samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

"Ватан ягонадир, Ватан биттадир"

Чоп этиш

Самарқанд эронийлари тарихи ҳақидаги илмий тадқиқот нашрдан чиқди

Бағрикенглик тамойили ҳақида гап кетганда, дунё мамлакатлари орасида Ўзбекистон биринчилар қаторида тилга олиниши бежиз эмас. Сабаби, юртимизда кўп асрлар давомида турли миллат ва элат вакиллари ҳамжиҳатликда, тинч-тотув яшаб келмоқда. Бу ҳақда жуда кўплаб манбаларда ўқиганмиз.

Яқинда тадқиқотчи олимлар — Фотима Алиева ва Саъдулло Шариповнинг нашрдан чиққан "Ватан ягонадир, Ватан биттадир" китобида самарқандлик эронийларнинг мамлакатимизда чуқур илдизга эга бўлган тарихи батафсил ёритилган.

Сўз бошида республикамиздаги миллий масалага доир барча ислоҳотлар, амалга оширилаётган ишлар демократик, конституциявий асосда ташкил этилаётганлиги, мус­тақиллик йилларида юртимизда яшаётган миллату элатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик учун қулай шароит юзага келганлиги таъкидланган. Шу билан бирга, Ўзбекистонда бағрикенгликнинг илдизлари узоқ асрларга бориб тақалиши ҳақида сўз юритилиб, қатор тарихий асосланган мисоллар келтирилган.

Китобда эронийларнинг Марказий Осиёга тарқалиши, "Самар­қанд эронийлари" атамасининг этник маъноси ва мазмуни ҳақида батафсил сўз юритилади. Эронийлар Самарқанд вилоятининг қатор шаҳар ва туманларидан ташқари мамлакатимизнинг Бухоро, Жиззах, Кармана шаҳарларида, Тошкент, Хоразм, Қашқадарё вилоятларининг ва Фарғона водийсининг айрим ҳудудларида яшаши таъкидланган. Уларнинг асосий гуруҳи — 200 минг нафардан ортиқроғи Самарқанд вилоятидаги 36 та маҳаллада истиқомат қилади. Мазкур илмий тадқиқод ишида Самарқанд ва унинг атрофида яшовчи эронийларнинг тарихи, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ҳаёти ҳақида сўз юритилади.

Эронийларнинг юртимиз ривожи ва равнақи йўлида қилган хизматлари тилга олиниб, улар азал-азалдан уста боғбон, мироб, соҳибкор, маҳоратли заргар, меъмор, хаттот, шойи тўқувчи, табиб бўлганликлари таъкидланади. Айниқса, шойи­ тўқувчиликда катта маҳоратга эга бўлган эронийлар ҳақида қатор тарихий мисоллар келтирилган. Масалан, улардан бири бўлган Муҳаммад Козим 1898 йилда Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган ипак моллари кўргазмасида ўз хонадонида тўқилган шойи чойшаблар билан иштирок этиб, олтин медалга сазовор бўлган эди.

Шунингдек, китоб­да Ўзбекистондаги меъморий ёдгорликларни барпо этишда эронлик усталарнинг иштироки ҳақида ҳам батафсил сўз юритилган. Тарихий манбаларга кўра, Самар­қандда амалга оширилган қурилиш-бунёдкорлик ишларида Шероз, Табриз, Исфахондан келган меъмору мусаввирлар, ҳунармандлар қатнашган. Улардан айримларининг номи ёдгорликларда муҳрланган.

Эронийлар яшаётган маҳаллалар, уларнинг муқаддас қадамжолари, диний урф-одат ва миллий қадриятлари хусусида ҳам кўплаб қизиқарли маълумотлар келтирилган. Мустақил Ўзбекистоннинг равнақига ҳисса қўшган ва айни пайт­да бу йўналишда фаолият юритаётган эронийлар ҳақида китобда алоҳида боб ажратилган. Унда давлат бошқарув органларида, иқтисодиёт, фан, таълим, маданият, санъат соҳаларида самарали меҳнат қилган инсонлар ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган.

Жумладан, маърифатпарвар Сайид Ризо Ализода, йирик давлат арбоби Исмоил Жўрабеков, профессор Эркин Хўжаев, ёзувчи ва таржимон Ирфон Ҳасан, шоир Раим Фарҳодий, журналистлар Аҳмаджон Мухторов, Ўктам Ниёзов, Ғулом Алиев, қишлоқ хўжалиги соҳасида донг таратган Фотима Қосимова ва бошқалар ҳақида кўп нарсани билаб олиш мумкин. 

Китобнинг хотимасида шундай сўзларни ўқиймиз: "Самарқанд эронийлари учун Ватан ягона, Ватан битта — бу жонажон Ўзбекистон. Чунки уларнинг ота-боболари қадим-қадим замонлардан бошлаб шу тупроқда яшаб келганлар, шу тупроқда мангу ором олмоқдалар. Ҳозирги кунда ҳам мамлакатимизнинг тинч-тотув ҳаёти ва фаровонлиги йўлида шу муқаддас заминнинг барча фарзандлари қаторида халқ хўжалигининг ҳамма соҳаларида ҳормай-толмай меҳнат қилмоқдалар".

 

Муаллиф: Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

17.09.2018 77 72 Адабиёт
окна фотограф html php памятники знакомства