samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

"ЖУЗЪИЙ" ХАТОЛАР

Чоп этиш

жиддий муаммоларни келтириб чиқармайдими?

ҚАРИЙБ 30 ЙИЛЛИК

"САРГАРДОНЛИК"

"Давлат тили ҳақида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинганидан буён орадан салкам ўттиз йил вақт ўтди. Ушбу қонун ижросини сарҳисоб қилиш вақти етмадими?

Балки қайсидир давра ёки гуруҳда бундай "сарҳисоб"га қўл урилгандир. Аммо натижалар ва хулосаларни кичик сарлавҳадаги қўштирноққа олинган сўзнинг мазмун ва моҳияти билан изоҳлаш лозим. Дар­ҳақиқат, қонун қабул қилингандан сўнг унинг ижроси билан боғлиқ натижалардан кўнглингиз тўляптими?

Бу саволга турлича жавоб олишингиз мумкин. Хусусан, "кўнгли тўлаётганлар" она тилимиз тақдири учун бефарқ кимсалар, "кўнгли тўлмаёт­ганлар"­ни тилимиз жонкуярлари, деб аташ мумкиндир. Очиғи, бугун оммавий ахборот воситалари маънавиятимиз ва маърифатимиз кўзгуси бўлган ушбу қонун ижросининг бош механизми сифатида кўзга ташланмаяпти.

Фикр юритаётган қонуннинг ҳар бир моддасида она тилимизнинг давлат аҳамиятига молик моҳияти ва мазмуни алоҳида уқтирилган. Ортда қолган салкам ўттиз йиллик даврга назар соладиган бўлсак, негадир амалга оширилган ишлар, режалаштирилаётган тадбирлар йўналишидан кўнгил тўлмайди. Чунки аллақачон ҳам оғзаки, ҳам ёзма муносабатда асосий роль ўйнаши керак бўлган давлат тилимиз ҳамон ўзга тиллар соясида қолиб кетяпти.

— Бизга юқори ташкилотлардан келадиган хат ва буйруқларнинг саксон фоизи рус тилида битилган бўлади, — дейди қарийб минг киши хизмат қиладиган давлат корхонасида иш юритувчи бўлиб ишлайдиган ходим. — Бизда ишлайдиганларнинг асосий қисми ёшлардан иборат. Уларнинг кўпчилиги хорижий тил сифатида рус тилидан кўра инглиз тилини кўпроқ ўзлаштирган. Бу ёшларга юқоридан келган ҳужжатни тушунтириш учун, аввал, она тилимизга таржима қилишимиз керак.

Оила ва таълим тизимида чет тили, хусусан, инглиз тилини ўрганишга бўлган ҳаракат ва эҳтиёж кучайиб бораётганлигини қўллаб-қувватлаш керак. Негаки, бу тил бугун "жаҳоннинг калити"га айланганлигини тан олайлик. Аммо, она тилимиз-чи? У қалбимиз калити эмасми? Нега тилимизнинг бой маънавий имкониятларидан фойдаланиб, уни янада такомиллаштириш чораларини кўрмаяпмиз? Бугунги кунда мамлакатимизда давлат тили ўзаро муомала-муносабат, қўполроқ қилиб айтганда, кўча тилига айланяптими? "Кўча тили"да турли лаҳжа ва шевалар қоришиб, шундай "каша" тил яратиляптики, уни қўлламасак, хоразмлик андижонликни, тошкентлик бухороликни тушунмай қолмоқда. Бунга қўшимча қилиб хорижий тиллардан кириб келаётган "жаргон"ларни ҳисобга оладиган бўлсак, тилимизнинг "бойиши" янада тезлашиб бораётганлигининг гувоҳи бўламиз. Мамлакатимизда давлат тилини жорий этиш тартиби эътибордан четда қолмоқда.

НИМА ҚИЛМОҚ КЕРАК?

Бу савол аллақачон она тилимиз жонкуярлари томонидан ўртага ташланиб келинмоқда. Бироқ давлат тили ҳақидаги қонун ижроси билан боғлиқ шов-шувлар, ҳайбаракаллачиликлар бундай ижтимоий муаммо ижросига бўлган ватанпарварлик муносабатларини босиб кетмоқда.

Ҳамиша истаган минбардан туриб, она тилимизга давлат тили мақоми берилганлигини қайта-қайта таъкидлашдан чарчамаймиз. Аслида нима ўзгарди? Бозор, гавжум жойлар, кўчалардаги реклама-билдирув жиҳозларига эътибор берганмисиз? Самар­қанддаги бундай реклама ашёларининг учдан икки қисми давлат тилида эмас. Рус тили реклама жабҳасида яна ўз "бўйи"ни кўрсата бошлади. Бундан ташқари дўкон, умумий овқатланиш шохобчалари, ҳатто хусусий таълим муассасаларида ҳам рус ва инглиз тиллардаги рекламаларга кўзингиз тушади. Табиийки, бу ташкилотларда иш юритиш ҳам давлат тилида олиб борилмайди.

Яқинда танишларимдан бири хусусий корхонага ишга кириш учун мурожаат этганида иш юритувчи ундан аризани рус тилида ёзишни талаб қилибди. Сабаби аён: бошлиқ маҳаллий миллат вакили бўлса-да, таълимнинг барча босқичларини рус тилида ўтган экан. Демак, бу тоифадаги раҳбарлар учун ёзиладиган барча ҳужжатлар рус тилида битилиши керак — шундай эмасми?

Аксарият ташкилотлар (мулкчилик шаклидан қатъи назар)да иш юритиш яна эски усулда — рус тилида олиб бориляпти. Сабаби билан қизиқсангиз, юқоридан келаётган расмий ҳужжатларнинг аксарияти рус тилида эканлигини рўкач қилишади. Ҳатто, ана шу ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тушунмасдан кўчириб, қуйи ташкилотларга жўнатиш билан машғул бўлган маҳкамалар ҳам йўқ эмас. Қуйи ташкилотда рус тилида битилган ҳужжатни қўлига олган ходим бу тилни яхши билмаса... урди худо деяверинг!

Муаллиф: Қувондиқ ХАЛИЛОВ

23.06.2018 238 48 Адабиёт
окна фотограф html php памятники знакомства