samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

"Интеллект"да баркамол авлод улғаяди

Чоп этиш

Обод ва кўркам масканига айланаётган Қорасув массивидаги "Обод маскан" маҳалла фуқаролар йиғинида илк нодавлат мактабгача таълим муассасаси — "Интеллект" ўз фаолиятини бошлади.

Боғчанинг очилиш маросимида сўзга чиққан шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов, шаҳар мактабгача таълим бўлими мудири Дилрабо Сайдуллаева ва бошқалар бугун тадбиркорларнинг мактабгача таълим соҳасида яратилаётган имтиёз ва имкониятлардан унумли фойдаланиб, барча шароитларга эга НМТМлар фаолиятини йўлга қўяётгани  фарзандлар камоли, халқимиз фаровонлиги учун хизмат қилишини таъкидлашди. Уларда хорижий малака ва тажрибаларнинг кенг қўлланилаётгани, янгидан-янги лойиҳа ва ташаббуслар илгари сурилаётгани ўсиб келаётган авлоднинг интеллектуал салоҳиятли авлод бўлиб улғайишига замин яратаётгани эътироф этилди.

Тадбиркор Мизроб Тошов томонидан ташкил этилган "Интеллект" НМТМ 3-7 ёшдаги 235 нафар тарбияланувчига мўлжалланган бўлиб, масканда 9 та гуруҳ фаолият олиб боради. Муассасага кам таъминланган, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларнинг 100 нафар фарзанд­лари имтиёзли равишда қабул қилиниши кўзда тутилган.

— Тарбияланувчиларга давлат стандартлари асосида ўзбек, рус, инглиз ва япон тилларида таълим-тарбия берилади, — дейди муассаса мудираси Машҳура Низомиддинова. — Болажонлардаги иқтидор, уларнинг бирор касб-ҳунарга бўлган қизиқиши аниқланиб, шу асосда малакали таълим берилади. Бунинг учун турли касб ва ҳунарлар бурчаклари ташкил этилган. Спорт ва соғ­ломлаштириш, мусиқа, театр, бошловчилик каби тўгараклар фаолият олиб боради. Икки ҳафтада бир марта тарихий обидалар ва қадамжолар бўйлаб саёҳат уюштирилади.

НМТМ ҳудуди, гуруҳлар хоналари ва ошхонага 18 та замонавий кузатув камералари ўрнатилган бўлиб, ота-оналар фарзандларини исталган пайтда онлайн кузатиш имкониятига эга бўлишади. Келгусида талаб ва таклифларга мувофиқ НМТМда тунги гуруҳлар очилиши режалаштирилмоқда.

"Ургутий" маҳалласида ҳам 50 ўринли "Волшебный городок мечта" нодавлат мактабгача таълим муассасасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Гулнора Воҳидова раҳбарлик қилаётган ушбу боғчада бугун 20 нафар тарбияланувчи таълим-тарбия олмоқда. Бу ерда ташкил этилган спорт, санъат ва ижодий тўгаракларда болажонларнинг иқтидор ва истеъдодлари шаклланиб боради.

Муаллиф: Абдуҳошим ЗИЁДОВ, "Samarqand" мухбири

24.01.2019 276 4 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства