samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

"Менинг армиям — менинг фахрим!"

Чоп этиш

Қуролли кучларимиз ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказилган фестиваль ана шундай номланди.

"Ватан — муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурч­дир!" шиори остида ўтказилган фестиваль вилоят ҳокимлиги, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Миллий гвардия вилоят бўлими, мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти, вилоят жисмоний тарбия ва спорт, маданият бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилди.

Фестиваль Миллий гвардия ва ҳарбий қисмлар хизматчиларининг кўргазмали чиқишлари билан бошланди. Шарт­ли душманни йўқ қилиш, қуролли босқинчиларни бартараф этиш, деб номланган чиқишлардаги ҳарбийларимизнинг хатти-ҳаракатлари кенг жамоатчилик олқишига сазовор бўлди. Ҳарбий хизматчиларнинг саф юриши йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Аввалгилардан фарқли равишда жорий йилги саф юришида Миллий гвардия отлиқ қўшинлари ҳам иштирок этди.

— Ўғлим Отабек ҳарбийликка жуда қизиқади, — дейди қашқадарёлик Лапас Шоназаров. — Бугунги тадбир ҳақида эшитиб, Самар­қандга келдик. Ҳарбийларнинг чиқишларини, техникаларни, айниқса, уларнинг қўл жанги бўйича маҳоратларини кўриб ўғлимнинг қизиқиши янада ортди. Келгусида мана шу акаларидек Ватан ҳимоячиси бў­лишга аҳд қилди. Бундан менинг бошим осмонга етди. Юртимиз тинчлигига кўз тегмасин!

Кўксарой майдонида ташкил этилган ҳарбий-техника воситалари, қурол-аслаҳалар кўргазмаси, ҳарбий дала ошхонаси ва дала тиббиёт пункти фестивалга келган кексаю ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Бу ерга ташриф буюрганлар аскарларнинг дала машғулотлари давомидаги яшаш шароитлари қандай бўлиши ҳақида тушунчага эга бўлишди. Ҳарбий ҳаёт билан танишув асносида ҳарбийлар таомларидан татиб кўришди.

— Ҳарбийликка бўлган ҳавас туфайли бугун "Темурбеклар мактаби"да таълим олаяпман, — дейди ўқувчи Улуғбек Бекназаров. — Келгусида Чирчиқ олий ҳарбий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида танк қўшинлари тактик қўмондонлиги йўналиши бўйича таҳсил олишни мақсад қилганман. Мазкур техникаларни бошқараётган ҳарбий хизматчилар билан суҳбатлашиб, танкчи бўлиш учун ўқиш ва ўрганишда нималарга эътибор қаратишим лозимлигини билиб олдим. Албатта, келгусида она Ватанимнинг содиқ посбони бўламан.

Фестиваль доирасида 10 минг метр масофага марафон ўтказилди. Икки минг нафардан ортиқ иштирокчи қатнашган мусобақада 7-14, 15-17, 18-25, 26-40 ва 40 ёшдан катталар ўртасида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.

— Енгил атлетика билан мунтазам шуғулланаман, — дейди СамДУ талабаси Отабек Тошқувватов. — Ҳар йили Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказиладиган марафонда қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритаман. Марафонда ҳарбий хизматчилар ҳам қатнашишади. Уларнинг жасорат ва шижоатини кўриб, қалбимизда фахр-ифтихорни ҳис этамиз. Биз ҳам улардек бўлишга интиламиз.

Тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Э. Турдимов, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони А. Саидов иштирок этди.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

11.01.2019 64 2 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства