Шунингдек, янги  бинода зарур қўлланмалар ва бадиий адабиётлар жамланган кутубхона мавжуд.

— Бошқарма биносидаги шароитлар билан танишиб, хурсанд бўлдик, — дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази шаҳар бўлими бошлиғи Саноат Зоҳидова. — Бошқарма мутахассисларидан фаолиятимизга боғлиқ турли тавсияларни батафсил олиб, муаммоли вазиятларни муҳокама қилиб, уларга тўғри ечим топиш учун етарли шароитлар яратилган. Энг муҳими, бу ердаги иш тартиби, шароитлар асосида биз ҳам ўз фаолиятимизни қайта шакллантирамиз.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда вилоятнинг 16 та туман ва шаҳарларида ҳам "Оила" илмий-амалий тадқиқот марказининг бўлимлари учун зарур шароитлар яратилган. Мутахассислар малакасини ошириш бўйича ўқув курслари мунтазам ташкил этиб келинмоқда.

Янги бинода мазкур йўналишда белгиланган ишлар янада самарали ўтказилиши йиғилганлар томонидан алоҳида таъкидланди.

 

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

24.10.2018 143 84 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства