samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

"МАҚОЛАМНИНГ ТАҚДИРИ НИМА БЎЛДИ?"

Чоп этиш

Касб тақозоси билан турли соҳаларда фаолият олиб бораётган мутахассислар, аҳолининг кенг қатлами билан доимо мулоқотда бўламиз.

Бундан ташқари, ҳар бир таҳририятнинг жамоатчи мухбирлари рўйхатини шакллантириш анъанаси йўлга қўйилган. Шундай жамоатчилар борки, айрим журналист мутахассислардан кўра мавзуни кенг, атрофлича ёритади. Бунга асло эътироз билдириб бўлмайди. Лекин айрим "кўчирмачи жамоатчилар" ҳам борлигини инкор қилолмаймиз.

Ахборот-коммуникация технологиялари ва интернет шиддат билан ривожланаётган давримизда маълумот тўплаш хамирдан қил суғуришдек осон иш бўлиб қолди. Бу жуда ажо­йиб ва қулай имконият. Лекин мазкур имкониятдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланаётган, режа бўйича газетада мақоласи эълон қилиниши лозим бўлган мутахассислар уялмай-нетмай ўзга муаллифларнинг материалларини кўчириб, тагига ўз имзосини қўйиб келиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда. Таассуфки, баъзи соҳаларда обрўли мутахассислар ҳам шу йўлни танлаётгани ачинарлидир.

Матбуотда чиқиш қилиш, ўз фикр-мулоҳазаларини эркин билдириш ҳуқуқи ҳаммага тенг яратилган. Бежиз матбуотга давр ва жамият кўзгуси мақоми берилмаган.

Хуллас, яқинда бир ташкилотда ишлайдиган танишим мақоласи борлигини айтиб қолди. Таҳририятга олиб келишини айтдим. Мақолада яхши мавзу кўтарилганини кириш қисмидан ҳис этдим-у, иккинчи хат бошидан ҳафсалам пир бўлди. "Гумон иймондан айиради", деган нақлга амал қилдим. Сабр билан ўқишда давом этдим. Ушбу сатрларни қачонлардир ўқиганим ёдимга тушаверди. Мақоланинг муаллиф қаламига мансублигини текширишнинг яна бир усулини ишга солувдим, вазият ойдинлашди-қолди. Интернет тармоғида қидирув сайтига мақоладан калит сўзларни киритгандим, мақола асл нусхасининг электрон тал­қини компьютер экранида пайдо бўлди. Гапнинг индаллоси, ҳурматли мутахассис танишимнинг материали учта мақоладан "ясалган" экан.

Айрим мутахассислар уялмасдан меъёрий-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларнинг матни тагига ўз имзосини қўйиб, таҳририятга юбораётганига нима дейсиз?!

Хуллас, бу тоифадаги муаллифлар "Мақолам қачон эълон қилинади?", "Мақоламнинг тақдири нима бўлди?", деб важоҳат билан мурожаат этиши ҳаммасидан ўтиб тушмоқда. Ҳеч бўлмаса, бирор мавзу юзасидан ўзининг мустақил фикрини билдирса, таҳририят ижодий жамоаси мақолага услубий-бадиий сайқал беради. Ташқи муаллифларга маслаҳатимиз: ўз фикрингизни бемалол ёзиб юборишингиз мумкин, ҳар бир фикрингиз эътиборда бўлади.

Муаллиф: Умид АЛИМОВ

11.07.2018 94 54 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства